Тиббиётдаги устувор вазифалар белгилаб олинган Қарор

15.04.2020 13:04:37

Куни кеча муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев “Тиббий санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Мазкур қарор тиббиёт соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш, тиббиёт ходимларига бўлган эҳтиёжни қондириш, тиббий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда қатор янгиликларни ўз ичига олганлиги билан аҳамиятлидир. Бугунги дунёдаги вазият пандемия шароитида ўрта ва кичик тиббиёт ходимларига, санитар-шифокорларга талаб жуда юқори эканлигини кўрсатяпти. Қарор ана шу эҳтиёжлардан келиб чиқиб тиббий-санитария ходимларининг касбий ривожланиши, қизиқишини яхшилаш, тиббиёт ташкилотлари, айниқса, бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасаларини профессионал мутахассислар билан таъминлаш, тиббий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини мавқеиини ошириш, 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш тизими Концепциясида белгиланган вазифаларни  изчил амалга ошириш мақсадига йўналтирилганлиги билан катта аҳамият касб этади.

Қабул қилинган мазкур қарорнинг аҳамиятли жиҳатларидан яна бири шундаки, у тиббий таълим тизимининг барча жабҳаларини ўз ичига олади. Яъни, ўрта тиббий таълим тизимидан бошлаб тиббиёт олийгоҳларини дипломгача ва дипломдан кейинги таълим тизимига ҳамда уларни касбий ривожлантириш, узлуксиз тиббий таълим тизими билан қамраб олиш масалаларига қаратилганлиги ғоят аҳамиятлидир. Қарорга мувофиқ, нафақат таълим бераётган профессор-ўқитувчи, балки ўша таълим муассасаларида таълим олаётган талабаларга ҳам имтиёзлар яратиб берилади. Талабалар ўқиш давомида чет тилларини мукаммал ўрганишлари ҳамда шу чет тиллар сертификатига эга бўлган ҳолда стипендиялари бир неча марта оширилиши қарорда назарда тутилган. Ҳеч кимга сир эмас, ҳозирги кундаги жаҳондаги санитария-эпидемиологик ҳолат ва юқумли касалликлар тарқалиши қатор ривожланган мамлакатлар тиббиёт тизимидаги оқсоқликларни ҳам яққол кўрсатиб қўйди. Шундан келиб чиқиб эса мамлакатимиздаги эпидемиологик осойишталик ва тиббий профилактика соҳасида малакали мутахассислар тайёрлайдиган алоҳида олий таълим муассасасини ташкил этиш зарурияти юзага келмоқда.

Қарорга мувофиқ жорий йил 1 сентябрдан бошлаб мамлакатимиздаги Нукус, Фарғона, Бухоро, Андижон шаҳарларида илмий даражалар берувчи илмий муассасалар ташкил этилади. Қувонарлиси шундаки, жаҳон стандартлари бўйича шифокорларимизнинг малакасини ошириш учун Республикамизда симилуацион марказлар ташкил этилади ва шу марказлар асосида жаҳон стандартлари бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилади. Шунингдек қарор асосида туман ва шаҳар кўп тармоқли поликлиникаларида валеолог, тиббий психолог, диетолог, фармаколог каби лавозимлар киритилади.

Мухтасар айтганда, мазкур қарор республикада тиббий кадрлар тизимини тубдан ўзгартиради. Шу билан бир қаторда тиббий даволаш тизимида катта ижобий ўзгаришларга эришилади. Халқимиз бошдан ўтказаётган синовли кунларда тиббиёт ходимлари кечаю кундуз беморларга шифо улашмоқдалар. Шундай экан, ҳар биримиз тиббиёт ходимларининг масъулиятли ва шарафли хизмати қадрини чуқурроқ англаяпмиз. Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори ҳам тиббиёт ходимларига нисбатан юксак эътироф ва ишончнинг ёрқин намунасидир.

Фахриддин ОРИФХОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси

мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+