Ташаббускор ёшлар БПТга бирлашди

29.01.2020 16:01:45

Ёшлар - эртанги кунимиз эгалари. Бу сўз замирида чуқур маъно ифодаланганки, Ватан истиқболи ана шу ёшларнинг қай даражада камол топганлиги билан белгиланади. Бугун замон ёшлари ҳар томонлама билимга эга, салоҳиятли бўлиб вояга етишмоқда.

Куни кеча пойтахтимиздаги Ёшлар марказида ўтказилган тадбир айнан ёшлар иштирокида бўлиб ўтгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ҳамда Тошкент шаҳар Кенгаши вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда ёшларга оид партия сайловолди дастурида илгари сурилган устувор ғоялар ҳамда уларнинг амалий ҳаётда акс этаётганлиги хусусидаги фикрлар янгради. Шунингдек, тадбирда кўплаб таниқли санъаткорлар, маданият-маърифат соҳаси вакиллари ҳам иштирок этишди.

Дарҳақиқат, бундан 2-3 ой олдин партия ўзининг ҳаётбахш ғоялари орқали халқ қалбига янада чуқурроқ кириб борди. Халқ “Адолат”нинг адолатли ғоялари ортидан эргашди. Гарчанд кимлар учундир амалга ошиши ҳаёлий деб ҳисобланган сўзлар мана, бугун ҳаётда ўз амалий ифодасини топиб турибди. Давлатимиз раҳбарининг Парламенттга Мурожаатномасида айтилган жумлаларда “Адолат”нинг нафасини аниқ ҳис этиш мумкин. Партия Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров шу ҳақида сўзлар экан, ёшларнинг таълим олишга имкониятлари икки баробар ортаётганини, эндиликда ҳар икки абитуриентдан бири талаба бўлиш имкониятини қўлга кирита олишини мамнуният билан сўзлади:  “Энг муҳими, партиянинг халққа берган ваъдалари амалга ошмоқда. Халқ ишончини оқлашдек олий олқишга сазовор бўлдик. Энди асосий талаб ёшлардан берилган ушбу имкониятларга лойиқ бўлиш, ўз устида тинимсиз изланиб, ўқиб-ўрганишдир” деди у.

Шу билан бирга, партия Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Баҳром Валиев, депутатлар, Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзолар ҳам ёшларга ўзларининг илиқ ва самимий фикрларини баён этишди.

Асосан талаба-ёшлар қатнашган учрашувда улар томонидан илғор ғоя ва таклифлар ҳам янграб ўтди. Шундай таклифлардан бири - қонунлар ишлаб чиқилиши ва унга таклифлар киритишда ёшлар учун алоҳида жамоатчилик портали ташкил этиш зарурлиги ҳақидаги ғоя аҳамиятли бўлди. Мазкур ғоялар эътиборга олинган ҳолда келгусида Парламентга таклиф сифатида киритилиши белгиланди.

Эришилган ушбу натижалардан руҳланган талабаларнинг партияга хайрихоҳлиги тобора  ортиб, шу ернинг ўзида янги бошланғич партия ташкилотига бирлашдилар. Ўз навбатида БПТ раиси этиб Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига сайланган энг ёш депутат, Тошкент давлат техника университети магистранти Бехзод Тўхтамуродов бўлиши белгиланди.

Тадбир сўнгида ташкилотчилар томонидан иштирокчиларга сара адабиётлар намуналаридан китоблар жамланмаси туҳфа этилди.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+