Тадбиркорнинг ноҳақлигига масъуллар нима дейди?

20.11.2020 09:11:17

Бугун тадбиркорлар учун давлатимиз томонидан жуда кўплаб имкониятлар яратиб берилмоқда. Мақсад эса мамлакатни янада ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини юқори босқичга кўтаришдир. Бироқ ушбу берилган имкониятларни суистеъмол қилиб, қонун доирасини четлаб ўтаётганлар ҳам борлиги кўнгилни хира қилади. Мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни бузаётган бундай қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар ўз манфаати йўлида бутун халқ мулкига тажовуз қилишдан ҳам тойишмайди, афсуски.

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши ишчи гуруҳи Халқ депутатлари Юнусобод туман Кенгаши депутатлари билан биргаликда ҳудудда олиб борган ўрганишлари жараёнида тумандаги «Исломобод» МФЙда келиб чиққан низо айнан шундай ҳолат бўйича содир этилаётганига гувоҳ бўлинди.

Маҳалла фуқароси Фароғат Шадиметованинг маълум қилишича, маҳалла аҳлининг ўз маблағлари ҳисобига ташкил этилган спорт майдончаси ушбу маҳалланинг балансида бўлган. Тошкент шаҳар ҳокимининг 2000 йил 7  ноябрдаги қарори билан  «Спорт-соғламтириш мажмуаси» қуриш учун ажратилган майдонда 2000-2005 йиллар мобайнида маҳалла фуқаролари ўз ҳисобларидан хашар йўли билан спорт-соғломлаштириш мажмуаси қуришган ва ҳозирги кунда маҳалла фуқаролари томонидан фойдаланиб келинаётган эди. Кадастр ҳужжатлари тайёрланганлиги ва давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида гувоҳнома мавжуд. Мазкур спорт майдончасида 55 ёшдан 85 ёшгача бўлган аёллар ўртасида 2019 йилдан буён «Эъзозли аёллар» спорт гуруҳи ташкил этилиб, маҳалла аёлларининг спорт билан шуғулланиш масканига айланган. Бироқ таъкидланишича, Умид Тўраев исмли бир шоввоз чиқиб, ҳеч қандай хат-ҳужжатсиз спорт майдончасини буздириб ташламоқда экан.     

Биз ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида суриштирув ўтказганимизда Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 26 майдаги қарорига асосан тадбиркор субъектлари, маҳалла гузарлари биноларини реконструкция қилиш, қайта қуриш, таъмирлаш, атрофида ободонлаштириш ишларини олиб бориш тўғрисидаги қарори бўйича Юнусобод туман ҳокимининг 2018 йил 5 мартдаги қарорига кўра хусусий тадбиркор Тўраев Умид Ғиясовичга массив Хасанбой-1 манзилида 1 гектар ҳудудда мавжуд маҳалла ишларини олиб боришга руҳсат берилган, лекин эътибор беринг, 1 гектар ер майдони маҳалла ҳудудининг айнан қайси жойидан ажратилганлигини тасдиқловчи Тошкент шаҳар қурилиш ва архитектура бош бошқармасининг архитектура режалаштириш топшириғи (АПЗ) ва ҳеч қандай лойиҳа, смета ҳужжатлари тақдим этмай, Умид Тўраев ноқонуний равишда “Исломобод” маҳалла ҳудудида қурилиш қилмоқчи бўлганида маҳалла фуқароларининг мурожаати асосида Тошкент шахар ҳокимининг 2017 йил 26 майдаги қарорининг тегишли иловаларига қисман ўзгартириш киритиш хақида қайта 2018 йил 25 апрелда қарор қабул қилинган. Қарорда “Исломобод” маҳалла идораси Хасанбой-1 мавзеси Кулоқтепа кўчаси 16 уй манзилига деб ўзгартирилган ва Юнусобод туман ҳокимининг 2018 йил 5 мартдаги шу бўйича тегишли қарори 2020 йил 13 майдаги қарор билан ўз кучини йўқотган, деб ҳисобланган. Тадбиркор У.Тураев эса юқоридаги қарорларнинг хеч бирини бажармасдан маҳалла балансида бўлган Исломобод 1 тор кўчаси 23 а уй манзилида жойлашган «Спорт-соғламтириш мажмуаси» ҳудудини ўзбошимчалик билан қамраб олиб барча спорт иншоотларини ва спорт майдончаларини бузиб, фуқароларга сотиш мақсадида чуқурлар қазиб деворларини ўраб олган. Туман ҳокимияти маъсул ходимлари бўлаётган ишлардан хабардор қилинган бўлса-да, ҳеч қандай қонуний чоралар кўришмаяпти.  

Бу муаммо бўйича маҳалла фуқаролари, маҳалла раиси, участка нозири ҳамда тадбиркор Умид Тўраев иштирокида ташкиллаштирилган мунозарада депутатлар ҳам иштирок этишди. Мунозарада гувоҳи бўлинганидек, масала жиддий. Қонун маҳалла аҳли тарафида бўлишига қарамай  бунга на ҳокимият мутасаддилари  ва на ҳуқуқ-тартибни муҳофаза қилувчи органлар эътибор беришаётгани йўқ. Хатто, маҳалла участка нозиридан бу ҳақда савол сўраганимизда елка қисиб, бўлаётган ишлардан бехабар бўлганлигини айтди. Мунозарага чақирилган ҳокимият вакиллари эса келмади ёки келишни истамадими, буёғи бизга қоронғи.

Бизга аён бўлган нарса шуки, ўзини тадбиркор деб атаётган Умид Тўраев исмли шахс маҳалланинг мулки бўлган бир тайёр объектни бузиб, ўз бизнесини юритмоқ пайида бўлмоқда. Девор тиклаб уйлар қурдиряпти, 5000 аҳолига эга маҳалла аҳли дод-войига ҳеч ким қулоқ солмаётир ...

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Мамлакатимизда она ва бола соғлигини муҳофаза қилиш бўйича чиқарилган ушбу қарор халқимиз айниқса, хотин-қизлар саломатлигини асрашда муҳим ҳужжат ҳисобланади.

Маҳаллада аёлларнинг ўзлари ташаббус кўрсатиб, спорт майдончалари барпо этиб, соғлом турмуш тарзини ҳаётий шиорларига айлантираётган бир вақтда кўзни кўр, қулоқни кар қилиб олган масъуллар бунга бир нима дея  олишармикин?!

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+