Тўрақўрғонда ғалвир сувдан кўтарилди

07.10.2019 21:10:22

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловларга тобора оз муддат қолмоқда. “Адолат” СДП Наманган вилояти тузилмаларида ҳам бу кампанияга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Куни кеча партия Тўрақўрғон туман ташкилотининг навбатдаги VIII конференцияси бўлиб ўтди. Анжуманда кейинги беш йил мобайнида туман “Адолат”чилари амалга оширган ишлар сарҳисоб қилинди, истиқболдаги янги вазифалар белгиланди. Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган анжуманда эришилган ютуқлар билан бирга бой берилган имкониятлар, йўл қўйилган хатолар ҳақида ҳам фикр юритилди.

Ҳисобот маърузаси билан чиққан туман партия кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Заҳрохон Аҳмедова бугунги кунда 39 та БПТ таркибида 2328 нафар аъзо борлигини қайд этди. Кейинги пайтда уларнинг жамоатчилик ишларидаги фаоллиги анча ошди. Сўнгги олти ой мобайнидагина 24 та маҳалла фуқаролар йиғинида ўрганишлар ўтказилиб, ўнлаб муаммоли масалалар аниқланди. Аҳоли мурожаатлари асосида қатор депутатлик сўровлари тайёрланиб, тегишли ташкилотларнинг мутасадди раҳбарларига юборилди ва уларнинг аксарияти ижобий ҳал қилинишига эришилди.

Конференцияда халқ депутатлари туман кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари Муқаддас Ахматованинг ҳисоботи ҳам эшитилди. У партиямиздан ўтган сайловда саккиз киши депутат этиб сайланган бўлса-да, уларнинг ҳаммаси ўз вазифасини тўлақонли бажарди, деб бўлмаслигини айтди. Айримлар сессияларда қатнашишни ҳам ўзларига эп кўрмаганликларини қандай баҳолаш мумкин? Халқ депутатлари туман кенгаши сессиялари ёки доимий комиссиялар йиғилишлари муҳокамасига киритилган масалалар саноқли. Сессияларда қабул қилинган қарорларнинг ижросини назорат қилиш ҳам ўлда-жўлда қолиб кетди. Шунинг учун туман кенгаши бу галги сайловларда қатнашадиган номзодларни ҳар томонлама пухта ўрганиб, энг муносибларни танлаб олиши муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланди.

Конференцияда сўзга чиққан туман адлия бўлими етакчи мутахассиси Фароғатхон Раззоқова, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши раисининг ўринбосари Марғубахон Муҳиддинова ва бошқалар ҳам кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирдилар. Конференцияда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилди. Делегатлар “Адолат” СДП туман кенгашининг янги таркибини сайлади. Унинг дастлабки Пленумида  З. Аҳмедова партия туман кенгашининг раиси этиб сайланди.

Конференцияда “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси Исроил Жўраев қатнашди ва туман партия ташкилоти олдида турган муҳим вазифалар ҳақида нутқ сўзлади.

 Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ,    

партия фаоли

 

Улашинг!