Тошбулоқдаги митингда ягона тергов қўмитаси тузишни талаб қилишди

21.11.2019 12:11:15

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловлар куни яқинлашган сари “Адолат” СДП Наманган вилоят ташкилотлари тарғибот-ташвиқот ишларини тобора кучайтирмоқдалар. Уларда партия фаоллари қатори аҳоли турли табақаларининг вакиллари ҳам иштирок этмоқдалар. Бу эса ҳеч шубҳасиз, “Адолат” СДП сайловолди дастури, ғоя ва мақсадларини кўпчиликка етказишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Наманган тумани маркази – Тошбулоқ шаҳарчасида бўлиб ўтди. Унинг қатнашчилари дастлаб марказий кўчалар бўйлаб юриш қилдилар. Бунда ҳам ёшлар билан биргаликда фахрийлар, аёллар иштирок этдилар. Шундан сўнг митинг бошланди. Уни қисқача кириш сўзи билан туман партия кенгашининг раиси Ёрқиной Ҳожиматова очди. Сўзга чиққан “Адолат” СДП вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Абдужаббор Нишонов, 4-умумтаълим мактаби директори Гулчеҳра Тажибаева ва бошқалар партиямизнинг сайловолди дастурида қўйилган асосий масалалар ҳақида фикр юритдилар.

Хусусан, жамият ҳаётидаги бошқа долзарб масалалар қатори жамоат тартиби ва осойишталикни таъминлаш, коррупция ва умуман, жиноятчиликка қарши кураш масалалари тилга олинди. Айниқса, “Ягона тергов қўмитаси тузиш тарафдоримиз!” шиори янграганда, уни кўпчилик олқишлар билан кутиб олгани диққатга сазовордир. Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоялаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ҳам партиямиз олға сураётган ғоялардан эканлиги таъкидланди.

Мамасоли Раҳматов, Наманган туманида яшовчи меҳнат фахрийси:

– Касбим педагог, яқинда пенсияга чиқдим. Лекин ижтимоий-сиёсий ҳаётда юз бераётган воқеаларни диққат билан кузатиб бораман. Бу сафарги сайлов кампанияси юксак демократик тамойиллар асосида ўтаётганидан хурсандман. Айниқса, “Адолат” социал-демократик партияси жойларда ўз ғоялари ва дастурларини кенг жамоатчиликка етказиш, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган қатор тадбирлар ўтказаётгани жамоатчиликнинг эътиборини тортмоқда. Бугунги тадбир ҳам барчада катта таассурот қолдирди.

                                                                           Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+