Тўғри овқатланиш узоқ умр гаровидир

16.11.2020 10:11:11

Аҳолининг соғлом овқатланиши ва жисмоний фаоллигини таъминлашда давлат сиёсатини янада мустаҳкамлаш, юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш, ҳар бир фуқарода соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик маданиятини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10  ноябрда  “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул  қилинди.

Бугунги  пандемия  шароитида   айни  вақтида  қабул  қилинган  қарор  бўлиб, унга  кўра  2021 йил 1 июндан бошлаб, 6-23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни билан, 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар “A” витамини билан, 2-10 ёшдаги болалар гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан бепул таъминланади.  2022 йил 1 июлдан бошлаб, ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар ҳамда 3-15 ёшдаги болалар йод препарати билан, 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёллар темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминланади.  2021 йил 1 апрелдан бошлаб биринчи нав буғдой уни билан бир қаторда олий нав буғдой уни микронутриентлар билан бойитилган тақдирда республика ҳудудида реализация қилишга рухсат этилади.  Ушбу  қарорнинг  қабул  қилиниши  мамалатимизда  инсон  манфаатлари  олий  қадрият  эканлигидан  далолат  беради.

Шу жумладан қарорда, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб,  мактабгача таълим ташкилотларида “Шахсий гигиена ва жисмоний тарбия асослари” машғулотлари ўтказилади, республика умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув дарсларини қайта кўриб чиққан ҳолда 1-4-синфлар учун “Тарбия” ва “Атрофимиздаги олам” фанлари, юқори синфлар учун “Биология” фани таркибида тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича “Саломатлик сабоқлари” мавзулари киритилади, Ҳақиқатдан  ҳам,  шу  кунга  қадар  мактабларда  “ Соғлом  турмуш  тарзи”  дарслари  0,5  соат  қилиб  ўтилар  эди. Бундан  кўриниб  турибдики,  бу  жараёнга  шу  пайтга  қадар  панжа   ортидан  қаралган.  Айни  кунда  ушбу  қарор   билан  соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланиш мезонларига  эришишимиз  мумкин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, жисмоний фаоллик ҳамда овқатланиш меъёр ва қоидаларига амал қилмаслик, таркибида туз, қанд, ёғ миқдори кўп бўлган таом ва ширинликларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш, шунингдек, етарли даражада витамин ва минераллар истеъмол қилмаслик оқибатида ёшларда рационал ўсиш ва ақлий ривожланишда ортда қолиш, катталарда эса юрак қон-томир, эндокрин, хавфли ўсма каби инсоннинг эрта ўлимига олиб келувчи қатор касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлади. Шунингдек, коронавирус пандемияси оқибатларидан олинган сабоқлар касалликнинг оғирлиги ва ўлим ҳолатларининг катта қисми нотўғри турмуш тарзи туфайли келиб чиқадиган йўлдош касалликлар билан чамбарчас боғлиқлигини кўрсатди. Дарҳақиқат,тўғри  овқатланиш  қоидаларига  риоя  қилиш узоқ  умр  кўришнинг  муҳим  гаровидир.

Лобар АБИДОВА,

Халқ депутатлари Косон туман

Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+