Таълим ҳамиша эътиборда бўлиши керак

20.07.2020 19:07:31

Сайёрамиз аҳли таҳликали кунларни ўз бошидан кечирмоқда. Коронавирус пандемияси оқибатида юз бераётган ҳолатлар ҳаммани ташвишга солмоқда. Лекин мамлакатимизда шундай шароитда ҳам ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги  ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Бу, ҳамма қатори биз, “Адолат” СДП фаолларини ҳам қувонтирмай қўймайди, албатта.

Мана, яқинда давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишларидан бирида халқ таълимидаги муаммоларга эътибор қаратди. Чиндан ҳам чуқур таҳлил қилинадиган бўлса айрим мактаблардан ҳар йили саноқли битирувчи олий таълим муассасаларига ўқишга киради. Баъзи йигит-қизлар мустақил ҳаётга тайёр эмаслиги ҳам сезилиб қолмоқда. Чунки улар университет ёки институтларга ўқишга кира олмаганликлари устига қўлларида биронта ҳунарлари ҳам йўқ. Бундай ҳолларда  қандай қилиб тирикчилик ўтказиш мумкин?

Бизнингча, биринчи навбатда мактабларда таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини ошириш масалалари диққат марказида туриши зарур. Бунда ўқитувчиларнинг юқори малакага эга бўлиши алоҳида аҳамиятга эга. У нафақат ўз фанини яхши билиши, балки болаларни илмга қизиқтира олиши ҳам керак. Бунинг учун эса у ўз устида тинмай ишлаши, билимини мунтазам ошириб бориши даркор.

Ҳозир ҳам мактабларимизда чинакам устоз мақомига эришган, ота-оналар ва болалар ҳурматига сазовор бўлган ўқитувчилар талайгина. Уларнинг тажрибасини кенг оммалаштириш, бошқа муаллимларни шундай эзгу хислатларидан баҳраманд этиш фодадан ҳоли эмас. Аммо бу борадаги масъулиятни тўлалигича мактаб жамоаларининг ўзига ташлаб қўйиб бўлмайди. Таълим умумхалқ эътиборидаги соҳага айланиши унинг тараққиёти ҳақида ота-оналардан тортиб катта-кичик раҳбарларгача бирдай қайғуриши зарур.

Бу эзгу ишларга  биз “Адолат” СДП фаоллари ҳам муносиб ҳисса қўшишлари керак, деб ўйлайман. Чунки партиямизнинг амалдаги “Адолат – ҳар бир инсон учун” номли сайловолди дастурида мазкур масалага алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, “Юрт келажаги ватанпарвар ёшлар қўлида” бобида бу ҳақда айтрофлича фикр юритилиб, муҳим вазифалар белгиланган. Уларнинг бажарилишини таъминлаш эса сайловчилар олдидаги бурчимиздир.

Исроил ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+