Тараққиётни рақамли технологияларсиз тасаввур этиш қийин

29.01.2020 15:01:29

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномаси бутун ўзбек халқини тўлқинлантирди, десак муболаға бўлмайди. Мурожаатнома янги Ўзбекистон манзарасини намоён этиб,  сиёсий, иқтисодий, ғоявий-мафкуравий қоидалар билан бир қаторда, парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятига тааллуқли аниқ таклифларни ҳам ўзида акс эттирди.

Юртбошимиз 2020 йилга “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном беришни таклиф этдилар. Бунда асосий мақсад сифатида мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган ишларни жадал давом эттиришдир

Гувоҳи бўлганимиздек, истиқболимизнинг ўзига хослиги олижаноб халқимиз фаровонлигида  катта роль ўйнайди. Мазкур танқидий-таҳлилий руҳдаги  мурожаатнома нафақат парламентимиз зиммасига, балки ҳар биримиз учун жуда катта масъулият юклайди. Самарали кечган 2019 йилнинг сарҳисоби биз амалий иш ва режаларни мақсад қилаётганимиз 2020 йил ва истиқбол учун мўлжалланган долзарб вазифалар ички ва ташқи сиёсатга доир ва жумладан, инсонпарвалик, қонунчилик, тадбиркорлик, сўз эркинлиги билан боғлиқ халқ учун ташаббуслар ифодаси бугун ҳамманинг дилида ва тилида янграмоқда. Зотан,  илм-маърифатга  таянган замонавий иқтисодиёт ривожланишнинг рақобатбардош услуби ҳисобланади. Мамлакатимизни ривожланган мамлакатга айлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга фақат жадал ислоҳотлар, инновация, илм-маърифат билангина эришиш мумкин. Шу жиҳатдан айтиш жоизки, билим олишга интилиш, якдиллик, ҳамжиҳатлик моҳиятан мурожаатноманинг асоси бўлди. Шу ўринда йил давомида акс этган ривожланишнинг янгича шакли бўлган рақамли иқтисодиётнинг ва унинг асосидаги рақамли технологияларсиз бугунги кунда ҳеч бир соҳани тасаввур этиб бўлмайди. Тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, геология, маданий бойликларни тадқиқ этишда рақамли технологияларсиз фаолият юритиш қийин. Жумладан ахборот асрида ҳар қандай хабар, маълумотни сифатли, тезкор етказиб бериш асосида ҳам рақамли технологиялар мужассам. Айнан рақамли иқтисодиёт ошкоралик ва шаффофликни таъминлайди. Жорий йилда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга эътибор қаратилишининг ўзи коррупцияга қарши курашишда Президентимиз таъбири билан айтганда, “ҳалоллик вакцинаси” бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.

Яна бир муҳим жиҳати рақамли иқтисодиёт ғояси ёшларимизни иш билан банд бўлиши, ёшларимиз келажакда қўяётган режаларини амалга ошириши учун иқтисодий барқарорликка замин бўлади.

Президентимиз мурожаатларидан келиб чиқиб, биринчи ўринда ёшларимиз орасида Ўзбекистонимизни ривожлантириш учун ягона нажот-бу таълим эканлиги, илм-маърифатни доимий равишда тарғиб қилиш, ёшларни кўпроқ олий таълим, илм-фан соҳасига жалб этиш, ёшлар орасидан олимлар, математиклар, аниқ фанларни билувчиларни қўллаб-қувватлаш, бу фан соҳасини Ўзбекистон келажаги учун кўпроқ ёшлар орасида кенг ёйишни мақсад қилиб олинди.

Уни диққат билан тинглаб, шунга амин бўлдимки, яқин келажакда жонажон Ватанимизда халқимиз кутган ва кутаётган кенг кўламли ўзгаришлар бўлади. Чунки Президентимиз халқимизни узоқ йиллардан буён қийнаётган, тараққиётимизга ғов бўлаётган кўплаб муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида очиқ-ойдин гапирди.

Яна шунингдек, олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини оптималлаштириш, бунда асосий эътиборни ўқишга кириш жараёнларини соддалаштиришга, олий ўқув юртларида чинакам билим ва тарбия олишга қаратиш, қизларимиз учун алоҳида грантлар ажратилиши ҳамда ушбу йилда мамлакатимизнинг Нукус, Бухоро, Самарқанд, Гулистон ва Урганч  шаҳарларида IT-парклар ташкил этилиши қувонарли ҳол.

Албатта, давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида баён этилган режа ва лойиҳалар мамлакатимиз тараққиётини, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз обрў-эътиборини янада юксак босқичга кўтаришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Давлатимиз раҳбари миллий парламентга учинчи маротаба Мурожаатнома билан чиқаётган бўлсада, янги таркибдаги парламент учун бу биринчи ҳамда тарихий Мурожаатнома бўлди десак, хато бўлмайди. Чунончи, Мурожатномада нафақат 2020 йилда, балки келгуси 5 йилда мамлакатимизни ривожлантириш бўйича устувор йўналиш ва вазифалар белгилаб берилди.

Яқинда ўтган сайловлар давомида халқимиз томонидан бир қатор долзарб масалалар кўтарилганлиги барчамизга аён. Сайловлардан сўнг уларни ҳал этишга бел боғланмас экан, сайловчилар олдида депутатнинг обрўси ҳам бўлмайди. Шу сабабли давлатимиз раҳбари депутатларга мурожаат қилар экан, сайловолди учрашувларида аҳоли томонидан кўтарилган долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича аниқ дастур ва “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳамда уларни мутасадди идоралар билан ҳамкорликда тўлиқ амалга ошириш зарурлигини таклиф қилди. Айни пайтда Қонунчилик палатасининг ҳар бир депутати мазкур масала устида ишлаб, сайловчиларнинг розилигини таъминлаш учун ўзларининг олдиларига вазифаларни белгилаб олдилар.

Умуман олганда, Мурожаатнома парламент аъзоларининг сайловчилар олдидаги масъулиятини оширишга, меҳнаткаш ва бағрикенг халқимизга муносиб вакил бўлиб хизмат қилишлари учун дастуриламал бўлади.

Рустам ҲАМРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат”СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+