Таҳлил, танқид янги вазифалар

24.10.2019 14:10:29

Жорий йилда мамлакатимиз сиёсий партиялари олдида улкан ва масъулиятли ташкилий-партиявий вазифалар турибди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси,  вилоят, шаҳар-туман Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни юқори натижалар асосида ўтказиш энг муҳим масаладир. Фарғона давлат университетида бўлиб ўтган Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгашининг VIII-ҳисобот сайлов конференциясида мазкур масалалар  ҳамда 2015-2019 йилларда амалга оширилган ишлар  юзасидан  маълумот берилди.  “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони, адолат – ҳар бир инсон учун” деб номланган сайловолди дастури  ижроси билан таништирилди.    

Ҳисобот даврида  партиянинг ишчи гуруҳ аъзолари томонидан 1038 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 18732 та хонадон ва 306 та хўжалик юритувчи субъектлар ўрганилди. Учрашувлар мобайнида аҳоли томонидан 2874 та мурожаат келиб тушиб, улар юзасидан 732 та мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилди. Натижада, 721 та масала  ҳал этилди. 250 дан ортиқ мурожаатлар мутасадди органларни жалб этиш, 130 га яқин мурожаатлар ҳуқуқий маслаҳатлар бериш орқали ўз ечимини топди.

Барча шаҳар-туманлар Кенгашлари қошида “Адолат” қабулхоналари ташкил этилган бўлиб, ўтган 3 йил давомида вилоятимиз бўйича 520 та мурожаатлар келиб тушди. Шундан 490 таси ижобий ҳал этилди.  “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида эса 23  нафар кишининг бандлигига эришилди.  

Партиядаги Халқ депутатлари вилоят, туман-шаҳар Кенгашлари сессияларида мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари жами 29 маротаба эшитилган. Ўзбекистон “Адолат” СДП халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари томонидан шаҳар туман Кенгашининг сессияларига 38 та масала, доимий комиссиялари мажлислари муҳокамасига эса 38 маротаба партия депутатлик гуруҳлари таклифлари киритилган. Жумладан, Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилояти Кенгашининг “Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик!” лойиҳаси ижросини таъминлаш мақсадида таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида ясситовонлик ва сколиоз касалликлари билан боғлиқ муаммолар юзасидан жамоатчилик назорати тартибини ўрганиш бўйича, Қувасой шаҳар ва Бешариқ тумани Кенгашлари депутатлик гуруҳлари томонидан ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари бўйича доимий комиссияга ва сессия кун тартибига  6 та масала киритилди.

“Жамоатчилик назорати – қонун устуворлигининг гарови” лойиҳаси доирасида 2 та масала, “Фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида 2 та масала, “Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик!” лойиҳаси доирасида 7 та масала сессия ва доимий комиссия мажлисларида кўриб чиқилган.

Ёшлар ўртасида маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида “Ёшлар диний экстремизмга қарши”, “Биз терроризмга қаршимиз!”, “Китобхонликка даъват”, “Сайлов кодекси ёшлар нигоҳида”, “Биз Бобур издошлари”, “Алишер Навоий  - туркий тил ва адабиёт асосчиси”, “Амир Темур – буюк саркарда”, “Юксак ҳуқуқий онг – жамият тараққиёти кафолати” “Ислом Каримов – мустақил Ўзбекистон буюк йўлбошчиси” каби мавзуларда тадбирлар ташкил этилган бўлиб, уларга минглаб  ёшлар жалб этилди. Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан “Мактабгача таълим – кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида шаҳар-туманларда шахмат-шашка майдончалари ташкил этилди.

Албатта, мазкур саъй-ҳаракатлар дастурда кўзда тутилган вазифалар ижросини таъминлашда партиянинг кўплаб ютуқларни қўлга киритганлигидан далолат беради. Аммо фаолият давомида йўл қўйилган камчиликлардан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Бунда айниқса, дастурнинг ҳар бир йўналиши ҳамда унда белгиланган лойиҳаларнинг ижроси барча ҳудудларда ҳам бир хилда таъминланмаган. Дастурий вазифалар ижроси доирасида доимий комиссиялар ва сессиялар кун тартибига масала киритишда маҳаллий кенгашлардаги депутатлик корпусларининг барчаси бирдек фаол эмаслиги сезилиб қолмоқда. Қолаверса,  жорий йилдаги сайловларда муносиб иштирок этиш учун олдинги сайлов кампанияларини чуқур танқидий таҳлил этиш ва бошқа сиёсий партиялар салоҳиятини ўрганиб чиқиш зарур. Авваллари, айрим жойларда муносиб номзодларни  танлаш ва саралашга эътиборсизлик билан ёндошилгани, ўз навбатида номзодларнинг ҳам сайловчилар билан учрашувлари етарли даражада ташкил этилмаганлиги кузатилган. Бу ҳолат сайлов натижаларига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатган. Жорий йилда бу борада камчиликларни бартараф этиб, аниқ мақсад асосида сайлов жараёнига жиддий ва масъулият  билан  ёндошишга,  ҳамжиҳатликда  ҳаракат қилишга келишиб олинди.

Конференцияда ҳисобот даврида ўзининг фаоллиги ва ташаббускорлиги билан самарали натижаларга эришган  вилоят ва  шаҳар-туман Кенгаши депутатлари  партия томонидан тақдирланди.

Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиали талабалари ва  Фарғона шаҳридаги 52-Гулзор МФЙ раиси А.Мадорипов партиянинг аъзолигига қабул қилинди.

Кун тартибига қўйилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 Камола ПОЛВОНОВА,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши  матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+