Тошкент вилояти жамоаси белбоғли кураш беллашувларида биринчи бўлишди

27.01.2021 18:01:36

Ўзбекистон “Адолат” СДП Чирчиқ  шаҳар Кенгаши раиси,  Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутати, Осиё Белбоғли кураш федерацияси  (IBWA Asian belt wrestling)  Марказий Осиё бўйича вице президенти  Равшан Дастиров, Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши  депутати, Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Маҳмуджон Болтабоевлар бошчилигида Андижон шаҳрида “Универсиада” спорт мусобақаларининг белбоғли кураш спорт тури буйича Республика финал босқичи мусобақаси бўлиб ўтди.

Универсиада спорт ўйинлари дастуридан жой олган спортнинг белбоғли кураш тури бўйича жорий йилнинг 21-22 январь кунлари Андижон давлат тиббиёт институти спорт залида бўлиб ўтган республика финал босқичида ҳам энг кучли ва иқтидорли спортчилар сараланди.

Мазкур мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан 91 нафар йигитлардан иборат спортчи-талабалар 55, 60, 66, 73, 81, 90, +90 кг. вазн тоифасида белбоғли курашнинг классик йўналишида ғолиблик учун беллашишди. Юқори савияда ташкил этилган мусобақанинг биринчи кунида барча вазн тоифалари бўйича  ярим финалгача бўлган беллашувлар ўтказилди.  Иккинчи кунги баҳсларда эса ҳар бир вазн тоифасида ғолиб ва совриндор спортчилар номи аниқланди. Таъкидлаш жоиз, ушбу мусобақада Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Яккакураш спорт турлари факультети таркибидаги миллий спорт турлари, ўйинлари назарияси ва услубияти кафедраси талабаларидан иборат  Тошкент вилояти жамоаси машғулотларга зўр берган шекилли, барча вазн тоифаларида медалларга эга чиқишди.

Умумжамоа ҳисобида Тошкент вилояти жамоаси 5 та олтин, 1 тадан кумуш ва бронза билан биринчи, 1 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медали билан Фарғона иккинчи, 1 та олтин, 1 та кумуш, 3 та бронза медаллари билан Наманган вилояти жамоаси учинчи ўринни банд этишди.

“Универсиада – 2021” спорт ўйинлари дастуридан жой олган белбоғли кураш бўйича ушбу финал босқичи якунига етгач, ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида Ўзбекистон “Адолат” СДП Чирчиқ  шаҳар Кенгаши раиси,  Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутати, Осиё Белбоғли кураш федерацияси  (IBWA Asian belt wrestling)  Марказий Осиё бўйича вице президенти  Равшан Дастиров, Ўзбекистон талаблар спорти ассоциацияси  раиси ўринбосари Эркин Қодиров иштирок этиб ғолиб спортчиларни табриклаб, танлаган соҳалари йўлида ўқиб изланишларини, ҳамиша спортга ошно бўлишларини ва бу йўлда фақат муваффақият қозониб, мамлакатимиз ривожи учун ватанпарвар бўлишни таъкидлаб ўтишди.  

 

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+