Томорқа — кони фойда

01.05.2020 19:05:23

Жаҳонда рўй бераётган пандемия туфайли аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи устувор вазифа бўлиб қолмоқда. Бу дунёнинг барча мамлакатларида, жумладан мамлакатимизда ҳам аллақачон кун тартибидаги биринчи масалага айланган. Мамлакатимиз иқтисодиёти, хусусан, қишлоқ хўжалигининг барча жабҳаларида қўлга киритилаётган бугунги залворли ютуқлар босқичма-босқич амалга ошириб келинаётган кенг кўламли ислоҳотлар маҳсулидир. Президентимиз раислигида 29 апрель куни пандемия даврида аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш ва нарх-наво барқарорлигини сақлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришга асосий урғу берилди.

Мазкур йиғилишда берилган топшириқлардан келиб чиқиб Сирдарё вилоятида ҳам қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ишларни тизимли давом эттириш чоралари кўрилмоқда. Шу ўринда статистик маълумотларни келтириб ўтсам. 2020 йил 1 апрель ҳолатига кўра вилоят аҳолиси 849,7 минг кишидан иборат бўлиб, шундан қишлоқ аҳолиси сони 487,1 минг кишини ташкил қилмоқда. Масалан мен сайланган округ ҳудудини ташкил қилувчи Боёвут туманидаги “Навоий”, “Жўлангар”, “Сармич” маҳаллари асосан қишлоқ жойлари ҳисобланади ва аҳолининг даромад манбаи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан иборат. Яъни мингга яқин хонадонларда томорқага мавсумий экинларни экиш ва парваришлаш орқали аҳоли яхшигина даромад олмоқда.

Энг муҳими пандемия шаротида аҳоли бирламчи яъни рўзғор учун зарур бўладиган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан ўзини-ўзи таъминламоқда, иш ўрни билан ҳам банд. Ҳатто кундалик эҳтиёжидан орттириб, ҳудудий бозорни ҳам таъминлаётган оилалар кўпчиликни ташкил қилмоқда. Албатта бундай дастлабки натижаларга осонликча эришилгани йўқ. Шу ўринда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан эълон қилинган “Томорқадан фойда ол ва уйда қол!” акциясини эътироф этиш жоиз бўлади. Мазкур акция Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йилнинг 8 апрель куни бўлиб ўтган видеоселекторидаги маърузасидан келиб чиққан холда ташкил этилди ва унда белгилаб берилган вазифалар ижросига қаратилди. Бунда ҳам яна туман ва шаҳар Кенгашлари раислари билан бир қаторда депутатларимизнинг имкониятларини ишга солдик. Тарғибот тадбирларида асосий эътиборни томорқасига экин экмаган фуқаролар ер солиғини оширилган ставкада тўлашини аҳолига кенг тушунтиришга қаратдик. Депутат ва партия ходими икки кишидан иборат ишчи гуруҳи тузилиб кунлик ахборот тизими йўлга қўйилди. Натижада 600 га яқин тарғибот тадбирлари томорқадан унумли фойдаланишга аҳолини ундаш масаласида ўтказилди. Боёвут туманидаги мазкур тарғибот тадбирларимиз самараси депутатлар назоратига олинди. Мен билан биргаликда ишчи гуруҳи таркибида фаоллик кўрсатган туман Кенгаши депутатлари Фурқат Асланов, Муҳитддин Сайфутддиновларнинг тарғибот тадбирлари амалий натижа кўрсатди. Яъни тумандаги 50 га яқин хонадонлар намунаси сабаб томорқачиликнинг ўзига хос мактаби яратилди. Бу акциямиз давом этмоқда албатта.

Яна бир муҳим жиҳати Президентимизнинг маърузасида Қорақалпоғистон Республикаси, ҳар бир вилоят ва туман раҳбарида жорий йил 1 июндан 2021 йил 1 июнгача аҳоли эҳтиёжини таъминлаш бўйича аниқ ҳисоб-китоб бўлиши кераклиги таъкидланди. Туманларда маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш имкониятлари, оборотдан чиққан ерларни ўзлаштириш, мева-сабзавотчилик ва чорвачиликдаги резервлар аниқ белгилаб берилган. Энди шу бўйича ишни ташкил этиб, етишмайдиган маҳсулотни бошқа туманлардан олиш ёки ортиқчасини сотиш лозимлиги қайд этилди. Мисол учун, Боёвут туманининг экин майдонлари бошқа туманларга нисбатан серҳосиллиги ва оқар сув билан етарлича таъминланганлиги қишлоқ хўжалигида яхши даромад олишнинг калити ҳисобланади. Ўрганишларимиз натижасида 1- “Боёвут”, “Ғаллакор”, “Деҳқонобод” ва Шароф Рашидов сув истеъмолчилари уюшмаларида ғаллачилик, пахтачилик ва мева-сабзавотчиликда ўзининг агротехникасига эга хосилотлар ва фермер хўжаликлари борлиги билан айнан шу йўналишда эҳтиёжи бор Сардоба, Оқолтин ва Ховос туманлари аҳолисини ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш имконига эга эканлиги ойдинлашди. Бу борада туман ҳокими Дилфуза Ўролова билан ўтказган тахлилий ҳисоб-китобларимиз ҳам ўз сўзини айтди. Демак видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифаларни сидқидилдан бажаришда биз маҳаллий Кенгаш депутатлар ҳам нафақат назорат балки иштирокчилик вазифасини ҳам бажаришимиз зарур бўлади. 

 

Дилшунос АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+