Суд чинакам адолат қўрғонига айланиши керак

27.01.2020 15:01:42

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган мурожаатномасини диққат билан тингладим. Эътироф этиш керак, бу галги мурожаатнома ҳам ҳар бир хат бошиси инсонпарварлик тамойилига йўғрилгани билан аҳамиятли бўлди. Айниқса, Юртбошимизнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, одил судловга эришиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолиятини такомиллаштириш, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, коррупцияга қарши курашишга қаратилган фикрлари судья сифатида мени жуда тўлқинлантириб юборди.

Аввало шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бундан уч йил муқаддам Юртбошимиз ташаббуси билан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширила бошланган кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Янги мурожаатномада ҳам Давлатимиз раҳбари айни йўналишдаги асосий устувор вазифаларни белгилаб берди. Жумладан, фуқаролик, жиноят ва маъмурий суд қонунчилигини янада такомиллаштириш ва либераллаштириш бўйича ишларни давом эттириш лозимлигини, бунинг учун эса Фуқаролик, Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижро, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларни янгидан қабул қилиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлаб, бугунги давр талабларига мутлақо жавоб бермай қолганини танқид остига олди.

Шу ўринда Президентимизнинг “Энди суд орқали инсонларнинг ҳуқуқи тикланганини эътироф этиш билан чекланиб қолмасдан, нима сабабдан судгача бўлган тергов жараёнида, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган, деган саволни ҳам кўндаланг қўядиган, тазйиқлар учун жавоб берадиган вақт келди” деган фикрларига эътибор қаратсак. Тан олишимиз керак, яқин-яқингача ҳам тергов жараёнида айбланувчига ёки гумонланувчига, унинг яқинларига нисбатан тазйиқ ва руҳий босим ўтказиш, уларни ноқулай аҳволга солиб қўйиш орқали процессуал нормаларни қўпол равишда бузиш ҳолатлари юз берган. Пировардида, ўша шахс ўзи содир қилмаган жиноятни бўйнига олишга мажбур бўлган. Ёхуд айрим жиноят ишлари бўйича дастлабки суриштирув ва терговнинг нотўғри олиб борилиши туфайли шахсга ортиқча айбловлар қўйилган. Бундай ноҳақликнинг жабрини ҳали-ҳануз чекиб келаётган юртдошларимиз йўқ эмас орамизда. Негаки айни қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш учун аввало вақт керак. Қолаверса, ҳуқуқий билими етарли бўлмагани сабабли ҳамма ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилавермайди.

Юртбошимизнинг “Давлат идоралари мансабдорлари шуни чуқур англаб олсинлар: судлар мустақиллигини таъминлаш масаласи бундан буён ҳам шахсан Президентнинг қаттиқ назоратида бўлади. Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак” деган сўзлари эса нафақат судлар, балки барча давлат органлари ходимлари ва мутасаддилар зиммасига жиддий масъулият юклади. Масалан, биз судьялар фақат жазо тайинлаб, жабрланувчиларни қониқтирибгина қолмай, айбланувчи ва судланувчилар ҳамда уларнинг яқинлари билан мулоқот жараёнида юз берган жиноятнинг ҳуқуқий оқибатларини, жазонинг мақсади шахсни тарбиялаш эканлигини, келгусида шундай ҳолат такрорланмаслиги учун нималарга эътибор қаратиш зарурлигини батафсил тушунтириб, тегишли йўл-йўриқ ва ҳуқуқий маслаҳатларни беришимиз шарт. Натижада айбдор ўз хатосининг моҳиятини, унинг оила аъзолари ҳамда қариндош-уруғлари бўлса тайинланган жазонинг нечоғлик қонуний эканлигини англаб етади. Ҳатто қилмишидан пушаймон бўлиб, тайинланган жазодан рози бўлиши ҳам мумкин.

Маълумки, коррупция жамият тараққиётининг кушандасидир. Бинобарин, Президентимиз айни масалага алоҳида тўхталди. Айниқса, Давлатимиз раҳбари бу борадаги вазифалар ижросини тизимли ташкил этиш мақсадида парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этишни таклиф қилди. Албатта, бу бежиз эмас. Чунки сўнгги 3 йил мобайнида  мамлакатимизда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилаётганига қарамай, ҳали-ҳануз орамизда нафс домига тушиб қолаётган шахслар, мансабдор шахсларнинг, ҳатто ўзи қонун ҳимояси бўлган ходимларнинг ҳам учраётгани аччиқ ҳақиқатдир. Энг ачинарлиси, бу иллат ҳамюртларимизнинг давлатга, унинг органлари ва идораларига, амалдаги қонунларимизга бўлган ишончига путур етказади.

Мурожаатномада “ҳалоллик вакцинаси” деган янги атама қўлланди. Ҳатто Юртбошимиз бутун жамоатчилик “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланишини, бунда эса нуронийлар, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган инсонлар фаоллик кўрсатишини қайд этди.

Бундан ташқари, судьялар ва суд тизими ходимлари ҳам коррупцияга қарши курашиш жараёнида бошқаларга ўрнак бўлиши шарт. Айниқса, жиноят ишлари бўйича судлар судьялари коррупцияга оид ишларни кўриш билангина чекланиб қолмай, жойларда ўтказилаётан сайёр суд мажлисларида ҳамюртларимизга бу иллатнинг аянчли оқибатларини, хусусан пора бериш ва бундай жараёнда воситачилик қилиш ҳам жиноят эканлигини кенгроқ тушунтиришлари керак.

Кези келганда коррупцияни олдини олишда муҳим аҳамиятга эга бўлган шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғоясига эътиборингизни қаратмоқчиман. Сир эмаски, шахсий манфаат аксарият қонунбузилиш ҳолатлари ва жиноятларнинг, айниқса, коррупциянинг бош омили саналади. Аниқроқ айтганда, ҳамма ҳам жамият манфаатини шахсий манфаатидан устун қўя олмайди. Оқибатда коррупциянинг жабрини барча бирдек тортади. Ҳуқуқий маданияти шаклланган, қонунни ҳурмат қилган инсон эса ҳеч шубҳасиз шахсий манфаатидан жамият манфаатини афзал билади.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг бу галги Мурожаатномасида белгиланган вазифаларнинг тўлақонли амалга оширилишида ҳар соҳа вакили ўз фидоийлигини намоён этиши зарур. Бу эса жамият тараққиётига, жонажон Ўзбекистонимиз равнақига хизмат қилади.

                                                 Фарруҳ АБДУРАИМОВ,

                                             Жиноят ишлари бўйича Фарғона

туман судининг раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+