Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганлар ҳақида ким қайғуради?

07.09.2019 13:09:41

Яқинда Президентимиз “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини имзолади. Мазкур Қонун Сенатнинг йигирма биринчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан маъқулланган эди.

Қонуннинг мақсади хотин-қизларни турмуши, иш жойлари, таълим муассасалари каби жойларда тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, уларнинг олдини олишдаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонунга асосан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

* ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилгани ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисида ариза билан тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш;

* махсус марказлар ва ишонч телефони орқали бепул ҳуқуқий маслаҳат, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш;

* ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш, ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда уларни бу ҳақида хабардор қилиш;

* содир этилган тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий ҳамда маънавий зарарни қоплаш талаби билан судга мурожаат этиш.

Айтиш жоизки, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи етказилган моддий ҳамда маънавий зарарни қоплаш тўғрисида ариза билан судга мурожаат этганида давлат божи тўлашдан озод қилинади.

Шу билан бирга, мазкур ҳужжатга мувофиқ, тазйиқ ва зўравонлик жабрланувчисига ҳимоя ордери берилади. Тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд зўравонлик содир этишга мойил бўлган шахсга ҳимоя ордерининг бошқа нусхаси берилади.

Бундан ташқари, зўравонлик ҳолати мавжуд бўлганда тазйиқ ва зўравонлик жабрланувчисининг ёки унинг қонуний вакилининг бошпана бериш тўғрисидаги талаби бўйича тегишли ваколатли орган ва ташкилотлар жабрланувчиларнинг махсус марказларга жойлаштирилишини таъминлайди. Тазйиқ ва зўравонлик жабрланувчисини махсус марказга унинг хоҳишига кўра ўттиз кунгача бўлган муддатга жойлаштирилади. Зарурат бўлган ҳолда бу муддат махсус марказнинг уставида белгиланган тартибда узайтирилиши мумкин. Махсус марказга жойлаштириш муддати тугагач, тазйиқ ва зўравонлик жабрланувчисига хавф мавжуд бўлса, махсус марказ маъмурияти бу ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериши шарт.

Шу билан бирга, тазйиқ ва зўравонлик жабрланувчисига ёрдам кўрсатган шахсларга маълум бўлиб қолган барча маълумотлар қонун ҳужжатлари билан ҳимоя қилинади.

 

Гавҳар АЛИМОВА, партия фаоли,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+