Томорқалар даромадга тахт бўлиши лозим

08.05.2020 11:05:57

Ҳозир айни экин-тикин мавсуми. Шу боис фурсатни қўлдан бой бермай, кафтдек ердан самарали фойдаланиш лозим. Бу эса аҳоли бандлиги ҳамда турмуш фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, ўзбек халқи азалдан ерга муҳаббат қўйиб, томорқадан унумли фойдаланиб келган.

Президентимизнинг 29 апрелдаги видеоселектор йиғилишидаги маърузаси ва белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида аҳолининг томорқадан самарали фойдаланиш ҳолатини ўрганиш учун Термиз шаҳридаги “Тупроққўрғон” маҳалласидаги хонадонларда бўлиб, томорқадан унумли фойдаланаётганликлари бўйича назорат олиб боришни мақсад қилдим.

Дастлаб маҳалла хонадонларида бўлиб, фуқароларга шаҳарда пандемия даврида Президентимиз томонидан қабул қилинган фармон ва қарорларнинг ҳамда видеоселектор йиғилишларида белгилаб берилган муҳим вазифаларнинг ижроси билан таништирдим.

Мулоқотлар давомида вақтинча ишламаётган ва ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаб, уларни манзилли асосда озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлаш лозимлигини аниқлаб, рўйхатга олдим. Халқимиз орасида томорқасидан юқори ҳосил олаётган омилкорлар тажрибасини оммалаштириш, томорқаларда бозорбоп экинлар экилишини ташкил этиш ва ердан йилига 2-3 маротаба ҳосил олиш зарурлигини тушунтирдим.

Шунингдек, ташрифим давомида маҳалла хонадонларининг 2 сотих майдонида қурилган замонавий иссиқхонада етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва томорқа экинларини ҳам кўздан кечирдим.

Маҳаллада сабзавот экмаган хонадонлар жуда кўпчиликни ташкил қилади. Маҳалла аҳли бодринг, помидор, булғор қалампири, кўкат етиштиришда қўшни маҳалладошларга  намуна бўлиб келмоқда. Айниқса, “Тупроққўрғон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Р.Ҳайдаров, М.Мамажонов, З.Қуллиева, М.Исмаилов, Ш.Маматқуловлар томорқа ҳадисини олганлардан. 

Мазкур хонадонларга кириб, бу ерда етиштирилаётган маҳсулотларни кўздан кечирдим. Президентимиз раислигида ўтказилган йиғилишларда белгиланган вазифалар ҳамда давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари ҳақида маълумотлар бериб ўтдим.

Учрашувлар давомида маҳаллада фойдаланилмаётган томорқаларни ҳам кўздан кечирдим. Бундай ерларга ишлов берилиб, керакли минерал ўғит, уруғ, кўчатлар келтиришда ва экин экишда кўмаклашишга бажонидил ҳисса қўшишга тайёр эканлигимни таъкидладим. Ушбу фуқароларга томорқачилик сир-асрорлари ҳақида айтиб, томорқа қўшимча даромад манбаи эканини тушунтирдим. Умид қиламанки, мазкур синовли кунларда барча қийинчиликларни баҳамжиҳат, биргаликда енгамиз!

Малика АМАНОВА,

Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+