Уй қураётган фуқарога қурилиш хом-ашёлари етказилди

06.08.2020 13:08:43

Бугунги синовли кунларда партия фаоллари, депутатлар томонидан кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш ва уларга саховат кўрсатиш ишлари давом этмоқда.

Хусусан, Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят ва туманлар Кенгаши депутатлари ва фаоллари хайрли ишларга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб, халқнинг ҳурмат ва эҳтиромига сазовор бўлишяпти.

Жумладан, “Адолат” СДП Сариосиё туман Кенгаши фаоли Б.Шералиев томонидан “Дўстлик” маҳалласида яшовчи кам таъминланган якка-ёлғиз, боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бор шахслар ҳолидан хабар олиниб, марказ хjдимлари билан бирга фуқароларга 10 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Халқ депутатлари Бандихон туман Кенгаши депутати Содиқ Каримбердиев томонидан ҳам тумандаги “Обод юрт” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар ҳолидан хабар олинди, яшаш шарт-шароитлари ўрганилди. Фуқароларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилиб, карантин қоидаларига риоя қилиш тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилди.

Шунингдек, саховатпеша депутатларимиздан Халқ депутатлари Термиз туман Кенгаши депутати Бўри Хонов туман Мудофаа бўлими билан ҳамкорликда тумандаги Иккинчи жаҳон урушида фронт ортида меҳнат қилган фуқаролардан ҳам хабар олиб, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берди.

Халқ депутатлари Термиз туман Кенгаши депутати Гулчехра Турдиеванинг хайрли ишлари эътирофга лойиқ. Депутат тумандаги "Қуёшли юрт" МФЙда бўлиб эҳтиёжманд оилалар хонадонига ташриф буюрди. Аҳоли турмуш тарзи билан танишди. Томорқалардан унумли фойдаланиш юзасидан тушунтириш берди. Маҳаллада истиқомат қилувчи, ёлғиз она, ижтимоий ҳимояга муҳтож  фуқаро Наргиза Примова билан яқиндан суҳбатлашди. Фуқаро Н.Примова депутатимизга янги уй қураётганлигини, айни пайтда том қисмини ёпишда қийинчилик бўлаётганлигини, қурилиш материаллари зарурлигини билдириб ёрдам сўради. Депутат мавжуд муаммони ўрганиб, маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда тадбиркор жалб этилди ва уйнинг том қисмини ёпиш учун қурилиш хом-ашёлари етказилди.

Шуҳрат Хаитов, Халқ депутатлари Термиз туман Кенгаши депутати:

- Халқ манфаатлари устунлигини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш каби эзгу ишларга бош қўшиш турли соҳаларда меҳнат қилаётган раҳбар ходим, депутат, қолаверса, ўзини шу юрт фарзандиман деб билган ҳар бир фуқаронинг инсонийлик бурчидир. Коронавирус пандемияси даврида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш борасида саховатпеша депутатларимиз томонидан амалга оширилаётган бу каби ибратли ишлар партиянинг нуфузини ортишига хизмат қилади. 

Партияг депутатларининг  хайрли ишлари вилоятнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+