Таҳририятга хат

15.01.2021 18:01:46

Таҳририятимиз манзилига келиб тушаётган ариза, шикоят ва таклифларни мазмун жиҳатдан таҳрир қилмасдан, борича чоп этиш анъанага айланиб улгурганлиги кўпчиликка маълум.

Мақсад – газеталарга қилинаётган мурожаатларда илгари сурилаётган фикр ва маълумотларга тегишли давлат ва жамоат ташкилотларининг эътиборларини қаратиш, уларнинг ечимини кутаётган масалалар юзасидан тегишли хулосаларини муштарийларимизга етказишдан иборат. Қолаверса, таҳририят хатларда тилга олинган масалалар бўйича фикр-мулоҳазаларгагина таяниб, ўз хулосасини беришдан тийилади, яъни у ёки бу томоннинг “оқловчи” ёки “қораловчи”си ёхуд “судья”си бўлишни жоиз деб билмайди. Зеро, оммавий ахборот воситаларининг асосий вазифаси, бу, аввало, ахборотни олиш ва тарқатишни назарда тутишини ёдимиздан чиқармаймиз. Хулоса ва ҳуқуқий баҳони эса тегишли ташкилот ва муассасалар мурожаатларда келтирилган важларни атрофлича ўргангачгина беришига умид қилиб қоламиз.

“ТАДБИРКОР ЭДИК, АБГОР БЎЛДИК...”

Ҳурматли таҳририят ходимлари!

Мен газетангизнинг ҳар бир сонини мунтазам кузатиб бораман, унда ёритилаётган мақолаларни диққат билан ўқиб чиқаман. Газета саҳифаларидаги тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи мақолаларни ўқиб, ниҳоят сизларга мурожаат этишга аҳд қилдим. Агар менинг мурожаатимни эътиборсиз қолдирмасдан адолат қарор топишида ёрдам қилсангиз, нафақат менинг, балки туманимиздаги ўнлаб хонадонларнинг қора қозони қайнашига ёрдам берган бўлардингиз.

Маълумки, Президентимиз биз, тадбиркорларга жуда катта эътибор бериб, ўз чиқишларида ҳудудларда иш ўрни яратаётган тадбиркорларни керак бўлса бошимга кўтараман, дейдилар. Ҳатто тадбиркор йўлига тўсиқ бўлиш давлат сиёсатига хиёнат сифатида баҳоланишини қайта-қайта таъкидлайдилар. Минг афсуслар бўлсинки, ҳамма жойда ҳам тадбиркор-ишбилармонлар қўллаб-қувватланмаяпти. Аксинча, айрим ҳолатларда уларнинг  йўлларига сунъий тўсиқлар қўйиш давом этмоқда. Мисол учун, мен раҳбарлик қилаётган “Elegant Ekspert Savdo” МЧЖда мавсумий 40 нафар ишчи ишлар эди. Мана, яқин бир йилдирки улар ишсиз. Сабабини қуйида батафсил ёзишга ҳаракат қиламан.

Биз Қирғизистон Республикасида рўйхатдан ўтган тадбиркор Курбанбеков Акжол Эсеналиевич билан 10.02.2020 йилда тузилган 10/2-сонли импорт шартномаси асосида жами нархи 50 148,34 АҚШ долларига тенг бўлган Қирғизистон Республикасида етиштирилган 104 тонна 905 килограмм олма маҳсулотларини олиб келдик. Ушбу маҳсулотлар қонуний равишда божхона пости орқали ўтган. Фар­ғона вилояти божхона бошқармасининг “Қиргули” ТИФ божхона пос­тига мазкур маҳсулотларнинг божхона расмийлаштирувини амалга ошириш учун барча ҳужжатлар ўз вақтида тақдим этилган. Олма маҳсулотлари божхона ходими кўриги остида фото ва видео ёзувлар билан юк сақлаш омборимизга туширилган. Бу ҳақда барча ҳужжатлар божхона маълумотлар базасида мавжуд. Қир­ғизис­тон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан берилган KGUZ286104, KGUZ286095, KGUZ­286128-рақамли “СТ-1” шаклдаги келиб чиқиш сертификатларининг асл нусхалари тақдим этилган бўлса-да, божхона ходимлари томонидан ушбу сертификатлар шубҳали деб топилиб, олма маҳсулотларига божхона божининг оширилган ставкаси қўлланилиб, жами 491 352 139 пул маблағлари тўлаш талаб этилди. Аслида биз амалдаги қонун талабларига кўра, 74 437 138 сўм давлат божи тўлашимиз лозим эди. Божхона ходимлари эса биздан қонунга хилоф равишда ортиқча 417 352 139 сўм ундиришди. Тўғри, биз ўша пайтда бу маблағни тўлашдан бош тортишимиз мумкин эди. Унда омборхонада сақланаётган олмаларнинг сифати бузилиб, маҳсулотдан ажралиб қолар эдик. Буни жуда яхши тушуниб турган божхоначилар бизга “ҳозирча кўрсатилган суммани тўлаб тураверинглар, Қирғизистон томонга СТ-1 сертификати бўйича сўровнома жўнатганмиз, агар барча ҳужжатлар тўғри бўлса, ортиқча тўланган пулларингизни ўша куннинг ўзида қайтариб оласизлар”, дейишди. Уларнинг оғзаки сўзларига ишониб, қарз-қавола қилиб бўлса-да, юқоридаги маблағларни тўплаб, топширдик.

Хуллас, божхоначилар СТ-1 сертификатларнинг ҳақиқийлигини аниқлаш мақсадида Қирғизистон Республикаси Божхона хизматига бир неча бор сўровнома юборди. Сўровномаларга Қирғизистон Республикаси Божхона хизмати Баткен вилояти Қадамжой райони Қирғиз-Қиштак айил-аймак раҳбарияти томонидан расмийлаштирилган 128, 129-сонли жавоб хатлари ва уларга илова қилинган олма меваларининг айнан Қирғизистон Республикаси фуқароларидан сотиб олинганлиги тўғрисидаги маълумотларни ҳам, СТ-1 сертификатлари Қирғизистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан берилганлигини тасдиқлаб ва ҳатто ушбу сертификатларнинг акт-экспертизаларини ҳам электрон почта орқали жўнатишди.

Шундан сўнг биз бир неча бор Фар­ғона вилояти божхона бошқармаси бошлиғи номига ортиқча тўланган (ундирилган) пулларимизни қайтаришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдик. Минг афсуслар бўлсинки, орадан ўн бир ой ўтаётган бўлса-да, пулларимизни қайтаришдан турли баҳоналар билан бош тортиб келишмоқда. Ҳозирги кунда Эрон Ислом Республикасидан Қирғизистон Республикасига Ўзбекистон орқали транзит бўлиб 14.2 минг тонна олма маҳсулоти ўтган, шу олмаларни Қирғизистон қандай реализация қилганлиги ҳақидаги сўровимизга жавоб келмаяпти, деган важ билан бизнинг ҳуқуқларимизни поймол қилиб келишмоқда.

Энди ўзингиз айтинг, Эрон билан Қирғизистон ўртасидаги олди-сотдига бизнинг қандай алоқамиз бор?! Қайси қонунда икки хорижий давлат ўртасидаги олди-сотдига ҳар икки мамлакатга ҳам алоқаси йўқ тадбиркор жавоб беради, деган модда бор?! Афсуски, вилоят божхона бошқармаси амалдорлари орасида бизнинг ҳақли саволимизга жавоб берадиган мард топилмаяпти. Фарғона вилояти божхона бош­қармаси айрим ходимларининг юқоридагидек ноқонуний ҳаракатлари натижасида корхонамизда ёлланма ишчи бўлиб ишлайдиган 40 нафар ишчилар 11 ойдирки ишсиз қолмоқда. Мана нима учун таҳририятга қора қозонимиз қайнамай қолди, деб мурожаат қилаяпмиз.

Шунингдек, 2020 йилда россиялик тадбиркор билан бир миллион АҚШ долларилик экспорт шартномаси тузгандик. Мақсадимиз мамлакатимиздан Россияга мева-сабзавотлар экспорт қилиш эди. Бу шартномамиз ҳам 87 минг доллар бўлганда тўхтаб қолди. Чунки божхоначиларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари туфайли қўлимиздаги бор маблағдан айрилиб, қарз ботқоғига ботдик. Маълумки, бугунги деҳқон пешона тери билан етиштирган маҳсулотини қарзга бермайди ва тўғри қилади...

Хуллас, шу тариқа ривожланиб бораётган тадбиркордан ҳоли-аҳволи абгор қарздорга айланиб қолдик. Бир тадбиркорнинг синишидан кимга нима наф, деган саволимизга ҳам ҳеч кимдан жавоб тополмай, охир-оқибат сизларга мурожаат қилишга мажбур бўлдик. 

Биз, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашингизга ишониб, сўнгги умид билан

Ёрқинжон АБДУЛЛАЖОНОВ,

“Elegant Ekspert Savdo” МЧЖ раҳбари.

Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани

Полосон шаҳарчаси, Ибн Сино кўчаси 115-уй.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+