Тенглар ичра тенг ўзбекмиз

07.10.2020 12:10:47

Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг етмиш бешинчи юбилей сессиясида  юқори даражадаги умумсиёсий мунозаралари билан  иштирок этиши ва минбарда туриб ўзбек тилида сўзлаши барча юртдошларимизнинг қалбида ўзгача фахр туйғусини акс эттирди дея оламиз. Бу илк бора халқаро майдонда ўзбек тилида нутқнинг жаранглаши тарих зарварақларида алоҳида битиб қолдирилиши аниқ. Юртбошимиз ўз нутқида Умумжаҳон халқларининг саломатлиги ва тинчлиги ҳамда фаровонлиги йўлидаги  зарур бўлган аниқ мақсадли вазифалар хусусида тўхталиб ўтди. Унда илгари сурилган бугунги вазият, яъниким коронавирус балосининг олдини олиш ва аҳолига қулай муҳитни яратиш халқлар саломатлиги йўлида биргаликда курашиш зарурлиги алоҳида тилга олинди. Ҳар битта давлатнинг ўз олимлари бу касаллик учун ечим излашяпти. Аммо кучлар бирлашса натижа бунданда тезроқ юзага чиқишини ҳам унутмаслик кераклигини, бугун ҳар бир мамлакат ўзаро дўстлик риштасини мустаҳкамлаши зарурлигини алоҳида таъкидладилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан минтақада ва глобал миқёсда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, конструктив мулоқотни кенгайтириш, шунингдек, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси, қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни қисқартириш масалалари каби замонавий хатар ва таҳдидларга қарши қаратилган қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Бу ташаббусларнинг амалий натижалари эса ҳар бир давлат раҳбарининг кундалигидан жой олди, дейишимиз мумкин.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида ҳам қатор муҳим таклиф ва фикр-мулоҳазаларини баён этган эди. Уларни амалга ошириш доирасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари мунтазам ўтказиб келаётганлиги, хусусан, иккинчи шундай учрашув ўтган йили ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилганлиги, шунингдек, 2018 йил март ойида пойтахтимизда Афғонистон бўйича юқори даражадаги халқаро конференция муваффақиятли ташкил этилганлиги, унинг якунида афғонлар аро тинчлик музокараларини бошлаш бўйича ўзига хос “йўл харитаси”га айланган декларацияси ва шу  йилнинг декабрь ойида эса БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюцияси қабул қилинганлиги давлатимиз раҳбарининг маърузаларида қайд этиб ўтилди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан анжуманда Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш масалалари БМТнинг доимий эътиборида бўлиши ва БМТ ҳузурида Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш бўйича Қўмита ташкил этиш таклифини киритди.

Давлатимиз раҳбарининг маърузасида сессия иштирокчиларини эътиборини тортган яна бир муҳим масала бугунги кунда БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияси лойиҳасини тайёрлаш ишлари олиб борилаётганлиги ва ушбу конвенциянинг долзарблиги жорий йил август ойида ўтган “Ёшлар 2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” Самарқанд форумининг халқаро иштирокчилари томонидан эътироф этилганлиги  ва Ўзбекистон БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенциясини қабул қилиш тарафдори эканлигини такидлаб ўтди. Бу ҳам албатта ёшлар учун яна бир қулай муҳитни ҳозирлигини намунадаги исботи, дейишимиз мумкин. Бу сессияни барча аҳоли бирдек кузатар экан, унда илгари сурилган ҳар бир масалада дунё ҳамжамиятининг муаммолари бирлаштирилганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Шуни алоҳида айтмоқчиманки, Юртбошимиз томонидан Марказий Осиё минтақасидаги Оролбўйи экологик вазиятга алоҳида тўхталиб, икки йил аввал ташкил этилган Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик асосидаги Траст фонди амалий фаолият кўрсатаётганлиги таъкидлаб ўтилди. Оролбўйи худуд экологик фожиасининг марказига айланганлигини инобатга олиб,  Оролбўйи минтақасини экологик иновация ва технологиялар худуди деб эълон қилиши хақида БМТнинг бош ассамблеяси махсус резолюцияси қабул қилинишини таклиф этганликлари ҳам жуда катта муаммоларнинг ижобий эчими учун хизмат қилди назаримизда. Давлатимиз раҳбари томонидан сессиясида кўтарилган масалалар бугунги куннинг энг муҳим ва долзарб вазифаларидан эканлиги билан  анжуман иштирокчилари эътиборини тортганлиги  дунё мамлакатларининг Ўзбекистон давлатига бўлган ижобий қарашларини ортишига хизмат қилиши айни ҳақиқатдир. Шу ўринда айтишим мумкинки, тенглар ичра тенг Ўзбекистоннинг ҳар бир ўғил-қизи ўз аджодларига мос авлод бўлиш учун жаҳон майдонида Ўзбекистон байроғини баланд қилмоқдалар. Демакки, ўз ғоялари билан дунё давлатларини эзгулик ва бирдамлик йўлига чорлаган Юртбошимизнинг маърузалари барчамизга яна бир карра илҳом манбаи бўлди.

Мақсуд ҲАМИДОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+