Тафаккури теран аёл учун имкониятлар эшиги ҳамиша очиқ

04.02.2021 17:02:25

  Президентимизнинг мамлакатимиздаги сиёсий партиялар раҳбарлари билан учрашуви ва унда белгиланган вазифалар билан қисқача танишиб, маҳаллий Кенгаш депутатлари зиммасига жуда катта масъулият турганлигини юракдан ҳис қилдим. Халқ ноиби сифатидаги фаолиятимга танқидий кўз билан қараб, бор куч-ғайратимни ишга солиб фидоийлик билан ишлаш зарурлигини англадим.

 Учрашувда давлатимиз раҳбари томонидан сиёсий партиялар ўз депутатлари орқали жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиши, уларнинг ечими бўйича таклифлар бериши, айниқса, таъсирчан Парламент ва жамоатчилик назоратини олиб бориши муҳимлиги ўринли қайд этилди.

 Бугунги давр шиддатига назар солар экансиз,  ижтимоий соҳалар, айниқса, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида ҳудудларда ечимини кутаётган масалалар талайгина эканлигини кўрасиз.  Сайлов округимда ҳар ҳафтада аҳоли билан учрашув ўтказиб, уларни муаммоларини ўрганиш жараёнида бунга гувоҳ бўламан. Маҳаллаларда юзма юз мулоқотларда кўплаб масалалар кўтарилади. Ана шу учрашувлар давомида бир жиҳат хурсанд қилади. Одамларимиз иқтисодий баркамолликка, фаровон яшашга интилаётганлиги, сиёсий ҳушёрлиги, сергак ва ўта талабчанлиги қувонарлидир. Президентимиз таъбири билан айтганда, “Бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас”.

 Мен депутат сифатида, ҳам аёл сифатида маҳаллаларда хотин-қизлар турмуши, аёлларимизнинг бандлиги, касб эгаллаши борасидаги муаммолар билан кўпроқ қизиқаман. Зеро, бугунги ислоҳотларда ҳам хотин-қизларимизни илмли қилиш, уларнинг интеллектуал тафаккурини, дунёқарашини юксалтириш мақсади ётибди. Шундагина тараққиёт ҳам тезлашади,ҳам ривожланади. Одамларда, айниқса, бўлажак оналарда келажак тақдирига бўлган ишонч мустаҳкамланади.

 Боиси, интеллектуал билимга эга бўлган аёллар учун янгидан-янги имкониятлар эшиги ҳамиша очиқ. У ҳатто уйда ўтириб илғор технологиялар ёрдамида ишлай олади, ўқиб-ўрганиб, янги касбларни эгаллайди.

 Шунинг учун ҳам айни пайтда амалга оширилаётган дастурлаш лойиҳаларида қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб бориш зарур деб, ўйлайман. Натижада ахборот технологиялари соҳасида нафақат ўғил болалар, балки қизларнинг салоҳиятини кашф этиш эшиклари кенг очилади. Боз устига, қизларда нозик бармоқлар, нафис тасаввурдан сув ичадиган фантазия, ижодкорлик бор. Фақатгина уларни юзага чиқариш керак, холос. Бир марталик ишлар масаласи ҳам долзарб. Бу борада янгича қарашлар, тузилмаларга эҳтиёж бор. Шундай агентликлар, мономарказлар ташкил қилиш керакки, хотин-қизларга ҳам уларнинг хизматларидан бирдек фойдаланиш имконияти яратилсин. Шунда аёллар мардикорлиги, уларнинг зўравонлик қурбонига айланишлари, алданишлари, турли салбий йўлларга кириб кетишининг олди олинади.

 Шундай экан, энди муаммоларнинг оқибати билан ишлаш вақти ўтди. Уларнинг олдини олишга қатъий киришиш вақти аллақачон келган. Буни эса оиладан, маҳалладан бошлаш керак ва шу бўйича қилинадиган ишлар ҳали жуда кўп.

 Йиғилишда  Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифа, асосли таклиф ва мулоҳазалар бирдан-бир мақсадга яъни халқимиз ҳаётини янада яхшилаш, уларни фаровонлигини оширишга қаратилган десам тўғри бўлади. Депутат сифатида бу зиммамизга жуда катта масъулият ва ишонч турганлигини англатади. 

Назокат Хидирова,

Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилоят

“Аёллар қаноти” Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Термиз шаҳар

Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+