Тоғли ҳудуд аҳолиси бир ғоя остида бирлашди

15.11.2019 16:11:44

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят ва Деҳқонобод туман Кенгаши ташаббуси билан Қорашина марказий ўйингоҳида “Биз коррупцияга қаршимиз” шиори остида “Адолат” сайли бўлиб ўтди. Тадбирда партия фаоллари ва санъаткорлар, ижодкорлар, кенг аҳоли вакиллари  ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Марказий ўйингоҳ алоҳида дид билан безатилгани, нур тарқатувчи мосламалар ўрнатилиб, овоз кучайтириш мосламалари орқали партия Сайловолди дастуридан ўрин олган халқчил ғоялар сухандонлар томонидан тарғиб қилингани тоғли ҳудуд аҳолисини бир жойга жамлади.

Тадбирда партия ғоялари кенг тарғиб этилди. Шу туфайли ҳам тумонат одам тўпланди. Унда сўзга чиққан партиядошларимиз ва хайрихоҳлар коррупцияни йўқотиш учун ҳаммамиз қўлни-қўлга бериб ҳаракат қилишимиз кераклигини эътироф этдилар. Шунингдек, сайловолди дастурга асосан сиёсий куч аъзолари давлат бошқаруви, назорат қилувчи органлар, ҳуқуқни муҳофаза этувчи тузилмалар фаолиятида қонунчилик меъёрларининг бузилишига ҳамда коррупцияга қарши кескин кураш олиб боражакларини таъкидладилар.

Партия томонидан коррупцияга қарши курашиш учун стратегия ишлаб чиқилиши ва қонунчилик шунга мувофиқлаштирилиши қайд этилди. Ёшларда коррупцияга қарши муросасиз кураш маданиятини шакллантириш, давлат хизматчиларининг фаолиятини тартибга солиш учун “Адолат” СДП томонидан “Давлат хизматчилари тўғрисида”ги қонунни қабул қилинишига эришилиши халқ олдида баралла айтиб ўтилди.

Тадбирда ижодкор ва санъаткорларнинг ҳар бир чиқишлари иштирокчиларга хуш кайфият бахш этди.

Акция кечгача давом этди.

                                                                    Нодир ИСОМОВ,

                                         Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят

                                         Кенгаши туманлараро ижрочи котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+