Талабалар даврасида сиёсий ўқув

23.10.2019 10:10:03

Жорий йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайлов сиёсий партиялар қатори бошқа соҳа вакилларига ҳам чуқур масъулият юклади. Шу муносабат билан мамлакатимиз бўйлаб фуқароларнинг сиёсий ва ҳуқуқий фаоллигини оширишга қаратилган тадбирлар, давра суҳбати ва сиёсий ўқувлар қизғин паллада.

Куни кеча Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Хоразм вилоят Кенгаши томонидан Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч филиали талабалари учун “Сиёсий жараёнларда ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш - устувор вазифамиз” мавзусида ташкил этилган сиёсий ўқув ҳам ана шу мақсадга қаратилди. Ўқувда партия фаоллари, депутатлари ҳамда мазкур олийгоҳ ўқитувчи ва талабалари иштирок этишди.

Тадбирни ТАТУ Урганч филиали Ёшлар билан ишлаш бўйича бўлим бошлиғи Отабек Сапарбоев кириш сўзи билан очиб берар экан, Ўзбекистон “Адолат” СДП сиёсий партиялар ичида халқчил, ҳаётбахш дастурлари, амалий ишлари билан кенг жамоатчилик эътиборидан жой олиб, юксалиб бораётганини  эътироф этди. 

Тадбирда сўзга чиққан партия фаоллари Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан амалга оширилган ишлар билан бир қаторда партиянинг  сайловолди дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилгани ва фуқаролардан олинган таклифлар дастурнинг ҳалқчиллигини оширишда аҳамиятли бўлгани тўғрисида сўз юритишди. Шунингдек, сиёсий жараёнларда партиянинг фаоллиги, амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режалар тўғрисидаги фикр ва мулоҳазалар ёшларнинг диққат марказидан жой олди.

Малоҳат Жуманиёзова, ТАТУ Урганч филиали талабаси, тадбир иштирокчиси:

-Тадбир давомида Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳамда сайлов тўғрисида савол-жавоблар қизғин тус олди. Имкониятдан фойдаланиб, кўплаб маълумотларга эга бўлдик. Олган билим ва кўникмаларимиз ҳаётимиз ва фаолиятимиз давомида асқотади.  

Тадбир сўнгида иштирокчилар қизиққан саволларига партия фаоллари томонидан батафсил жавоблар олишди.

                                                                                                                     Замира АБДУЛЛАЕВА,

                                                                                                           Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                                                      Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+