Сув тошқинидан жабрланган аҳоли орасида партия аъзолари ҳам бор

07.05.2020 11:05:27

Сардоба сув омбори воқеаси сабаб  маънавий ва моддий ёрдамга эҳтиёжманд инсонлар сони бисёр. Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари, далдаси билан вазият бирмунча яхшиланаётган шу кунларда Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги  12 мингга яқин аҳолининг баъзилари ўз уй-жойларига қайтган бўлса, қолганлари эртанги кунга умид билан вақтинчалик бошпаналарда истиқомат қилиб турибди. Тўғри, бугун ҳар қандай саҳоват карвонлари-ю, хайрия тадбирлари Сирдарё томон йўналтирилмоқда. Лекин шароит ҳар қанча яхши бўлмасин, аҳоли барибир ўз уйини соғинмоқда.

Демак, бундай вақтда халқнинг ишонган вакили сифатида сиёсий партиялар ва депутатлар ўзимизни четга олмай, уй-жойсиз қолган вилоятдошларимизга ёрдам қўлини чўзишимиз зарур бўлади. Бугун талофатдан жабр кўрган ҳудудларда кенг кўламдаги тозалаш,  ободонлаштириш ва қайта қуриш ишлари бошлаб юборилди. Бу ҳам бўлса халқ бирлашса, ҳар қандай муаммо даф қилинишидан ифода. Хайрли амал йўлида сафлашган инсонлар икки гуруҳда ўз ғамхўрлигини намоён қилмоқда. Яъни, янги Сардобани қуриш ва эвакуация қилинган аҳолига етарлича турмуш шароитини яратиб бериш. Демак бизнинг ёрдамимизга муҳтож инсонларнинг умид-ишончи ҳайрия тадбирларимизга ташаббус берди, десам муболаға бўлмайди.

Сув тошқинидан кўпроқ зарар кўрган Сардобадаги партия туман Кенгаши раиси сифатида мен ҳам махалладошларим қатори офатдан зарар кўрган тўққизта оилани ўз хонадонимга жойлаштирдим. Бугун улар билан бир оиладек ҳамжиҳат бўлиб кетдик. Тўғриси талофат кунлари улар жуда тушкун ва стресс холатида эдилар. Хотин-қизлар, ёш болалар эрта тонгда юз берган воқеани тўла англаб ҳам улгурмаган, руҳиятидаги жараёнлар уларни ташвишга солаётган эди. Албатта, бу ҳеч кимнинг бошига тушмасин экан. Лекин биз маҳалладошлар бирлашиб қандай қилсак уларга таскин, далда бўлиш ҳақида изланар эдик. Шунда қўшним телевизорда Президентимизнинг Сардобага ташрифини намойиш этишаётганини айтиб қолди. Бизнинг уйда меҳмон бўлиб турган жабрланган тумандошларимизга ҳар бир соатдаги янгиликларни кўрсатиб таҳлиллаб бордим.

Буни қарангки, Президентимизнинг интервьюлари, халқнинг бирлашгани, барча кучлар сардобаликларни қўллаб-қувватлашга қаратилганини кўрган меҳмонларимизнинг руҳиятида ишонч, умид ва энг муҳими таскин пайдо бўлди. Мен бу ҳолатнинг  бевосита гувоҳи бўлганим учун таъкидлаяпманки, бошга қайғу ва офат тушган вақтда халқнинг бирлашиши руҳий мадад бериш қудратига эга экан. Шундан келиб чиқиб, Халқ депутатлари Сардоба туман Кенгашидаги 3 нафар  депутатимиз билан талофат оқибатлари бартараф этилаётган айни кунларда ҳақиқий ҳолатни ўрганиб чиқдик. Чунки жабрланган аҳоли орасида бизнинг партияга ишонган, номзодлармизни қўллаб-қувватлаган аъзоларимиз ҳам бор. Ўрганишларимиз натижасида қуйидаги маълумотларга эга бўлдик.

Сардобадаги 15 та маҳалладан 3 таси “Қўрғонтепа”, “Юртдош”, “Дўстлик” маҳаллалари зарар кўрган. Шундан “Қўрғонтепа” маҳалласининг 530 та (975 та оила, 4150 нафар аҳоли) хонадонидан 509 таси (1063 та оила, 3777 нафар аҳоли), “Юртдош” маҳалласининг 715 та (723 та оила, 3992 нафар аҳоли) хонадонидан 686 таси (694 та оила, 3273 нафар аҳоли), “Дўстлик” маҳалласининг 620 та (867 та оила, 4729 нафар аҳоли) хонадонидан 595 таси (832 та оила, 3736 нафар аҳоли) зарар кўрган.

“Қўрғонтепа” маҳалласидаги бошланғич партия ташкилоти жойлашган жойи Ғ.Ғулом ҚВП бошланғич партия ташкилотига бириктирилган аъзолар сони 22 нафар.

“Дўстлик” маҳалласида бошланғич партия ташкилоти жойлашган жойи Сардоба Агросаноат касб-ҳунар коллежи бошланғич партия ташкилотига бириктирилган аъзолар сони 18 нафар. Т.Малик ҚВП бошланғич партия ташкилотига бириктирилган аъзолар сони эса 15 нафар.

“Юртдош” маҳалласида бошланғич партия ташкилоти жойлашган жойи “Сардобада Абдусалим чорваси” фермер хўжалиги бўлиб,  бириктирилган аъзолар сони 6 нафарни ташкил қилади.

Демак биз мазкур маҳаллалардаги БПТларимизни қайтадан тиклаш ва аъзоларимизни ҳолидан хабар олишимиз, партия аъзолик гувоҳномаларини янгитдан расмийлаштиришимиз зарур бўлади. Чунки мазкур БПТларимиз ҳам тошқин натижасида  зарар кўрган. Бундан аввал эса биз партия фаоллари ва депутатларимиз билан айнан зарар кўрган партиядошларимизни вақтинчалик кўчирилган жойларига бориб, улар ҳолидан хабар олдик. Баъзилари Боёвут, Ховос, Сайхунобод туманларида, қолганлари Янгиер шаҳридаги ётоқхоналарда экан. Улар билан суҳбатлашганимизда “Сардоба сари саҳоват карвони” лойиҳаси ҳақида ҳам маълумот бердик.

Куни кеча Янгиер шаҳрига келган партия Сиёсий Кенгашининг мазкур карвонининг илк сафари ҳақида улар ҳам миннатдорчилик билан сўз юритишди.

– Жуда ҳам ҳурсанд бўлдик, партия раислари, депутатларининг келиб шароитларимиз билан танишиб, коллеж ётоқхонасига кириб ўз совғаларини топширишганида шу партиянинг аъзоси эканлигимидан ҳурсанд бўлдим, -дейди биз билан суҳбатда “Юртдош” маҳалласида истиқомат қилувчи ва айни вақтда вақтинча Янгиер педагогика коллежи ётоқхонасида бўлиб турган Шаҳноза Болибекова.

Демак, биз ташкил қилган ишчи гуруҳимиз билан ана шундай руҳиятни аъзоларимизда янада оширишимиз зарур бўлади. Партия лойиҳалари бизга бу каби ишларда ас қотади. Шунингдек, туман Кенгашидаги депутатларимиз ҳам ҳар куни уларнинг ҳолидан хабар олиб, шахсий ҳужжатларни расмйлаштириш ёки бошқа масалаларда ёрдам беришига келишиб олдик. Шундай экан, эзгу ишлар умримиз дафтарига хайрли амаллар билан битиладиган муборак кунларда халқимиз бошига тушган навбатдаги синовда бирлашайлик, эҳсону-савоб йўлида имкониятларимизни  сафарбар  қилайлик. Зеро, саховат сўзининг асл маъносида саҳийлик, хайр ва аҳиллик маънолари мужассам.

Бегзод  БЕКМУРОДОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сардоба туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+