Тўла сафарбарлик

29.12.2020 16:12:18

Мамлакатимизда ҳар бир йилга тараққиётнинг муҳим йўналишларини  ифода этадиган ном бериш эзгу анъанага айланган. Долзарб ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ҳал этиш учун тегишли давлат дастурлари  ишлаб чиқилиб, йил давомида амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг Олий Мажлисга навбатдаги  Мурожаатномасида  2021 йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном беришни таклиф қилди.

Давлатимиз раҳбарининг бу ташаббуси заминида буюк мақсадлар ётибти. Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя асосида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширамиз, деган  фикрлари  соҳада туб бурилишдан далолатдир.

Маърузада қайд этилган  қувонарли  жиҳатлардан бири,  бола туғилганидан бошлаб,  30 ёшгача бўлган даврда уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кўмак берадиган яхлит ва узлуксиз тизимнинг  яратилганлигидир.

Дарҳақиқат, ривожланган давлатлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, уларда жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар аввало таълим тизимидан бошланганлигини кўрамиз. Ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш учун сарфланган сармоя жамиятга ўн, юз баробар кўп фойда келтиради.

Мамлакатимиз истиқболи, юртимиз ободлиги, халқимиз фаровонлиги, биринчи навбатда, фарзандларимизнинг қандай инсон, қандай мутахассис бўлиб етишишига боғлиқ. Фақат юксак маънавият ва чуқур, замонавий билимларга эга ёшларни тарбиялаш орқалигина ҳар қандай давлат ўзининг тараққиёт йўлидан изчил бора олади.

Шу муносабат билан ҳудудларда хусусий мактаблар фаолиятини рағбатлантириш учун бюджетдан субсидиялар ажратилиши ёшларнинг иқтидори ва салоҳиятини тўғри  йўналтиришга қаратилган мақсаднинг яққол исботи бўлди.  

Яна бир  қувонарли  жиҳат,  келгусида юртимизда 10 та Президент мактаби, кимё, биология, математика ва ахборот технологияларига ихтисослашган 197 та мактаб ўз фаолиятини  бошлашидир. Шунингдек, тизим ходимларини моддий рағбатлантириш, чекка ҳудудларда фаолият кўрсатадиган ўқитувчи-педагоглар  учун қатор имтиёз ва енгилликлар жорий этилиши, бу борада давлат томонидан катта маблағлар ажратилиши муҳим аҳамиятга эга.

Бугун ҳаётнинг ўзи барчамиздан Президентимиз атрофида янада жипслашиб, уйғоқ виждон, ғайрат ва шижоат билан ишлаш ва  яшашни, талаб қилмоқда. Шундай экан, биз энг аввало, амалий ишлар билан халқнинг ишончини қозониш, сайловчилар ва электорат манфаатларини ҳимоя қилиш учун берилган ваколатимиздан аниқ фойдаланган ҳолда, имкониятларимизни тўла сафарбар этамоғимиз керак.

                                                                                      

 

Бобур МАМИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент  вилояти  Кенгаши  раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+