Термиз туман СЭОМ фаолиятидаги камчиликлар аниқланди

17.09.2020 14:09:34

Халқ депутатлари Термиз туман Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари  томонидан партиянинг “Тиббий маданият –соғлом жамият асоси” лойиҳаси доирасида ҳудудда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, санитария ва гигиена қоидаларига амал қилиш борасида туман санитария ва эпидемиология ҳолатини  ўрганиш юзасидан ишлар олиб бори.

Ўрганишлар хулосалари асосида тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилмоқда, ҳудудда мавжуд долзарб масалаларни туман сессиясида кўтаришга ҳаракат қилишмоқда. Яқинда депутатлик гуруҳининг ташаббуси билан Халқ депутатлари  Термиз туман Кенгашининг навбатдаги сессиясига масала киритилди. Унда “Туман давлат санитария-эпидемиология осойишталиги маркази томонидан олиб борилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш тўғрисида”ги  Халқ депутатлари Термиз туман Кенгаши депутати Ш.Хаитовнинг ахбороти тингланди.

Унга кўра, пандемия даврида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматларни янада яхшилаш, янги тиббий ускуналар билан жиҳозлаш, даволаш ишларига илғор тажрибаларни киритиш устувор вазифа қилиб белгиланганлиги айтиб ўтилди.

Марказ ходимлари томонидан ҳозирги кунгача 13 437 нафар фуқародан тест намуналари олиниб, марказнинг вирусология лабораториясида текширилган. Туман Давлат санитария эпидемиология марказида айни пайтда 6 та олий маълумотли шифокор, 42 та ўрта тиббиёт ходимлари ва 34 нафар кичик тиббиёт ходимлари фаолият кўрсатиб, туну кун беморларга муолажалар олиб боришяпти. Марказда коронавирусга қарши чора-тадбирларнинг ижросини таъминлаш мақсадида жами 550 дан ортиқ кўнгилли тиббиёт ходимлари фаол қатнашиб келяпти. Карантин тадбирларини ўтказиш мақсадида 3000 килограмм хлор, 3000 дона тиббиёт қўлқоплари, 112 литр антисептик воситалар,  450 дона ҳимоя кийимлари ишлатилган.

Шундай бўлса-да, депутатлик ишчи гуруҳи томонидан марказ фаолиятини ўрганиш давомида бир қатор камчиликлар ва муаммоли ҳолатлар аниқланди. Текширувларда туман аҳолиси йилдан йилга ўсиб бориши ҳисобига марказни шифокорлар билан таъминлаш масаласи паст кўрсаткични ташкил қилаётганлиги, марказ биносида бактериология ва паразитология лабораториясида хоналар етишмаслиги, борлари ҳам мутлақо талабга жавоб бермаслиги аниқланди. Марказ биноси  аҳоли турар жойига жуда яқин бўлиб, касаллик кўпайишида жиддий хавф солиши мумкин.

Шунингдек, ўрганишларда марказ ходимлари томонидан тест намуналарини олиш давомида карантин қоидалари бузилаётганлиги ҳам аниқланди.

Сессияда аҳоли орасида юқумли касалликларнинг олдини олиш, тор соҳа мутахассисларининг вакант иш ўринларини тўлдириш чораларини кўриш ҳамда коронавирус тарқалишидан огоҳлик борасида туманда амалга оширилаётган ишлар  атрофлича муҳокама этилди. Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш, аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатилиши, унинг ўз вақтида ва юқори сифатли бўлишини ташкиллаштириш ҳамда янги бино лойҳасини Дастурга киритиш ва қурилиш ишларини имкон қадар тезроқ бошлаш зарурлиги тўғрисида чора-тадбирлар белгиланди.

Сессияда кун тартибида кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Шу ўринда айтиш лозимки, депутатлик гуруҳининг ҳали олдинда қилиши лозим бўлган ишлари талайгина. Бу йўлда эса маҳалий Кенгашларимиздаги депутатларда  масъулият шиорга айланиши лозим.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+