Телекоммуникация хизматлари сифати яхшиланмоқда

21.08.2020 13:08:08

“Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш” Давлат дастурининг бажарилиши юзасидан ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш соҳасида ҳам белгиланган вазифалар амалга оширилмоқда. Мамлакатда рақамлаштириш, АКТни ривожлантириш, аввало ҳудудларнинг тезкор интернет ва алоқа тармоқлари билан таъминланишига боғлиқ.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари” қўмитаси аъзолари соҳада олиб борилаётган ишлар, дастурда белгиланган бандларнинг ижроси билан танишиб бормоқдалар, Ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги билан доимий алоқадалар.

Бугунги кунда ҳудудлар кесимида амалга оширилаётган ишларни депутатлар ўз сайлов округларида ҳам кузатганда, аҳоли учун телекоммуникация хизматларини яхшилаш ишлари сифати ортиб бораётганимаълум бўлади.

Жумладан, Фарғона вилояти, Бағдод туманида телекоммуникация инфратузилмасини кенгайтириш ва хизматлар сифатини яхшилаш мақсадида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 50 км. масофада оптик толали алоқа кабеллари тортилди. Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизматининг туман телекоммуникация боғламаси бошлиғи Саидбек Ўринбоевга таяниб маълум қилишича, шу кунга қадар тумандаги 26 та умумий ўрта таълим мактаби, 17 та мактабгача таълим ҳамда 12 та тиббиёт муассасасига замонавий алоқа кабеллари орқали хизмат кўрсатилмоқда. Йил якунигача мавжуд инфратузилма объектларининг барчаси мазкур хизматлардан фойдаланиши мумкин бўлади.

Бу эса “Ўзбектелеком” АЖ томонидан мамлакатимизнинг олис қишлоқ ҳудудлари аҳолисини ҳам сифатли алоқа ва интернет хизматлари билан таъминлаш борасидаги ишлар Бағдод туманида ҳам тизимли тарзда олиб борилмоқда эканини билдиради. Шу кунларда туман марказидан 10-12 км. масофада жойлашган аҳоли яшаш пунктларида қазиш ишлари давом этмоқда. Ҳозирги кунда туманнинг “Бағдод”, “Самарқанд”, “Чуваланчи”, “Хитой”, “Қоракўл”, “Ултарма”, “Қўштегирмон”, “Дўрманча” ва “Дўстлик” МФЙ ҳудудларига оптик толали алоқа кабелларини тортиш-ётқизиш ишлари якунланган. Тез орада ушбу ҳудудлардаги аҳоли ҳамда ижтимоий соҳа объектлари сифатли телекоммуникация хизматларидан фойдаланишлари мумкин. 

Маълумотларга кўра, 2019 йилнинг шу даврида туманда атиги 95 та мижозга оптик толали алоқа кабеллари орқали хизмат кўрсатилган бўлса, жорий йилнинг ўтган 6 ойида бу кўрсаткич 512 тага етди. Белгиланган режага мувофиқ, йил якунига қадар сифатли телекоммуникация хизматларидан фойдаланувчилар сони 2 мингдан ортиши кутилмоқда.

2021 йилнинг охирига бориб эса тумандаги ҳар бир хонадонда, ҳар бир ижтимоий соҳа объектларида шиша толали алоқа кабеллари орқали хизмат кўрсатиши кутилмоқда. Албатта, бунинг учун катта миқдорда маблағ сарфланади, шу йилнинг бошидан буён мазкур йўналишда 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. 

Соҳада амалга оширилаётган янгиланишлар натижаси корхонанинг иқтисодий кўрсаткичлари юқорилаб бораётганида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Бинобарин, ўтган 2019 йилнинг биринчи ярмида корхона 250 млн. сўмга яқин даромад олган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 425 миллион сўмни ташкил қилган. Иккинчи ярим йилликдан бошлаб ҳар ойда 100 миллион сўм атрофида даромад олаётган Бағдод телекоммуникация боғламаси йилнинг сўнгги чорагида ойлик даромадни 200 миллион сўмга етказмоқчи.

Яна шуниси эътиборлики, тўлов қобилиятини ошириш ва мижозларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида боғламада замонавий инфокиоск ҳам ўрнатилган.

Юқоридаги телекоммуникация соҳасида амалга оширилаётган ишлар янги ўқув йилини онлайн тарзда масофавий таълим сифатида бошламоқчи бўлиб турган Олий ва халқ таълими тизимида таълим сифатининг, шунингдек, “Бир миллион дастурчи” лойиҳасини амалга ошириш ишларининг ва умуман аҳолига ҳар томонлама қулай хизматлар кўрсатишнинг гарови ҳисобланади.      

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари” қўмитаси аъзоси 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+