Томорқадан самарали фойдаланиш учун нима қилиш керак?

20.04.2020 22:04:28

Халқимизда “Ерни боқсанг, ер сени боқади” деган нақл бор. Дарҳақиқат, бугун ҳар жабҳада бўлаётган ўзгаришлар, янгиланишлар инсонни изланишга ундаши табиий. Айниқса, карантин даврида ҳар бир фуқаро ўзининг вақтини беҳуда эмас, балки фойдали ишларга сарфласа албатта мақсадга мувофиқ бўлади. Шубҳасиз, хонадонида томорқаси бор фуқаролар учун имкониятлар кўлами кенгайди. Бу борада мамлакатимизда олиб борилаётган амалий ишлар эса ўзининг ижобий натижаларини кўрсатмоқда.

“Дехқон хўжаликлари ва аҳоли томорқа ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекстон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўшма карорига асосан ҳар бир депутат ўз ҳудудида бўлиб, ўрганишлар олиб боришмоқда. Жумладан, Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари ҳам ушбу вазифа юзасидан ўз ҳудудларида бўлиб, белгиланган режа асосида фуқаролар хонадонларини ўрганишди. Мақсад аҳолининг томорқадан унумли фойдаланиши ва бу борада таклиф, тавсияларни ўртоқлашишдан иборатдир. 

Албатта, гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, хонадонидаги томорқасидан унумли фойдаланмай келаётганлар ҳам йўқ эмас. Депутатлар бевосита ўрганишлари давомида шу каби муаммоли вазиятларга ҳам дуч келишди.

Халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгаши депутати Зулфия Ашурова тумандаги “Қалмақон” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаролар хонадонларида олиб борган ўрганиши давомида томорқа билан мавжуд муаммоси бор аҳолига ўзининг таклиф ва тавсияларини билдириб ўтди. Хусусан, аҳоли томорқасини экиш ва ундан самарали фойдаланиш масаласига эътиборсиз бўлган хонадонларни аниқлаб, уларга тушунтириш, огоҳлантириш ишларини ҳамда ер солиғи бўйича таҳлилий маълумотларни етказиш, шундан кейин хам аҳоли томонидан томорқа хўжалиги ерларига экин экилмаса, уни олиб қўйиш масаласи бўйича тўхталиб ўтди.

- Депутат томонидан хонадонимизда мавжуд томорқа бўйича ўрганишлар олиб борилди. Албатта, таклиф ва тавсиялар берилди. Бу бизга ва хонадонимизга, маҳаллага жуда катта имконият, десам муболаға бўлмайди, - дейди қалмақонлик Ҳакима Аҳмедова.

Бугун Ҳакима опанинг ишини намунали десак, арзийди. Ўз томорқасидан унумли фойдаланиб, ҳам оиласига, ҳам маҳалласига жуда катта фойда келтиряпти. Айниқса, карантин даврида вақтини самарали меҳнат билан банд қиляпти.

Депутат бевосита ҳар бир хонадонда бўлгач, айрим аҳоли хонадонлари томонидан томорқасини экиш бўйича оилавий имконияти йўқлар масаласига ҳам эътибор қаратди. Иссиқхоналар ташкил этишга эхтиёжи бор хонадон эгалари учун эса тегишли банк кредитлари ва бошқа ҳомийлар билан иссиқхона қуриб бериш бўйича шартномалар тузиш кераклилиги тўғрисида ўзининг тавсияларини билдириб ўтди.

Олиб борилаётган бу каби ўрганишлар аҳолининг меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилади. Муҳими, амалий ишларидан натижа олади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот хизмати  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+