Тиббиёт миллат ва дин танламайди

14.05.2020 15:05:30

Тарихда Гиппократ номи билан яшаб ўтган буюк табибнинг қасамёди неча асрлар ўтса ҳамки, тиббиёт илмининг бутун мазмун-моҳияти марказида турибди. Мазкур таълимот дунё миқёсида турли миллат ва эътиқодга эга бўлган шифокорлар маънавий оламидан жой оладиган ғояга айланган. Ҳар бир шифокор ўз фаолиятини бошлаш олдидан, албатта, қасамёд қилади. Бемор қандай инсон, қайси миллат вакили бўлишидан қатъий назар даволашга, тиббий ёрдам беришга аҳд қилади, шу вазифани, масъулиятни ўз зиммасига олади.

Тиббиётда миллатчилик, диний айириш йўқ. Буюк олим Абу Али Ибн Сино ватани бўлмиш Ўзбекистонда тиббиёт жадал ривожланаётгани халқаро миқёсда кенг эътироф этилмоқда. Бунинг асоси соҳа ходимлари  мамлакатимиздаги юздан зиёд миллат вакилларига бир хил муносабатда бўлишлари, соҳани ривожлантириш йўлида халқаро алоқаларни мустаҳкамлаётганлигидир.

Жумладан, 5 минг нафардан зиёд “адолатчилар”ни бирлаштирган   турли миллат вакилларидан иборат Андижон давлат тиббиёт институти жамоаси тиббиётни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида 40 дан зиёд хорижий тиббиёт муассасалри билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Шу ўринда бир мисол. Россия федерациясининг Доғистон давлат тиббиёт университетида фавқулодда ҳолатларда тиббий ёрдам кўрсатиш йўналиши бўйича ўтказилган халқаро олимпиадада институтимиз жамоаси 25 та жамоа ўртасида фахрли 3-ўринни эгаллашди. Бу бизни фахрлантириш билан бирга ёшларимиз халқаро миқёсда, турли миллат вакиллари билан бир сафда, дўстона, бир мақсад - инсонлар саломатлигини сақлаш борасида бирлашган ҳолда иш олиб боришда уларга бўлган ишончни янада оширади.

  Дўстлик ва кўп миллатли ягона оила туйғуси муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш бизнинг  эзгу мақсадимиз. Ишонч билан айтишим мумкинки, Ўзбекистон ёшлари дунёқарашида толерантлик ҳисси шакланган, ёшларимиз умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилади.

Мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари якдил, аҳил бўлиб яшаётгани, ҳар бир инсоннинг ҳаётий манфаатлари ҳамда эзгу мақсадлари рўёби учун тенг ва кенг имкониятлар яратиб берилгани алоҳида эътирофга ҳамда ибратга лойиқ. 140 га яқин миллий маданий марказларнинг самарали фаолият олиб бориши учун ҳар томонлама кўмаклашилаётгани турли миллат вакилларининг ўз она тили, маданияти, санъати, ҳунармандчилиги ва миллий қадриятларини ривожлантиришида муҳим ўрин тутади. Ёшларнинг онгида умуминсоний қадриятлар миллий қадриятларимиз замирида улуғланиб келмоқда.

Коронавирус пандемияси шароитида андижонлик тиббиёт ходимлари ягона куч сифатида бирлашиб, кўринмас ёвга қарши кураш олиб бормоқда. Касалликка қарши курашда дунё халқларининг саломатликни сақлаш, мустаҳкамлашга қаратилган анъаналари эътироф этиляпти. Жумладан, бизнинг миллий қадриятларимиз  – қўлини кўксига қўйиб саломлашиш, уйга меҳмон келганда қўлга сув қуйиш, жамоат жойларида масофани ушлаш, мева-сабзавотларни кўп истеъмол қилиш каби урф-одатларимиз касалликни бартараф этишда алоҳида аҳамият касб этади.

Қачонки дунёда миллатлараро тотувлик, миллий, диний ва сиёсий бағрикенглик барқарор бўлар экан, шундагина беморлар дардига тез малҳам топади, инсонлар саломат бўлади, касаллик ортга чекинади. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, дунёдаги динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади ва яхшилик, тинчлик, дўстлик хусусиятларга таянади. Одамларни ҳалоллик ва поклик, меҳр-шафқат, биродарлик ва бағрикенгликка даъват этади. Азал-азалдан она юртимизда ислом, христиан, буддавийлик каби дин вакиллари ёнма-ён яшаб келган. Асрлар мобайнида йирик шаҳарларда масжидлар билан бирга черковлар мавжуд бўлган, турли динга мансуб халқлар ўз диний амалларни эркин адо этиб келган. Тарихимизнинг энг мураккаб, оғир даврларида ҳам диний асосда можаролар бўлмагани халқимизнинг динлараро бағрикенглик масаласида улкан тажриба эга эканлигидан далолат беради.

Дунё аҳли куни кеча Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини нишонлади. Дунёга якка ҳукмдорлик ғоясини илгари сурган фашизм балоси дунё халқларининг бирдамлиги, турли миллат вакилларининг ҳамжиҳатлиги, ўзаро қўллаб-қувватлашлари билан бартараф этилди. Бу урушда ўзбек халқи кўрсатган бағрикенглик, меҳрибонлик, болажонлик дунё ҳамжамияти томонидан алоҳида эътироф этилиши халқимизга бўлган ҳурматни яққол ифода этмоқда.

Бугун мактаб синфхонларидаги ўқувчилар, олийгоҳлардаги талабалар эртанги кун ўқитувчиси, шифокори, қурувчисидир. Шундай экан, бугунги кун зиёлийларининг вазифаси Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик, миллий, диний ва сиёсий бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида ёш авлодни ота-боболаримиз анъаналарига содиқ ҳолда тарбиялашдан иборат. Умуминсоний қадриятлар руҳида тарбияланган ёшлар буюк келажагимиз асосчиларидир.

 

Мадаминжон МАДАЗИМОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти Кенгаши раиси,

Андижон давлат тиббиёт институти ректори,

профессор

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+