Тил-миллат кўзгуси

16.10.2020 14:10:49

Ўзбекистон “Адолат” Социал демократик партияси Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан ўтказилган навбатдаги мулоқот тадбир ана шундай номланди. Манзил эса Гулистон шаҳридаги  Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасида жойлашган бошланғич партия ташкилоти  бўлди. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган сана олдидан ташкил этилган мазкур учрашувда партия вилоят Кенгаши аъзолари, депутатлар ва фаол ёшлар иштирок этишди.

Тадбирда мустақиллик йилларида ўзбек тили ҳақиқий сиёсат тилига айлангани, давлат тилида сиёсат олиб борилаётгани, давлатимиз билан бошқа давлатлар ўртасидаги ҳар қандай ҳужжат уч тилда – бу давлат тилида, у давлат тилида ва бир халқаро тилда имзоланаётгани, мустақиллик йилларида янги ўзбек дипломатик тили шакллангани эътироф этилди.

Шу ўринда она тилимиз нуфузини мустаҳкамлаш, софлигини сақлашни мақсад қилган бир қатор лойиҳалар Ўзбекистон “Адолат”  СДП Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан ўтказилиши ҳақида ҳам тадбир иштирокчиларига маълумотлар бериб ўтилди. Хусусан, “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг жойлардаги ижросига жиддий эътибор қаратилаётгани, бу борада учраётган айрим муаммолар ечимини топаётгани халқимизнинг бебаҳо маънавий бойлиги бўлган она тилимизнинг ижтимоий ҳаётдаги мавқеини янада юксалтиришга хизмат қилаётгани депутатлар томонидан алоҳида таъкидланди. Жумладан Халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгаши депутати Носир Эгамбердиев ўз маърузасида  бу борада онлайн равишда  мулоқотлар ташкил этилиб, экспертлар, соҳа мутахассислари иштирокида мутасаддилар билан мазкур Қонун талаблари ҳаётийлигини таъминлашга қаратилган муҳокамалар ўтказиб келинаётганини тилга олди.  Партия вакиллари томонидан эса  ана шундай мақсаддаги лойиҳалар ва улардан кўзланган мақсад ҳақида ҳам иштирокчиларга маълумотлар бериб ўтилди ва Халима Худойбердиева номидаги ижод мактаби ўқувчилари томонидан ўзбек тилининг мадхи ифода этилган шеърлар қатнашчиларга ўқиб берилди.

Албатта, буларнинг барчаси “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг ҳаётимизда самарали татбиқ қилинишига қаратилиши билан эътиборлидир. Унинг софлигини сақлаш эса сиёсий партияларнинг асосий вазифаларидан бирига айланмоғи зарур Зеро, она тили — миллатнинг тарихий, маънавий-маданий қиёфасини ўзида ифодаловчи беқиёс бойлик, миллатнинг кўзгусидир. Тадбирдан кўзланган мақсад ҳам шу эди аслида.

Маҳфират Худойбердиева

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+