Тарихни акс эттираётган бугун ёҳуд Тошкент метроси тўғрисида

09.03.2020 17:03:45

Пойтахтимизнинг келажагини кўрмоқчимисиз? Тошкент ситига боринг. Тошкентнинг 90-йиллардаги ҳаётини кўрмоқчимисиз? Музейга эмас, метрополитенга тушинг ёки автобусларга чиқинг.

Афсуски, барча соҳалардаги янгиланишлар, ўзгаришларни фуқароларимиз бугун кўриши, ўзида ҳис этиши лозим бўлган бир пайтда айрим соҳалар депсинишдан нарига ўтолмаяпти.

Хўш, биргина транспорт соҳасида нима ўзгаришлар бўлди деган савол ҳануз жавобсиз. Мисол учун ўтган йили азим Тошкент шаҳар метрополитенида ҳали ҳам “жетон”ларда фойдаланилаётгани, тегишли идора ва муассасалар томонидан аҳолига қулайлик яратиш учун мазкур соҳага замонавий тўлов воситалари АКТларни тўлиқ жорий этилмагани “Адолат” СДП депутатлари томонидан танқидга олинган эди. Аммо орадан шунча вақт ўтса-да ўзгаришлар гувоҳи бўлмаяпмиз.

Бугун дунёда электрон тўловлар тизими кенг қўлланиляпти. Ҳаттоки, мобил смартфонларга ўрнатиладиган дастурлар орқали NFC тўлов тизимлари жорий этилмоқда. Бугунги кунда алоқасиз тўлов тизими Лондон, Прага, Сингапур, Киев ва Санкт-Петербург каби дунёнинг кўплаб шаҳарларида жорий этилган.

Тошкент метрополитенида ҳали-ҳануз эскича тартибда жетонлардан фойдаланиб келинаётгани, бу тартибдан тўлақонли воз кечилмаётгани фуқароларнинг жамоат транспортларидан фойдаланишда қатор ноқулайликларни келтириб чиқараётгани сайловчилар билан учрашувларда ҳам бот-бот айтиляпти.

Статистик маълумотларга эътибор берсак бугунги кунда республика бўйича жамоат транспортида, шу жумладан, автобус, метро, трамвай, троллейбус йўналишларида бир кунда 3 миллионга яқин, йил давомида 1,1 миллиарддан ортиқ йўловчиларга хизмат кўрсатилмоқда.

Мамлакатда транспорт тармоқларида электрон тўлов тизимини жорий этиш мақсадида, Ҳукуматимизнинг 2019 йилда “Умумий фойдаланиладиган транспортда йўловчи ташишда йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш тўғрисида”ги 948-сон қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб, умумий фойдаланиладиган транспортда йўловчи ташиш учун йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини Тошкент шаҳрида «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ва «Тошкент метрополитени» УКнинг айрим йўналишларида кўрсатилган йўловчи ташиш хизматлари учун жорий этиши белгиланган эди.

Бироқ, жамоат транспортларидан фойдаланишда электрон тўловлар тизимида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари тўлақонли йўлга қўйилмаганлиги қайд этилди.

Шу сабабдан Ўзбекистон “Адолат” СДП Қонунчилик палатаси фракцияси масъул ташкилотлар томонидан Ҳукумат қарори ижроси қай даражада таъминланганлик масаласини жойларда ўрганишни бўйича амалий ишлар бошлади.

Ўрганишлар натижаси бўйича фуқароларга маълумотлар етказиб борамиз.

Дилшод Хамзаев
Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

"Адолат" СДП фракцияси аъзоси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+