Сувга ташна сув минораси ёки депутатни қийнаётган 5 йиллик муаммо

01.11.2019 09:11:32

Избоскан туманидаги Узун кўча ва Қумкўча маҳаллаларида яшовчиларни кўп йиллардан буён қийнаётган бир муаммо борки, ечимини излай-излай фуқаролар чарчади. Аниқроқ қилиб айтганда, ўн йилдирки  ҳудудда тоза ичимлик суви йўқ. Бу борада масъул ташкилотларга қилинган мурожаатлар ҳам натижа бермади. Охир-оқибат ҳар бир хонадонда қўлбола сув тортиш мосламаси  (качалька) ўрнатилиб, шу билан кун кўришга мажбур бўлдилар.

Туман кенгаши депутати Оматхон Ўринова шифокор бўлгани сабаб бу масаланинг қанчалик долзарблигини яхши билади. Депутатлик фаолиятини айни шундан бошлаганди. Орадан ўтган беш йил бу муаммони ҳал этиш учун камлик қилмоқда, очиқлигича турибди. Сайловчиларнинг талабидан келиб чиқиб, тегишли ташкилотларга чиқишдан тўхтагани йўқ.

Навбатдаги депутат сўрови шу йилнинг 24 апрель куни “Сувоқава” давлат унитар корхонаси Избоскан туман филиалига чиқарилган. Филиал  раҳбари Улуғбек Маматожиев имзоси билан берилган жавоб хати эътиборсизлик билан ёзилган. Яъни, Қумкўча МФЙда 2019 йилда 1 дона янги сув қудуғи ҳамда 4.0 км. ичимлик сув тармоғи қурилиши йўл харитасига киритилганлиги маълум қилинган. Афсус, шунга қарамай тайинли иш қилинмади. “Зиё шоҳона” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан таъмирлаш ишлари амалга оширилаётгани билдирилди. Бироқ қурувчиларнинг ўзи йўқ. 

Маҳалла фаоллари билан кўчаларни айланамиз. Қандай мақсадда келганимизни эшитган кекса отахонлар Хизрни кўргандек, бизни илиқ қарши олдилар. Агар шу масалада ёрдам қилсак, хўп савобга қолишимизни такрорлашди.

-Иложсизликдан қўлбола сув тортиш мосламаси  (качалька)дан чиққан сувни истеъмол қиламиз,-дейди кекса отахон Арслонбек Зулунов,-Талабга жавоб бермаслигини яхши биламиз. Бироқ бошқа чорамиз йўқ. Болаларимизнинг соғлигидан ташвишдамиз. Маҳалла ҳудудида сув минораси бор, тармоқ ҳам тортилган. Агар таъмирланса, хонадонларимизга оби ҳаёт кириб боради.

Айтилган сув минораси томон юрдик. Атрофи очиқ, қаровсиз ҳолда. Фуқароларнинг айтишича, ўн йилдан ошдики ишламайди. Устига устак атрофига ноқонуний  равишда кимдир яшаш учун уй ҳам қурмоқда. Бу на маҳалла фаолларини, на масъул раҳбарларни қизиқтиради. Савол билан “Сувоқава” давлат унитар корхонаси Избоскан туман филиали муҳандиси Қаноатхон Миркомиловага юзландик.

-Тўғри, агар шу минора ишга туширилса, “Қумкўча” маҳалласи тўла тоза ичимлик сув билан таъминланади. Бироқ бунинг учун  катта миқдорда маблағ керак. Биз юқори ташкилотларга бир неча бор таклиф билан чиққанмиз,-дея  қисқагина жавоб берди у.

Мутахассислардан ташаббус бўлавермагач, фуқароларнинг ўзлари  бу ишга бел боғладилар. Хомийлар ҳам топилди. Фақат керакли жиҳозларни топишда давлат идораларининг кўмаги керак. Агар иш бошланса, аҳоли тамошабин бўлиб турмайди.

Шу жойда ариқда ёқаётган совуқ сувда қўл юваётган болалар эътиборимизни тортди. 36-мактаб ўқувчилари экан. Сездикки, мактабда ҳам шу муаммо. На ошхонада, на хожатхона олдида сув бор.

-Ўқувчилар уйидан чой ёки қайнатилган сув олиб келади,-дейди ўқитувчи Насрулло Эгамбердиев,- Ҳамма вақт ҳам етмайди. Бу бизни энг катта ташвишимиз. Жисмоний тарбия дарсидан сўнг ювиниш тўғрисида гапирмасак ҳам бўлади. Шундай бўлгач, санитария ва гигиена тўғрисида дарс ўтишдан кимга фойда?

Қишлоқ шифокорларининг ташвиши ҳам кам эмас. Юқумли касалликларнинг олдини олиш доимий ишга айланган. Болаларда гепатитга чалиниш ҳавфи йўқ эмас.

Айтаверсак гап кўп. Бироқ сувни ҳам сингган жойга сепиш керак, дейдилар. Бизнинг сўзларимиз ўз эгасини топармикин? Савобли касб эгаси бўлган “Сувоқава” давлат унитар корхонаси ходимлари бундан тўғри хулоса чиқарсалар, ажаб эмас.

                                                        Акбаржон НАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти

кенгаши матбуот котиби     

Улашинг!