Ташаббускор партиядан ўринли ислоҳотлар кутиш мумкин

07.11.2019 17:11:40

Мен 1980 йил Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида туғилганман. Она юртимга, унинг ҳар бир қарич ерига, самимий ва очиқкўнгил одамларига бўлган меҳрим, ҳурматим чексиз.

Мактабни тамомлагач, улкан орзу-ниятлар билан  пойтахтга йўл олдим. 2003 йил Ўзбекистон Миллий университетининг бакалавр даражасини,  2010 йилда С.Орджоникидзе номидаги Россия давлат геология-қидирув ва излаш университетининг геология мутахассислиги бўйича магистр даражасини тамомладим. 

Иш фаолиятимни 2003 йилдан “Самарқанд геология” ишлаб-чиқариш бирлашмасида бошладим.  2006 йилга қадар шу корхонада геолог лавозимида ишладим, сўнг 2008 йилгача “Зармитон геология қидирув экспедицияси”да геолог ва бошқа лавозимларда фаолият олиб бордим. 2010-2011 йиллар “Қашқадарё геология қидирув экспедицияси” давлат корхонасида, 2011-2018 йилларда  эса Ўзбекистон Республикаси геология ва минерал ресурслар Давлат қўмитасида турли лавозимларда ишладим. 2018 йилдан бугунги кунга қадар мазкур қўмита тасарруфидаги  “Уранкамёбметгеология” Давлат унитар корхонаси инвестиция ва умумий масалалар бўйича директор ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқдаман.

Хозирда мамлакатимизда бўлаётган янгиланиш жараёнларини мунтазам кузатиб бораман. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ислоҳотлардан доимо хабардорман. Бугунги ўзгаришларнинг туб моҳиятини чуқур англаш, мақсадларини тушунишга ҳаракат қиламан. Шу сабабли сиёсий  жараёнларда фаол иштирок этишга қарор қилдим. Бу мақсад мени сиёсий партияга аъзо бўлишга ундади.

Қайси сиёсий партияга аъзо бўлишни кўп ўйлаб ўтирмадим. Айнан менинг фикрларим илгари сурилаётган ғояларига мос келганлиги боис Ўзбекистон “Адолат” СДПга аъзо бўлишга қарор қилдим. Партия томонидан  жойларда ташкил этилаётган очиқ мулоқотлар, митинглар, сайловолди тарғибот-ташвиқот акциялари, партия фаолларининг аҳоли билан уюштираётган учрашувлари, уларнинг муаммоларини ўрганиб, ҳал этишда ташаббускор бўлишаётгани “Адолат”га бўлган ҳурматим ва ишончимни янада оширди.

Куни кеча “Адолат” СДП Тошкент вилояти Зангиота туманида бўлиб ўтган учрашувда  партия туман Кенгаши раиси жорий йил мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларига сайловларда партия вакиллари зиммасида турган улкан масъулият, ижтимоий адолат, илм-фан, таълим-тарбия ва соғлиқни сақлаш соҳасида аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган  устувор  вазифалари  тўғрисида батафсил маълумот берди.  “Адолат” СДПнинг сайловолди дастуридан ўрин олган  лойиҳалар ва асосий йўналишлар, шунингдек  айни кунларда жадал амалга оширилаётган чора-тадбирлар  ҳақида сўзлаб берди.

Фикримча, сиёсий тизимда парламент ва сиёсий партияларни барқарор ишлашини амалга оширмай туриб, ҳақиқий ва изчил демократик жараёнларга эришиб бўлмайди. Жамиятда бевосита инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоялашни дастурий мақсадларига айлантирган “Адолат” СДПга аъзо бўлишдек  юксак мақсадга эришдим.

Энди мен оддий фуқаро эмас, мамлакатимиздаги йирик сиёсий партиянинг аъзосиман. Шу боис бор кучим, билимим ва салоҳиятим билан ўзим ишонган ва аъзоси бўлган партиянинг илғор ва ҳаётбахш ғояларини рўёбга чиқариш йўлида тинмай ҳаракат қиламан.

Зафар РАҲИМОВ,

партия фаоли

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+