Ташрифдан сўнг: Ўзгараётган Олот ва олотликлар

29.01.2021 22:01:44

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев шу йил 21-22 январь кунлари Бухоро вилоятига ташрифи доирасида Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифалари бўйича маъруза қилди.

Жойлардаги муаммо ва имкониятларни маҳалла даражасида ўрганиш, аҳоли бандлиги ва даромадини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича янги иш тизими жорий этилиши таъкидланди.

– Энди жамиятимизда бошқача йўналиш бўлади – маҳалла катта кучга айланади. Агар маҳалла раиси билимли, фидойи бўлса, кайфият ҳам, иқтисодиёт ҳам ўзгаради, – деди давлатимиз раҳбари.

Шу мақсадда вилоятга ишчи гуруҳлари юборилиб, шаҳар-туманларга вазирлик, идора ва тижорат банклари раҳбарлари бириктирилди.

Амалий саъй-ҳаракатлар эса бугун Олот туманидан бошланди. Хусусан, республика ва вилоят мутасаддилари туманнинг “Арабхона” МФЙда истиқомат қилаётган Қаҳрамон Яхшиев хонадонида бўлиб, унинг турмуш тарзини ўргандилар. Ўрганиш натижасида 25 сотихдан иборат ҳовлининг 15 сотихга етадиган экин еридан фойдаланиш аҳволи ниҳоятда қониқарсиз эканлиги аён бўлди. Маҳалла ва тижорат банки мутасаддилари хайрихоҳлигида Қаҳрамон Яхшиев оиласи учун экин ерининг 1 сотихида иссиқхона қуриб беришга қарор қилинди. Шу куннинг ўзида хонадонда иш бошланди. Уй эгаларига иссиқхона хўжалигидан олинадиган даромад, йилда уч маротаба ҳосил олиш мумкинлиги ҳақида батафсил тушунча берилгач, уларнинг ўзларида ҳам иссиқхонада ишлаб фойда кўришга ишонч уйғонди. Қолаверса, имтиёз асосида бир бош қорамол ва 50 та товуқ берилиши рўзғор бутлигини таъминлайдиган бўлди.

Ҳудудда савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, якка тартибдаги тадбиркорлик билан бир қаторда ўз-ўзини банд қилиш орқали даромадга эришиш, шунингдек, тиббий хизмат ва халқ таълими сифатини ошириш, ички йўллар таъмири, электр энергияси ва табиий газ таъминотидаги камчилик ва нуқсонларни узил-кесил ҳал қилиш, айниқса, ёшлар муаммоларига ечим излаш, маълумотга эга бўлмаган фуқароларни ўзлари танлаган касб-ҳунарга ўқитиш орқали оила эҳтиёжларини қондириш ишлари жадал суратларда давом этмоқда.  

Биргина “Арабхона”да “Темир дафтар”га киритилган оила сони 95 та бўлса, уларда меҳнатга лаёқатли фуқаролар сони 152 нафарни ташкил этмоқда. “Аёллар дафтари”га киритилган 39 нафар, “Ёшлар дафтари”га киритилган 33 нафар фуқаро билан иш олиб борилиб, уларни дафтардан чиқариш ва даромадли оилалар сафига қўшиш чоралари кўрилмоқда.

 

Зафар ЭРНАЗАРОВ,

“Адолат” СДП

Олот туман кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+