Телевизорга сиғмаган тилимиз

23.10.2019 16:10:34

Куни кеча ҳаммамиз ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганини байрам қилдик. Мени энг хурсанд қилгани кеча шу байрам кунида ўзбек тилини ривожлантириш ҳақида эълон қилинган Президент фармони бўлди. Бугунги ёш авлод тилимизга СССР пайтида эътибор ва муомала қандай бўлган, билишмайди. Фурсатдан фойдаланиб бироз тарихни эсладим.

Ақлимни энди таниган пайтларим. Ўшанда мен учун энг яхши овунчоқ телевизор эди. Кичикроқ, оқ-қора кўрсатадиган "Рассвет" телевизоримиз бўлар эди ва мен кўпинча ўшани қўйиб томоша қилар эдим. Ўшанда, адашмасам учта канал бор эди, иккитаси Москваники, биттаси Ўзбекистон телеканали. Очиғи ўша пайтда телеканаллар қандай номланар эди, эслай олмайман. Адашмасам Москвадан кўрсатадиган телеканалнинг бири “Марказий телевидение” деб аталар эди шекилли. Ўша пайтда телевизор томоша қилар эканман, мен учун энг ёқимсиз ҳолат аксарият пайтларда ҳар учала телеканал турли кўрсатувларни, мультфильмларни, кинофильмларни рус тилида қўяр эди. Мен эса бу тилни мутлақо тушунмасдим. "Қачон ўзбекча кино ёки мультфильм қўяркин?" деб кутиб ўтирар эдик. Ўша пайтларда Ўзбекистон телеканалининг ҳам ярмидан кўп кўрсатувлари рус тилида эди. Кинофильмларнинг ҳам кўпи русча. Ҳатто, ўша пайтларда ҳамма учун севимли жамоа бўлган "Пахтакор"нинг ўйинларини ҳам Ахбор Имомхўжаев билан бир рус шарҳловчиси (адашмасам, исм-шарифи Роман Турпишев) галма галдан бир ўзбекча, бир русча гапириб шарҳлашарди. Тасаввур қилаяпсизми, Ўзбекистон деб аталмиш республикада битта телеканал бор эди ва у ҳам ўз эфир вақтининг ярмидан кўпини рус тилида узатарди. Ўшанда аҳвол шундай эди.

Ҳозир эслаяпман, 1983-85 йиллар оралиғида СССРни бошқарган учта раҳбар вафот этди. Аввал, Леонид Брежнев 1982 йилнинг 10 ноябрь куни, сўнг унинг ўрнига тайинланган СССРда, Сталин даврида НКВД раҳбари бўлган Лаврентий Берия, ундан кейин узоқ йиллар КГБ (Давлат хавфсизлик қўмитаси-ДҲҚ) раҳбари бўлган Юрий Андропов 1984 йил 9 февралда, сўнг унинг ўрнига СССР раҳбари бўлган Геннадий Черненко 1985 йил 10 март куни оламдан ўтди. Ҳозир шу тобда уларнинг ўлган саналарини эслаб қолганимнинг сабаби, бу уч арбоб ўлган кунларда мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилиниб, жин ургур телевизор ҳеч нарса кўрсатмай, фақат Кремлни кўрсатиб мотам мусиқаси чалиб ўтираверар эди. Ўшанда ёш бола эмасманми, телевизор нега ҳар куни томоша қиладиганим мультфильм ва кинофильмларни қўймай, Кремлни кўрсатиб, одамнинг миясини эговлаб юборадиган мусиқани куни билан қўйишини тушунмасдим. Шу учун ўша кунларда ҳар замонда ўчиқ турган телевизорни ёқардим, мотам давом этаяпти. Бошқа каналларга бураб кўрардим, ҳаммасида ўша аҳвол, сўнг жаҳл билан телевизорни ўчирардим. Бироздан кейин эса "зора мотам мусиқаси тугаган бўлса" деб телевизорни қайта ёқардим, яна ўша аҳвол. Мотам 3 кун – марҳумнинг тобутини тантана билан кўтариб келиб қизил майдондаги қандайдир чуқурга арқон билан тушириб, устини бетон плита билан ёпганларигача давом этар эди.

Ўшандай кунларда ўлганни ҳам, унга мотам тутиб кинофильм ва мультфильм қўйиб бермайдиган телеканални ҳам жуда ёмон кўрар эдим.

Тўғрида, ўзи мен тушунадиган тил - ўзбекчада кам кўрсатув қўйса, бунинг устига кимдир ўлса уч кунлаб мотам мусиқаси чалса, бундан ёмони бўлмаса керак.

Яна бир маълумот кинофильмлар ҳақида. Ўша пайтда хориж фильмлари қўйилармиди? Қўйилар эди. Фақат социалистик лагерга кирадиган давлатлар суратга олган ва "коммунистик мафкура"га мос келадиган фильмлар кўрсатиларди. Социалистик лагерга алоқаси бўлмаган Ҳиндистон, Туркия каби мамлакатларнинг ҳам мелодрамма жанрида олинган фильмлари қўйилар эди. Ғарб дунёсининг, Голливуднинг фильмлари телевизордан кўрсатилганини эслай олмайман. Адашмасам қўйилмаган.

Ҳа, ўша пайтлар тилимизга муносабат шундай эди. Аҳвол 1989 йилдан кейин ижобий томонга ўзгара бошлади.

Ғайрат Йўлдошев,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Самарқанд вилоят Кенгаши фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+