Спортчи ёшлар сафини кенгайтирайлик

21.02.2020 13:02:14

Ўзбекистон “Адолат” СДП Вобкент туман Кенгаши ташаббуси билан тумандаги 2-умумтаълим мактабида “Ватан келажаги ёшлар қўлида” шиори остида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда партия вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов, партия фаоллари, ёшлар, депутатлар иштирок этишди. Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган партия Вобкент туман Кенгаши раиси Маҳбуба Рўзиева барчани партиянинг 25 йиллиги билан табриклар экан, бугунги кунга қадар партия томонидан эришилган ютуқлар, депутатлик корпуслари, лойиҳалар ва амалий ишлар тўғрисида тўхталиб ўтди.

-Партиямиз 25 йил давомида халқ билан бирга яшади. Аҳоли муаммоларини ўрганди, - деб таъкидлади Маҳбуба Рўзиева - Бугунги кунда фуқаролар манфаатлари йўлида ишлаш, уларнинг мурожаатларига ижобий жиҳатдан қараш асосий вазифаларимиздан бири, - дея эътироф этди.

Албатта, тадбир давомида партиянинг илк раҳбарлари, рамзи, ташкил этилган акциялар, қилинган тарғибот-ташвиқот ишлари хусусида ҳам таъкидлаб ўтилди. Айниқса, ёшлар масаласи борасида партия томонидан амалга оширилаётган турли мазмундаги тадбирлар борасида сўз борар экан, аввало, мамлакатимизда яратилган шароитлар, имкониятлар хусусида ҳам айтиб ўтилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномасида ҳам айнан ёшлар борасида аниқ таклифларнинг киритилганлиги партия Вобкент туман Кенгаши раиси томонидан таъкидланди. Хусусан, кадрлар тайёрлаш, ёшларга сифатли таълим бериш, уларнинг спорт билан шуғулланиб боришлари учун шароитлар кўламини кенгайтириш, ҳудудларда аҳоли, айниқса, ёшларимиз учун янги оммавий спорт объектларини қуриш, ёшлар орасида иқтидорли спортчиларни селекция қилишнинг “ташкилот – туман (шаҳар) – ҳудуд – республика” босқичларидан иборат тўрт босқичли тизимнинг жорий этилиши билан боғлиқ таклифнинг берилганлиги иқтидорли спортчи ёшлар сафини кенгайтиришда ҳамда спортга бўлган қизиқишларини янада оширишга имкон бериши эътироф этиб ўтилди.   

Тадбир давомида адолатни, ватанни мадҳ этувчи шеърлар, куй ва қўшиқлар янгради. Айниқса, фаол ёшларнинг ҳарбий саҳнавий чиқишлари эса барчага бирдек ғурур ва ифтихор туйғусини ҳис этишида хизмат қилди.

Партиянинг мақсад ва вазифалари акс эттирилган тақдимот барчанинг сиёсий қарашларини, партия тўғрисидаги билимларини бойитди.

Тадбир сўнгида партия вилоят Кенгаши раиси фаол партиядошларни ташаккурнома ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирлади.

Меҳринисо МУҲАММАДИЕВА,

2-сон умумтаълим мактаби ўқитувчиси,

партия фаоли    

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+