Тадбиркорлик албатта ривожланади

17.11.2020 12:11:32

Ишбилармонлик –давр талаби. Бугун халқ хўжалигиннг қайси тармоғини олиб қараманг, барча жабҳада тадбиркорлик билан иш юритаётган ҳамюртимиз яхши натижага эришаяпти. Ютуқлари кенгайиб, рўзғорига файз-барака униб, турмуши эса фаровон бўлиб бораётир. Тадбиркорлик билан иш юритилмаётган жойларда эса аксинча оқсоқликка йўл қўйилмоқда.

Бу ҳақида Президентимиз Қашқадарёда фаолият олиб бораётган турли соҳа вакиллари билан бўлиб ўтган самимий мулоқотларида ҳам алоҳида эътироф этдилар. Шу туфайли ҳам 2021 йилни ҳурматли Президентимиз воҳа аҳли учун Тадбиркорликни ривожлантириш йили деб белгилаб бердилар. Буни вилоятимиз халқи зўр мамнуният билан кутиб олди. Айни пайтда Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг 40 минг нафардан ортиқ аъзолари ҳам тадбиркорликни кескин юксалтиришга алоҳида  ҳиссаларини қўшишга астойдил бел боғладилар.

Дарвоқе, юртбошимизнинг ҳар гал воҳамизга ташрифлари бир қатор янгиликларга, дўстона учрашувларга бой бўлади. Худди шундай Президентимизнинг илк сафарлари кўҳна ва ҳамиша навқирон улуғ саркарда ва давлат арбоби Амир Темур киндик қони томган Шахрисабз заминидан бошланиши ҳам бежиз эмас. Негаки, мустақилликнинг ўтган йиллари мобайнида Шахрисабз шаҳри ва туманида улкан бунёдкорлик ва ободончилик ишлари амалга оширилди. Бунинг эвазига халқнинг турмуш фаровонлиги ҳам йилдан-йил юксалиб бормоқда. Президентимиз ва ҳукуматимизнинг эътибори туфайли кўплаб янги-янги ишлаб чиқариш корхоналари ишга туширилаяпти. Бунинг эвазига эса одамларнинг иш билан бандлиги таъминланмоқда. Президентимиз шаҳарда бўлганларида куни кеча ўз фаолиятини бошлаган ана шундай йирик корхоналарнинг бирида тайёрланаётган маҳсулотлар сифати билан қизиқдилар. Вилоятимизда ҳозирги кунга қадар олиб борилаётган иқтисодий-ижтимоий соҳадаги ишларни танқидий таҳлил қилдилар.

“Бу ерга келишимдан асосий мақсад сизлар билан бирга ҳудуд ривожига кучли туртки бериш бериш бўйича аниқ вазифа ва чора-тадбирларни белгилаб олиш. Қашқадарё ўзининг салоҳиятига мос яшамаяпти, мамлакатимизнинг кўпгина ҳудудларидан анча орқада”, - деди давлат раҳбари.

-Қашқадарёда барча соҳаларда вазият тубдан ўзгариши шарт. Бунинг  учун  вилоятда ҳамма имконият бор. Ҳамма уйғониши керак,-деди Президент.

Хокимларнинг таклифлари ва вилоятдаги муаммоларнинг таҳлилидан келиб чиқиб, тадбиркорлик асосий йўналиш этиб белгиланди. 2021 йил Қашқадарё вилоятида  тадбиркорликни  ривожлантириш  йили деб  эълон  қилинди.

Давлат раҳбари бугунги бозор талаби ва  “ўсиш нуқталари”дан келиб чиқиб, туманларни муайян иқтисодий йўналишларига  иқтисослаштириш зарурлигини  таъкидлади.

Хусусан, Яккабоғ, Қамаши, Чироқчи, Шаҳрисабз ва Китоб  туманлари  боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослаштирилади. Ғузор ва Муборак туманларида нефть-газ-кимё, Чироқчи ва Деҳқонобод туманларида қурилиш материаллари бўйича кўплаб корхоналар ташкил этиш мумкин.

Касби, Нишон, Миршкор ва Косон туманларини чорвачиликка ихтисослаштириб, йирик комплекслар ва кичик бўрдоқичилик фермалари ташкил этиш, озуқа базаси учун ер ажратиш вазифаси қўйилди.

Молия вазирлигига чорвачилик учун ўзлаштириладиган ер, боқилган ҳар бир бош қорамол  учун субсидия бериш механизмини йўлга қўйиш топширилди.

“Биз танлаган йўл - машаққат йўли. Қашқадарё бўйича улкан режаларимиз бор, жуда катта маблағ берилаяпти. Энди энг асосий вазифа ва талаб- шу маблағни тўғри йўналтириб, одамлар манфаати учун ишлатиш, яхши шароит яратиш”, - деди давлат раҳбари.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Қашқадарёни комплекс ривожлантириш ва аҳолининг ҳаёт шароитини яхшилаш ҳозирги кунда мутасадди раҳбарларнинг асосий вазифасига айланиб, яқин келажакда вилоятда иқтисодий ривожланиш юқори кўрсаткичларда ўсиши белгилаб олинди.

 

Руйиддин РАУПОВ,

Халқ депутатлари Қашқадарё

вилоят Кенгаши депутати,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+