Таълим билан боғлиқ таклифлар ўрганилди

13.09.2019 11:09:20

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев Бухоро вилоят Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий марказида бўлиб, соҳа вакиллари билан учрашди.

Тадбирни кириш сўзи билан бошлаб берган партия вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов бугунги кунда таълим соҳасида бўлиб ўтаётган янгиланишлар, имкониятлар, имтиёзлар тўғрисида тўхталиб ўтди.

Тадбир давомида сўзга чиққан Қодир Жўраев йиғилганларнинг эътиборини “Таълим тўғрисида”ги қонун моҳиятига қаратди. Ҳар бир соҳа мутахассисларининг вазифалари, имкониятлардан унумли фойдалана олиши, энг муҳими, сифатли кадрлар тайёрлаш тизимига эътибор қаратиши зарурлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, депутат партиянинг сайловолди дастури лойиҳаси тўғрисида ҳам гапирар экан, барча ходимларнинг бу борадаги фикр ва мулоҳазаларини ўрганди.

Албатта, бугунги кунга қадар таълимда йиғилиб қолган муаммолар кам эмас эди, аммо кучли талаб, берилаётган имкониятлар сабаб барчаси босқичма-босқич ўзининг ижобий ечимларини топмоқда. Тадбирда баъзи бир ечимини кутаётган муаммолар тилга олинар экан, депутат ҳар бирининг моҳиятига эътибор қаратиб, ўзининг изоҳларини билдирди. Айниқса, электрон кутубхоналарни ташкил этиш, таълимда “қоғозбозликка” чек қўйиш зарурлиги, синф хоналарида ўқувчиларнинг сонига эътибор қаратиш лозимлиги, электрон дарс ўтиш тизимини кучлироқ йўлга қўйиш зарурлиги айтиб ўтилди.

Ўрганилган ҳар бир таклиф умумлаштирилган ҳолда уларга эътибор қаратилиши қайд этилди. Баҳс ва мунозараларга бой бўлган тадбир барчага кўтаринки кайфият бағишлади.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот хизмати  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+