Учинчи Ренессанс арафасидаги баркамол авлод

10.09.2020 16:09:10

 

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида ватандошларимизни улуғ байрамимиз билан табриклаб, “Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади” деб таъкидлади.

Хақиқатдан ҳам, Ўзбекистон – ҳар жиҳатдан бой мамлакат. Унинг табиий бойликларидан-да қадрлироқ хазинаси – бой маънавий мероси, зиёли халқи ва интеллектуал салоҳиятли ёшлари бор.

Бу бойликни асраб-авайлаш ва янада ривожлантириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида кўплаб иқтисодий-ижтимоий муаммолар мавжудлигига, жаҳонда кезаётган коронавирус пандемиясига қарамай, таълим тизимини ислоҳ қилишга биринчи галдаги вазифа сифатида эътибор қаратилгани бежиз эмас. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, халқимизнинг эртанги куни қандай бўлиши фарзандларимизнинг бугун қандай таълим ва тарбия олишига боғлиқ.

Бугун юртимиз шаҳару қишлоқларида қад ростлаётган ишлаб чиқариш корхоналари, замонавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар кўркига кўрк қўшиб, муҳташам таълим масканлари ҳам бунёд этилаётир. Улардаги замонавий компютер синфлари, зарур ўқув-методик адабиётлар, турли хил лаборатория ускуналари, спорт заллари фарзандларимизнинг маънан ҳамда жисмонан баркамол бўлиб улғайишига хизмат қилмоқда.

Дарҳақиқат, бугун мамлакатимиздаги таълим масканлари ҳар қандай кишининг ҳавасини тортадиган замонавий қиёфа касб этган. Уларда ҳар томонлама баркамол, интеллектуал салоҳияти юксак фарзандларимиз дунёда ҳеч кимдан кам бўлмай таълим-тарбия олмоқда.

Ёшлар масаласига ўз даврида Шарқнинг буюк мутафаккирлари - қомусий олимлар, ҳадис илми алломалари, шоирлар, ёзувчилар, тарихчилар, халқ қаҳрамонлари, давлат арбоблари томонидан ҳам катта эътибор берилган. Ал-Хоразмий, қомусий олим Ал-Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ғарбда Авиценна номи билан танилган Ибн Сино, давлат арбоби ва буюк астроном Мирзо Улуғбек сингари ўнлаб мутафаккирлар, Имом Бухорий, Ҳаким ат-Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Алишер Навоий сингари аждодларимиз номи эса нафақат ислом олами, балки жаҳон цивилизацияси тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилган. Шу сабабли ҳам давлат раҳбари мустақиллигимизнинг 29 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида илм-фанга бўлган юксак эътибор ва таълимга тўхталиб, “Вақт ўтиб, болаларимиз ҳам Улуғбек, Ибн Сино, Беруний бўлади, мен бунга албатта ишонаман” дея таъкидлади.

Партиямизнинг сайловолди дастурида ҳам ёшларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, уларнинг тафаккурида мустақиллик, миллий ўзини англаш, Ватанга муҳаббат ва унинг тақдирига тегишлилик ҳисси, фидокорлик каби туйғуларни уйғотиш ва ёшларни турли мафкуравий таҳдидлардан чегаралаш каби ғояларни устувор вазифамиз сифатида белгилаб олганмиз.

Партиянинг Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан “Учинчи ренессанс босқичи: таълим мамлакат келажагининг пойдевори” мавзусида ташкил этилган онлайн конференцияда ҳам маърузачилар томонидан билдирилган фикр ҳамда мулоҳазалар ушбу соҳада олиб бораётган фаолиятимизда яна бир туртки бўлди.

 

Ориф ШУКУРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+