Таълим масалалари – депутат эътиборида

21.12.2020 15:12:29

Шу кунларда жойларда Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлиси Қонунчилик  палатаси  депутатларининг сайловчилар  билан    учрашувлари  бўлиб ўтмоқда. “Адолат” СДП фракцияси  аъзоси Дилмурод Исмоиловнинг  аҳоли вакиллари билан дастлабки мулоқотлари ҳақида хабар бергандик.    Наманган  шаҳрининг   Давлатобод  туманидаги “Порлоқ” маҳалла  фуқаролар  йиғинига ташрифидан сўнг депутат муҳандислик-қурилиш институтига йўл олди. Унга “Адолат” СДП вилоят Кенгаши масъул ходимлари ҳамроҳлик қилдилар.

Олий  таълим даргоҳидаги  тадбир партиянинг “Ватан  келажаги – ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ўтказилди. Дилмурод  Исмоилов  талабаларга Қонунчилик палатаси фаолияти  ҳақида сўзлаб берди. Ёшлар парламентининг аъзоси Рустамхон Котибовнинг чиқиши ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Ўзаро савол-жавоб жараёнида яна  бир  қатор  муҳим  мавзулар  ёритилди.

Парламент аъзоси  48-умумтаълим  мактабида ёшларга  таълим-тарбия  бериш  масаласи  қандай  йўлга  қўйилганлиги  билан  танишди. Маълум бўлишича, мазкур таълим  масканида 2400 дан зиёд ўғил-қиз ўқир экан. Аслида  эса  мактаб 1200 ўринга мўлжалланган. Шунинг учун машғулотларни икки навбатда ташкил этишга  тўғри  келмоқда. Бу эса албатта, бирмунча қийинчиликлар туғдирмоқда. Демак, янги ўқув бинолари қуриш масаласини кун тартибига қўйиш зарур.

Педагог ва ўқувчилар  билан  суҳбат  жараёнида  жисмоний  тарбия  ва  спорт дарсларини ўтказиш учун  ҳам  шароитлар  етарли  эмаслиги  маълум  бўлди. Тўғри,  ҳаво  иссиқ  пайтда  очиқ  ҳавода  ҳам болаларни шуғуллантириш  мумкин.  Аммо  ҳозирги қаҳратон қиш  палласида биттагина  спорт залининг қуввати  етарли  эмаслиги  сезилиб  қолмоқда.  Боз  устига спорт инвентарлари  етишмас  экан.

– Ушбу мактабдаги муаммоларга халқ таълими бўлими  ўз вақтида эътибор  қаратмаган, - дейди  Қонунчилик палатаси депутати  Дилмурод Исмоилов. – Спорт инвентарлари масаласини мен ўзим ҳомийлар ёрдамида ҳал қилиб беришни зиммага олдим. Аммо кутубхонани  кенгайтириш  муаммоси ҳам бор. Уни ҳал этишга  қурувчиларни жалб этиш лозим. Шунинг учун  депутатлик  сўрови  тайёрлаш керак, деб  ўйлайман. Унда китоб  фондини  янги адабиётлар билан  тўлдириш масаласи  ҳам  қўйилади.

Сайловчилар билан учрашувлар давом этмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят  Кенгаши матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+