Тиббиёт муассасаларидан маълумотномалар олиш соддалаштирилди

16.01.2020 16:01:17

Вазирлар Маҳкамаси 10.01.2020 йилдаги “Давлат тиббиёт муассасалари томонидан фуқароларга маълумотномалар бериш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 18-сон қарорни қабул қилди.

2020 йил 1 апрелдан бошлаб, фуқаро руҳий касалликлар ёки наркология диспансерида ҳисобда туриши ёки турмаслиги тўғрисидаги маълумотномалар фақат Давлат хизматлари марказлари, шунингдек Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали  берилади. Шу муносабат билан шу санадан бошлаб кўрсатилган тиббиёт муассасалари томонидан маълумотномаларни тўғридан-тўғри бериш амалиёти бекор қилинади. Наркология ва руҳий касалликларга чалинган фуқаролар ҳисоби фақат электрон шаклда юритилади.

Адлия вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2020 йил 1 мартга қадар давлат хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган автоматлаштирилган электрон ахборот тизимини ишлаб чиқади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2020 йил 1 апрелга қадар ишлаб чиқилган автоматлаштирилган электрон ахборот тизимига кўрсатилган диспансерлар ҳисобида турган фуқаролар ҳақида маълумотлар киритилишини таъминлайди. Ушбу маълумотлар маълумотномалар тақдим этиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш учун база бўлади.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Давлат хизматлари агентлиги билан келишилган ҳолда ҳужжатларнинг намунавий шакллари, бланкаларини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди. 2020 йил 1 мартга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг тегишли ҳудудий бўлинмалари ЯИДХПга уланади.

Давлат хизматлари агентлиги ЯИДХПда хизматлар кўрсатилишининг ҳар бир босқичида юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартибини белгилайди.

Қарорда белгиланишича, давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ҳамда Давлат хизматлари агентлиги раҳбарлари ҳужжатда назарда тутилган вазифаларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар. 

Ҳужжат билан фуқароларнинг руҳий касалликлар бўйича ва наркология диспансерлари ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисида маълумотнома бериш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентлари тасдиқланди.

Хизмат кўрсатилгани учун БҲМнинг 2%и миқдорида йиғим ундирилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда, кўрсатилган сумманинг 90%и миқдорида йиғим тўланади.

Қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 11.01.2020 йилдан кучга кирди.


Манба: Norma.uz

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+