Уч келиннинг адолатли қайнонаси

25.09.2020 14:09:21

 

Фарғона шаҳрининг “Ипак йўли” маҳалласида истиқомат қилиб келаётган Матлубахон Тожалиев 61 ёшда.  Онахон турмуш ўртоғи Шавкат ака билан уч ўғилни тарбиялаб, вояга етказдилар. Уларни  ўқитиб, уйли-жойли қилдилар.  Эндликда уч келин, 10 невара онахоннинг нафақадаги умрини безаб, унга қувонч улашмоқда.

Маҳаллада ҳеч ким онахонни  уч келлиннинг қайнонаси деб билмайди, балки  уч қизнинг онаси,  дилдош, меҳрибон, сирдоши дея таъриф беришади. Матлуба опа  36 йил  Фарғона вилояти ҳокимлигининг бош нашри “Фарғона ҳақиқати” газетасида меҳнат қилди. Шунда ҳам ҳар сафар набиралари бувижонисини ишдан келишини кутиб, кўчада пойлаб туришар, келини эса турли ширин таомлар пишириш билан овора бўларди. Узоқдан  келаётган  қадам товушлари эшитилса, хонадон ҳайқириқларга тўлиб кетарди.

 Маҳалла аёллари ҳам опага ҳавас қилишади,  уларнинг сабру қаноати, адолатлилигидан намуна олишга ҳаракат қилишади.

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Адолатли қайнона” лойиҳаси доирасида онахон хонадонига кириб борар эканмиз, набиралари қуршовидаги бахтиёр аёлни кўриб, бизнинг ҳам ҳавасимиз келди. Улар билан оила тинчлиги,  фарзандлар бахту иқболида аёл кишининг ўрни қанчалик муҳимлиги ҳақида суҳбатлашдик.  

-Ўғилларимнинг рўзғорини бўлак қилган бўлсам-да, бирор зарур маслаҳат ёки кўмак керак бўлса, биринчи мурожаат қиладиган жойи ота уйидир,  – дейди онахон. – Шунинг учун  уларни доим моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламан. Баъзан биз катталар ҳам хатога йўл қўямиз.  Ўз ўрнида адолатли ва қарор қабул қилишда кучли бўла олсаккина  фарзандларимиз учун  фойдали ва ўрнак бўлишга арзирли иш қила оламиз.  Келинларим Шаҳнозахон, Наргизахон ҳамда Дилоромхон – уч олам.  Лекин уларнинг ҳам фарзанд олдидаги мажбуриятлари меникидан кам эмас.  Уларни доимо тушунишга ҳаракат қиламан.

“Ипак йўли” маҳалласининг оқила ва адолатли қайноналаридан бири бўлган Матлуба опани лойиҳамиз қаҳрамони бўлгани билан чин дилдан  табрикладик. Уларга эсдалик совғалари ва партиямизнинг аъзолик билети топширилди.

Камола ПОЛВОНОВА,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши  матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+