Сўхлик депутат аҳоли муаммоларини Бош вазирга етказди

02.06.2020 15:06:23

Фарғона вилоятининг Сўх тумани ва Қирғизистон Республикасининг чегарадош ҳудуди аҳолиси ўртасида юзага келган муаммо барчамизни ташвишга солди. “Чашма” ариқларини биргаликда тозалаш пайтидаги келишмовчилик давлатлар миқёсида ҳал этилмоқда.

Мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Фарғона вилояти Сўх туманига ташрифи чоғида аҳоли билан яқиндан мулоқот қилди. Тумандаги 11-сонли умумий ўрта таълим мактаби биноси олдида ташкил этилган учрашувда фуқароларни қийнаб келаётган бир қатор муаммолар ӯртага ташланди. “Адолат” СДПнинг Халқ депутатлари Сўх тумани Кенгаши депутати Субҳонали Нишонов ҳам Бош вазир билан мулоқотда бўлиб, муаммолар юзасидан халқ фикрини баён этди.

Биринчидан, Сўх халқи учун чегаралар аниқ белгиланиши ва вилоят марказига олиб борувчи йўл масаласи ҳал қилиниши лозим.

Иккинчидан,.Сўх тумани чегара ҳудуд бўлганлиги учун аҳолига ун маҳсулотларини арзон нархларда етказиш зарур.

Учинчидан, анклав ҳудудлар аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида икки ёшгача бӯлган болалари бор оилаларнинг барчасига нафақа  бериш масаласини қўриб чиқиш лозим.

Ушбу талабларга жавобан Бош вазир биринчи масалани тегишли тартиб тамоиллар ҳамда ҳалқаро-ҳуқуқий  нормалар асосида ҳукуматлар доирасида тез орада ҳал этилишини билдирди.

Иккинчи, ва учинчи масалалар бўйича тез кунларда Сўхга Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров келиб ўрганиши ва бу масалани ечиш бўйича Президентга таклиф киритилишини маълум қилди.

 

 

Камола ПОЛВОНОВА,

 “Адолат” СДП Фарғона вилоят

Кенгаш матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+