Соғлом рақобат учун муносиб рақиблар керак. Миллийликни пеш қилиб, моҳиятни унутувчилар эмас!

11.10.2019 18:10:42

Айрим касб ва йўналишлар бўладики, унда йўл қўйилган хатони маълум бир вақт ўтгач ўрнини тўлдириш ё бўлмаса тўғрилаш мумкин. Аммо сиёсат соҳасидаги инсон учун ҳар бир хато ва камчилик ўчмас из қолдиради.

Шундай экан, ҳар бир қўйилган саволга албатта ўзининг жавоби ҳам бўлиши ва иккинчи томоннинг куч ва салоҳиятини таҳлил қилган ҳолда тахминий жавоб йўлларини кутиши лозим. Баъзан эса рақиблар сиз ўйлаган даражада бўлмаслиги ҳам мумкин.

Ўтган ҳафтада “Миллий тикланиш” партияси нашрида рақиб партияларни танқид қилиб эълон қилинган мақолага муносабат билдиришимиздан мақсад, такрор айтаман, ўзим партияда фаолият юритганим учун эмас. Аксинча, бугунги очиқ ва ошкоралик руҳида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида партияларнинг бир-бирлари билан кўр-кўрона электорат талашишини эмас, шахси ва фуқаролиги аниқ бўлган юртдошларимиз манфаатларини ўйлаб, ҳар бир инсон манфаати учун курашишини истаганимдан.

Биринчидан, мен мақоламда “Миллий тикланиш” ДПга аъзо талабалар сони сунъий тарзда ўсганлигини асоссиз тарзда келтирмадим, шунчаки танқидий мақола муаллифи Равшан Маҳмудов “Адолат” СДП сафидаги мажбурий ўқитувчиларни аъзо қилган мактаб директорини номини очиқламагани учун ўзининг мисолига яраша ёпиқ ҳолатда қолдирдик. Аминманки, мен келтирган мисол жуда кўплаб олий таълим даргоҳларида учраб туради.

Иккинчидан, мақолани ёзган дўстимиз ўзи яқиндан гувоҳи бўлмаган ҳолатларга кўр-кўрона ёндашган. Агар Р.Маҳмудовнинг “Миллий тикланиш” газетасида эълон қилинган мақоласи билан Ҳаким Назаров яқиндан, ҳеч бўлмаганда, бир бор танишганида эди 2019 йилнинг биринчи ярим йиллик ҳолатига партия аъзолари сони “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳисоботида 250 минг эмас, 301 224 нафар деб берилганлигини кўрган бўлар эди. Бу ўринда савол туғилади: шифокор дўстимиз фақатгина “Адолат” СДП фаолиятини тўлиқ кузатиб боргани учун рақамларда адашдимикан?

Учинчидан, муаллиф яқинда партияларнинг аёллар масаласига оид фаолияти муҳокама қилинган бир йиғинда иштирок этганлигини айтиб, “адолат”чилар шаънига билдирган туҳмат тарзидаги фикр-мулоҳазасини умуман асосламаган. Буни қандай тушуниш мумкин?

Аслида, бугунги кунда “Адолат” СДП сафида фаолият олиб бораётган аёлларнинг фаоллиги шундай юқори даражага кўтарилдики, “Адолат” СДП сафида бўлган фаол аёллардан бири бугунги кунга келиб “Миллий тикланиш” ДПнинг фаол аёлларига бошчилик қилмоқда.

Тўртинчидан, яқинда “Миллий тикланиш” ДП фаоллари чет элдаги маҳбусни озодликка чиқариш масаласида ташаббус кўрсатгани ҳақида сўз юритилган. Ўтган сафарги мақолада эса рақамлардан иборат талабалар сони “байроқ” қилинганди. 20 йиллик тарихга эга партия фаолиятида мисол қилиб келтириш учун халқ манфаатини ўзида намоён этган амалий ишлардан мисоллар топишга ҳафсала қилишмагандир балки. Шифокор дўстимиз агар чиндан партиялар фаолиятидаги амалий ишларга қизиқса, ўзи аъзо бўлган ва бўлмаган қолган партиялар фаолиятида ҳам ҳаётий мисолларнинг гувоҳи бўлар эди.

Бешинчидан, сиёсий жараёнларни бевосита таҳлил қилиб борадиган мутахассисларга аён бўлган бир тушунча бор. Айрим фуқароларимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммоларни ҳал этиш ва ислоҳотлар учун, аввало, жамиятда шунга шароит етилиши зарур. Акс ҳолда бошланган иш ижобий эмас, аксинча, салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бундай ҳолатларга мисоллар келтириш мумкин. Ана шундай мисоллардан бирини айтиб ўтсак.  Ҳ.Назаров 2004 йилда “Адолат” СДП томонидан илгари сурилган давлат хизматчилари фаолиятини белгиловчи қонун қабул қилинишига доир ташаббусимиз ҳақида танқидий фикр билдирган. Бугунги кунга келиб, давлат хизматчилари фаолиятини белгиловчи қонун қабул қилинишига жамиятимизда зарур ижтимоий муҳит шаклланганлиги боис ушбу ташаббус амалга ошмоқда, яъни “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Яна бир мисол. Жумладан, “Адолат” СДП 2009 йилги Сайловолди дастурида давлат бошқарувида ошкоралик, очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилини жорий қилиш ташаббуси ҳам илгари сурилган. Бугунги кунда бу тизим тўлақонли жорий қилинди. Вазирлик ва идоралар, туман-шаҳар даражасидаги ҳокимликларнинг парламент ва халқ вакиллари олдида ҳисобот бериш амалиёти татбиқ этилди.

“Адолат” СДП 15 йил ўтса-да, ўз олдига қўйган мақсадига эришмоқда. Мақола муаллифи ҳисобланмиш шифокорни партия ҳақидаги маълумотлар билан “қуроллантирган” рақибларимиз “Миллий тикланиш” ДП ташкил топганидан буён тилимизнинг бузилиши, неча минг йиллик бўлган шевалардаги сўзларнинг йўқ бўлиб кетаётгани, республикамиз бўйлаб эълон қилинаётган рекламаларда рус ва инглиз тиллари ўз ўрнида тўғри ёзилиб, айнан ўзбек тили имловий хатолар билан ёзилаётганлик ҳолатлари, партия ташаббус кўрсатиб қабул қилган энергетик ичимликлар рекламасини чеклашга доир қонун қабул қилингани билан, аксинча, бундай рекламалар сони ортиб бораётгани, айниқса, мактаб ёшидаги фарзандларимиз бундай ичимликларни исътемол қилиши натижасида соғликларини йўқотаётганлиги, бундай ҳолатларни ўз вақтида бартараф этиш учун “Адолат” СДП мактаблардаги тиббиёт ва стоматология хоналарини қайтадан ташкил этиш ташаббусини илгари сураётгани ва амалий жиҳатдан бунга эришганлиги борасидаги маълумотлар билан таништирмабди-да.

Шунингдек, айнан “Миллий тикланиш” ДП сиёсий майдонга чиқиб келганидан буён ўтган давр мобайнида юртимиздаги моддий ва маънавий меросимиз ачинарли ҳолатга келиб қолганлиги, энг ёмони, энди қанчалар эътибор қаратилгани билан баъзи йўқотишлар ўрнини қоплаб бўлмаслиги ҳақида нега лом-лим дейилмаган?

Шу ўринда айтиб ўтишим жоизки, “Адолат” СДП нафақат ўз сайловчиларига берган ваъдаларни бажаришни, балким халқимиз ишончини оқлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Масъулларнинг эътиборсизлиги туфайли Бухоро вилоятининг Вобкент туманидаги “Чашмаи Айюб” мақбараси пештоқининг бир қисми 2011 йил таъмирлаш баҳонаси билан Тошкент шаҳрига келтирилади ва ноқонуний йўл билан Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқиб кетилади. Партиямиз томонидан тузилган ишчи гуруҳининг Вобкент тумани аҳолиси билан олиб борган юзма-юз мулоқотларида улар мазкур мақбара пештоқини жойига қайтариш юзасидан мурожаат қилган эди. Мазкур мурожаат Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Қодир Жўраев томонидан ўрганилиб, мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови чиқарилди. Натижада 8 йиллик “жаҳонгашта” кошин Буюк Британиянинг “Mayfair” галереясида сотувга қўйилгани аниқланиб, кошин юртимизга қайтарилди. Ўз дастурий вазифаларидан бироз ташқари бўлган, бироқ фуқароларни ўйлантираётган ишлар “Миллий тикланиш” ДП вакиллари томонидан ҳам амалга оширилганини айтиб ўтиш мумкин. Аммо биз бу мисолни келтиришимиздан мақсад, “Миллий тикланиш” ДП ўзгаларнинг сайловчиларга берган ваъдаларини таҳлил қилишдан кўра ўз олдига мақсад қилиб қўйган вазифалар ижроси ва халқимизни йиллар давомида ўйлантириб келаётган муаммолар ечими юзасидан бош қотирса, ўйлаймизки, адолатдан бўларди. Бу эса “Адолат” СДП жорий йилда сайловларни муносиб рақиблар билан ўтказишига хизмат қилади.  

Яна муаллиф таъкидлайдики, “Сайловчини ўз томонига оғдириш учун турли услублардан, замонавий “пиар-технология”лардан кенг фойдаланилади.” Аммо эскича услублардан эмас, чунки ҳар бир жамиятнинг ўз талаби бор. Бугунги очиқлик-ошкоралик ҳукм сураётган бир даврда тарихдан хулоса чиқариб келажак билан яшаш муҳимроқдир. Шу боисдан биз ҳам партия лидерининг ОАВдаги бир чиқишига тўхталиб ўтсак. Жорий йил 26 сентябрь куни togri.uz ҳамда 5 октябрь куни kun.uz сайтлари мухбирлари билан партия раҳбари Алишер Қодиров ўртасидаги суҳбатлар эълон қилинди. Мазкур суҳбатларда партия лидери “Миллий тикланиш” ДП бу йилги сайловларда мактабгача таълим тизими қамровини кенгайтириш масаласини ҳам илгари сураётганлиги, бу масала ўтган чақириқда ҳам партия томонидан илгари сурилганлигини таъкидлаган. Аммо барчамизга маълумки, “Миллий тикланиш” ДП томонидан 2014 йилда эълон қилинган Сайловолди дастурида мактабгача таълим тизими ҳақида бирор ғоя, вазифа ўз ифодасини топмаган. Аксинча, “Адолат” СДП 2006 йилдан буён ўз сайловолди дастурларида мактабгача таълим тизими қамровини кенгайтириш, алоҳида вазирлик ташкил этиш ташаббусини кўтариб келганини эслатиб ўтмоқчимиз. Ажабо, “Миллий тикланиш”чилар халқ эътиборини ёлғонлар билан қозонмоқчими ёки бошқа сиёсий кучнинг ташаббусларини ўзлаштириш орқали сайловларга кириб бормоқчими?

“Адолат” СДП томонидан эса ўтган вақт мобайнида МТМлар фаолиятини ўрганиш учун ҳар бир туман ва шаҳар кенгашлари томонидан ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Ишчи гуруҳлар томонидан МТМда тоза ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси, тиббий хизмат кўрсатиш,  уларнинг сифатли овқатланиш тизимини йўлга қўйиш ҳамда болажонларнинг жисмоний-ақлий ривожланиши учун республикамиздаги 300 дан ортиқ МТМда шахмат-шашка майдончалари, Конституцияга бағишланган кўргазмали хоналар ташкил этилди.

Тиббиёт соҳасидаги ўзгаришларга соҳа ходими, яъни муаллиф Ҳ.Назаров бугунги кунда соҳадаги ислоҳотларнинг бевосита иштирокчиси ва гувоҳи бўлиб, бундай фикр билдириши адолатдан эмас. Чунки сўнгги уч йилда юртимизда тиббиёт соҳасида ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш борасида кўплаб тарихий ишлар амалга оширилди. Улардан айримларини мисол келтирсак, Жумладан, республика аҳолисига ихтисослаштирилган юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида замонавий диагностика ва даволаш ускуналари ҳамда малакали кадрлар билан таъминланган 10 та Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, барча вилоятлардаги кўп тармоқли вилоят тиббиёт  ва кўп тармокли болалар тиббиёт марказларининг моддий техник таъминоти тўлақонли янгидан йўлга қўйилди. Ушбу марказларда бугунги кунда ўртача йилига 80 мингдан зиёд бемор даволанмоқда. Уларнинг 20-30 фоизини қонуний тартибда имтиёзга эга юртдошларимиз, шу жумладан, ногиронлиги бўлган фуқаролар ташкил этади.

Шунингдек, фуқароларнинг репродуктив саломатлиги, инсон органлари трансплантациясига доир қонунлар лойиҳалари ишлаб  чиқилди.

Муаллиф соғлиқни сақлаш соҳаси вакили бўла туриб, бу ислоҳотларни билмасдан, “Адолат” СДП фаолияти ёки Наримон Умаровнинг “Ишонч” газетасидаги чиқишини юзаки таҳлил қилганлиги жуда-жуда ажабланарли.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Матбуот хизмати масъул ходими

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+