Судьялар мактабда дарс берди

22.02.2021 23:02:07

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Иштихон туман Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган ғоялар доирасида умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг онгига коррупциянинг жамият ривожланишига салбий таъсирини содда ва тушунарли қилиб етказиш ҳамда уларнинг  ҳуқуқий билимини ўстириш, уларда коррупцияга қарши нафрат уйғотиш мақсадида иншолар танлови ўтказилди.

Барчамизга яхши маълумки, коррупция иллати мансабдор шахсларнинг  жиноятчилар билан тил бириктириши натижасида жамиятнинг сиёсий ва иқтисодий инқирозга юз тутишига сабаб бўлиши мумкин. Бундай хавфли иллатни мамлакат ва жамият хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит туғдириши, унинг хавфлилик даражаси  тўғрисида келажагимиз бўлган ёшларда тушунчалар ҳосил қилиш муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам  унга қарши курашиш барчамизнинг вазифамизга, қалб амрига айланиши зарур.

Иштихон туманида “Биз коррупцияга қаршимиз” номли иншолар танловида тумандаги 92 та умумтаълим мактабларидан 400 га яқин иншолар қабул қилинди. Ўтказилаётган танлов натижалари бўйича ҳар бир мактаб босқичи ғолиблари аниқланиб тақдирланмоқда. Танлов якунида юқори ўринларга  муносиб кўрилган  ғолиблар ва уларнинг ўқитувчилари расмлари билан Республикада чоп этиладиган иншолар тўплами китобига киритилиши режалаштирилган.

Танловнинг бу босқичида 6-8 синфлар ўртасида 89-умумтаълим мактаби ўқувчиси Беҳруз Баҳриддинов 1-ўринни қўлга киритиб, танловнинг туман босқичига йўлланма олди. 9-11 синфлар ўртасида 2-ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Т.Синдарованинг иншоси энг яхши деб топилиб туман босқичида иштирок этиш насиб қилди. Бундан ташқари  танловда 2,3 ўринлар ҳамда турли номинациялар бўйича ҳам ўқувчилар аниқланиб партиянинг эсдалик совғалари, ташаккурномаси ҳамда китоблар жамланмаси билан тақдирланди.

Маржона Қосимова, танлов иштирокчиси:

– Коррупцияга қарши курашишда энг аввало аҳолини ҳуқуқий онги ва маданиятини янада юксалтириш муҳим вазифа эканлиги жуда кўп маротаба эътироф этилган. Бугунги танлов ҳам биз ёшлар қалбида Ватанга садоқат, касбига фидойилик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз. Иншони ёзар эканман, келажаги буюк мамлакатимизда коррупцияга ўрин йўқлигини, унга қарши курашиш учун муносиб ҳисса қўшишни дилимга тугдим. Танловда биринчиликни эгаллаш насиб этмаган бўлсада, муҳими, биз ёшларда ушбу иллатга тоқатсиз муносабат уйғонишига туртки бўлди.

Шу куни ўқувчи ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонун ҳужжатларидаги янгиликлар, уларнинг мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш мақсадида тумандаги 1- ихтисослаштирилган мактабда туман иқтисодий суди раиси Н.Умаров, туман адлия бўлими катта маслаҳатчиси Ш.Шайманов, туман ички ишлар бўлими, туман Ёшлар ишлари агентлиги ходимлари, туман кенгаши депутатлари иштирокида ҳуқуқий саводхонлик дарслари ўтилди. Мактабда “Коррупцияга биргаликда курашамиз” мавзусида расмлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Муталлиб Раҳимов,

Халқ депутатлари Иштихон туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+