Тиббий маданият нима? У бизда етарлими?

20.11.2019 14:11:59

Жорий йилнинг 15 ноябрь куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Боёвут туман Кенгаши томонидан “Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш –давр талаби” мавзусида сайловолди тарғибот тадбири ташкил этилди. Партия фаоллари, депутатлар, бўлажак сайловга кўрсатилган номзодлар, кенг жамоатчилик – ўқитувчилар, шифокорлар, нафақахўрлар, ҳайдовчилар, ёшлар иштирок этган мазкур тадбир туман “Маданият ва истироҳат боғи”да ўтказилди.

Бугунги давр ҳар бир кишидан юқори тиббий билимга эга бўлишни талаб этмоқда. Зеро, тиббий кўникма ва билимлар кишини соғлом турмуш тарзига ундайди. Тадбирга йиғилган иштирокчиларнинг эътибори шу ва бошқа фикрларга қаратилди. Туман партия Кенгаши раиси сайловолди дастурда акс этган йўналишлар ва муаммоларни ҳал этиш бўйича илгари сурилаётган ғоялар хусусида ахборотлар берди. Жумладан, партия аҳолига бепул ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ишларини такомиллаштириш бўйича аниқ дастур ва ғояни олиб чиқаётганлиги таъкидланди. Инсон органлари трансплантацияси бўйича қонун яратилишида партия ўз ташаббусини илгари сураётганлиги айтиб ўтилди. Бу қонун амалиётга жорий этилса, кўплаб фуқароларнинг мушкули осон бўлиши, мураккаб донорлик операцияларини чет давлатларга бормасдан ўзимизнинг мамлакатимизда амалга ошириш мумкинлиги тадбир иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди.

Шунингдек, ҳар бир инсон ўз соғлиги муҳофазасига жиддий аҳамият қаратиши, ўз-ўзини назорат этиб бориши, турли хил касалликларнинг олдини олишда тиббий билимларини ўстириши лозимлиги эътироф этилди. Ўз навбатида партия қуйи тизимида фаолият юритаётган бошланғич партия ташкилотлари бу борада аҳолига яқиндан ёрдам кўрсатиб келаётганлиги маълумот сифатида келтириб ўтилди.  

Тадбир давомида янграган куй-қўшиқлар митинг қатнашчиларига янада кўтаринкилик бағишлади. Сиёсий билимларни ошириш мақсадида савол-жавоблар ўтказилди.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят Кенгаши

матбуот котиби      

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+