Томорқа ўт босиб ётмасин

29.04.2020 21:04:58

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида юртимиз аҳолисининг 4-5 миллионини камбағалликда яшашини эътироф этиш билан бирга уни камайтиришнинг устувор йўналишларини ҳам белгилаб берганди. Бу  вазифаларни бажаришнинг асосий юки МФЙлар зиммасига юкланди ва   фаолияти тизимли шакллантирилиб, хуқуқлари кенгайтирилди. Долзарб вазифаларни бажаришга шароит ва имкониятлар яратиб берилди.

Кўп минг сонли аҳоли ичидан камбағалларни аниқлашнинг аниқ ўлчови йўқ. “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомда ижтимоий адолат, кенг ошкоралик ва очиқликни сўзсиз таъминлаган ҳолда эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш хуқуқи МФЙга берилган. Болали оилаларга нафақа, моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромади миқдори меҳнатга хақ тўлаш миқдорини 52,7  фоизидан (358 007 сўмдан)  ортиқ бўлмаслиги белгиланган. Бу меъёрий ҳужжат аҳолининг маълум бир камбағал қисмини олти ойгача бўлган муддатга қўллаб-қувватлашни назарда тутган.

Президентимиз томонидан белгилаб берилган камбағалликни камайтириш бўйича устувор йўналишларнинг кўлами кенг бўлиб, ўзининг жисмоний камчилиги, уқувсизлиги ёки турли воқеа-ҳодисалар сабабли ҳаёти издан чиқиб кетган фуқаролар, оила аъзоларининг иқтисодий, ижтимоий, хуқуқий манфаатларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Иқтисодчи олимларнинг изланишларига кўра, саводсизлик, ишсизлик, мавжуд иқтисодий имкониятлардан оқилона фойдаланмаслик камбағаликка етакловчи асосий омиллар саналади. Баъзи камбағалларнинг дунёга келиб шу кунгача яшаб келган турмуш тарзини чуқурроқ таҳлил қиладиган бўлсак, ҳақиқатан ҳам бу омиллар кўзга ташланади. Хусусан, ёшлигидан соғлом турмуш тарзига амал қилмаслик, яъни барвақт уйғонмаслик (кўп ухлаш),  аниқ ҳаётий мақсаднинг йўқлиги, вақтни палапартиш, бесамар ўтказиш, мактабга бормаслик, ўқишга, касб-=унар ўрганишга қизиқмаслик, жанжалкашлик, чекиш, спиртли ичимликларга ружу қўйиш, ота-онанинг бола тарбиясига лоқайдлиги ёки улардаги дангасалик касаллиги даво топмаганлиги ойдинлашади.

Бу тоифадаги камбағалларни қўллаб, оёққа тургизиш, маҳалланинг фаол аъзосига айлантириш туман-шаҳар Кенгаши депутатлари, профилактика инспекторлари, маҳалла фаолларидан катта ҳаётий тажриба, чуқур билим ва машаққатли меҳнат талаб қилади. Бунда моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш билан бирга қанчалик қийин бўлмасин, шахсда меҳнат кўникмасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Шундайлар борки, қўлига рўзғорини тиклаб олиши учун 5 миллион сўм берсангиз, уни қисқа вақт ичида еб тугатади, лекин уни мақсадли сарфлаб, кўпайтиролмайди, оёққа туролмайди. Ачинарлиси, бундайлар тайёр даромад манбаи бўлган томорқасидан унумли фойдаланмайдилар. Қаровсиз ҳолатда, ўт босиб ётаверади. Меҳнатга бўйин эггиси келмайди. 5-6 сотих томорқасидан ҳам миллионларни топаётган  ён атрофидаги қўшниларидан ибрат олмайди.

Бундай шахсларни тарбиялаш учун эса унинг ички ва ташқи дунёсини,  қизиқишларини, феъл-атворини ўрганиш ва унга таъсир кўрсата оладиган яқинларининг кўмагидан фойдаланиш, касбга тайёрлаш, ишга жойлаш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга ўргатиш, бемор бўлса даволатиш ва бошқа шу каби уни камбағалликка олиб келган омилларни бартараф этиш лозим бўлади. Соғлом хаёт қоидаларига амал қилиб яшашга кўникма хосил бўлсагина уни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш самара бериши мумкин.

Аҳолини иқтисодий, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш маҳаллаларда камбағалликни камайтириш билан бирга ижтимоий-маънавий муҳитни ҳам барқарорлаштиради. Айнан бугунги вазиятдан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, пандемия даврида ҳар оила соҳиб ва соҳибалари томорқасидан  унумли фойдаланган ҳолда рўзғорига зарур маҳсулотларни экиб, унинг парвариши билан шуғулланиши масқсадга мувофиқдир. Ўрганишлар давомида айрим хонадонларга кириб, бунинг аксини кўрамиз, дилимиз хира бўлади.  Давлатимиз  раҳбари озиқ-овқат танқислигини олдини олиш, оилаларда бу бўйича тақчиллик бўлмаслиги учун куйинмоқдалар.  Ўз-ўзимизни таъминот қилиш,  кичик ер майдонимизни ҳам даромад манбаига айлантириш орқали  биз уларга кўмак берган бўламиз. Бирлашайлик. Шахсий ер майдонларимизни обод қилайлик! 

Н.ИСАҚОВ,

халқ депутатлари

Фарғона туман Кенгаши депутати,

 ҳуқуқшунос

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+