Уйда қолиш коронавирус юқишини камайтиради

02.04.2020 18:04:23

Ўрта асрларда Европада қора ўлат эпидемияси 25-30 миллион кишининг ўлимига сабаб бўлган. Бу кўрсатгич Европа аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этган.

Айни пайтда, БМТ Бош котиби А.Гутерриш жаҳон жамоатчилигини коронавирусга қарши курашишга даъват этар экан, “Пандемия бизнинг инсоният оиласи барча аъзолари ўртасида мустаҳкам ва узилмас ришталар мавжуд эканини кўрсатди” деб таъкидлади. Шу маънода, COVID-19 вируси янада кенг тарқалишининг олдини олиш инсониятнинг умумий ва якдил вазифаси экани алоҳида қайд этилди.

ЖССТ Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус 2020 йил 16 мартда COVID-19 вируси бўйича ўтказилган матбуот анжуманида ҳозирги даврда инсониятни янада жипслашишга чақирди ва айни вақтда кечаётган вазият

Коронавируслар – вируслар оиласига мансуб “атипик зотилжам” (SARS) касаллигини чақирувчисига ўхшаб кетувчи вирус бўлиб, беморларда оддий шамоллашдан то ўткир оғир респиратор синдром (TOPC) деб номланувчи оғир кечувчи касалликни келтириб чиқаради. Бошқача айтганда, юқори нафас йўлларининг бирламчи шикастланиши билан кечадиган ўткир вирусли касалликдир.

Ушбу вирус хасталанган одамлардан ҳаво-томчи ҳамда маиший мулоқот йўли билан юқади. Коронавируснинг бирламчи аломатлари орасида нафақат иситма ва йўтал, балки хитойлик шифокорлар овқат ҳазм қилишнинг бузилиши  ҳам бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.

ЖССТ маълумотига кўра, вирус нафақат ҳаво (3 соатгача) орқали, балки озиқ-овқат маҳсулотлари, уй-рўзғор буюмлари, хусусан ҳар қандай металл (2-8 соат), пластик (5 кун), ойна (4 кун), ёғоч (4 кун), мато (6-12 соат) ва қоғоз (4-5 кун) буюмларда ҳам сақланиши ва тарқалиши мумкин.

COVID-19 вируси осонликча юқади ва шунингдек ҳеч қандай клиник белгилар бўлмаган одамлар томонидан юқиши мумкин. Бу борада Германия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Роберт Коч институти олимлари эса патогеннинг дастлаб ўйлагандан анча юқумли эканлигини таъкидлашмоқда.

COVID-19 вирусининг инкубация даври ҳақида сўз юритганда ЖССТ 2 кундан 10 кунгача, Хитой соғлиқни сақлаш миллий комиссияси 10 кундан 14 кунгача бўлишини қайд этган, айрим ҳолатларда 24, 27 кунгача бўлиши мумкин (хусусан, Хитойнинг Хубай провинцияси расмийлари 22 февралда инкубация даври 27 кун бўлган ҳолат ҳақида хабар тарқатишган).

Грипп вируслари ва коронавирус инфекциялари ўртасида қандай ўхшашликлар ва фарқли жиҳатлар мавжуд?

Биринчидан, ҳар иккаласи одамларда турли даражадаги нафас олиш касалликларини келтириб чиқаради.

COVID-19 ва грипп касалликнинг клиник кўринишлари бир-бирига ўхшашдир: инфекциялар асимптоматик, енгил ёки оғир бўлиши мумкин, шунингдек ўлим хавфи ҳам мавжуд.

Иккинчидан, иккала касаллик ҳам пневмонияга олиб келиши мумкин.

Учинчидан, иккала касалликни ҳам келтириб чиқарадиган вируслар алоқа, ҳаво томчилари ва моддий ашёлар орқали юқади.

Аммо, гриппнинг инкубация даври қисқа (тахминан 3 кун) бўлади ва шу сабабли у тезроқ тарқалади. Бундан ташқари, COVID-19 дан фарқли ўлароқ, грипп вирусларининг тарқалиши аломатлар бошлангунга қадар содир бўлади.

Бундан ташқари, грипп ҳолатларида юқтириш асосан болаларга тўғри келса, COVID-19 эса асосан Хитойда оилалар орасидаги касалликлар таҳлили болаларга нисбатан катталарга оғирроқ таъсир қилиши аниқланган.

Вирусга одамларнинг табиий сезувчанлиги юқори, барча ёш гуруҳлари патогенга сезгир. Энг оғир ҳолат 50 ёшдан ошган ва сурункали касалликларга эга одамларда кузатилади.

Жумладан, Роберт Кох институти мутахассисларининг фикрича, кекса одамлар, чекувчилар, юрак-томир, саратон касалликларига чалинган шахслар, астма ёки сурункали бронхити мавжудлар, жигарнинг сурункали касалликлари бўлган беморлар, қандли диабет билан оғриганлар ҳамда иммунитети заифлашган беморларда COVID-19 вирусининг ривожланиши хавфи доимий равишда ошиб боради.

Демак, кексалар, сурункали касалликларга чалинган юртдошларимиз доимий равишда уйда қолишлари, бошқалар билан алоқа ва мулоқот қилишдан сақланишлари, агар мавжуд касалликлар безовта қилиш, нафас етишмаслиги, йўталиш ёки иситма қилиш ҳолатлари вужудга келган тақдирда дарҳол шифокорларга ёки тез тиббий ёрдамга мурожаат қилишлари лозим.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, COVID-19 вируси болаларда ёши катталарга қараганда сезиларли даражада кам учраган ва хитойлик шифокорлар буни болалар организмидаги юқори регенерация билан боғлашган.

ЖССТ ва Хитой расмий манбаларига кўра, ҳомиладор аёлларда жиддий касаллик ривожланиш хавфи юқори эмас ва ҳозирги кунда қадар COVID-19 вирусининг туғилмаган болага ўтиши ҳақида ҳеч қандай маълумотлар мавжуд эмас, аммо янги туғилган чақалоққа инфекциянинг яқин алоқа ва томчи орқали юқтириш мумкинлигини эсдан чиқармаслик муҳимдир.

Бу борада Хитойнинг соғлиқни сақлаш миллий комиссияси коронавирусга чалинган ҳомиладор аёлларни тикланишдан кейин кузатиб бориш, шунингдек, болани туғилгандан кейин касал онадан камида 14 кун давомида изоляция қилиш бўйича тавсиялар берди.

Хитойнинг Ухан шаҳридаги 99 та коронавирус касаллигига чалинган беморларни клиник кузатувларнинг таҳлилларига асосан, COVID-19 вируси симптомларининг 83 фоизи иситма қилишда, 82 фоизи йўтал, 31 фоизи нафас қисиши билан ажралиб туради.

11 фоизи эса миалгия (мушаклар оғриши) ёки чарчоқлар, 9 фоизи тартибсизликлар, 8 фоизи бош оғриғи, 5 фоизи томоқ оғриғи кабиларда намоён бўлса, гастроентерит белгилар, шу жумладан, диарея, кўнгил айниши ва қайт қилишлар кам учрайди.

Барчамизга маълум, коронавирусга чалинганларни махсус даволаш усули ёки COVID-19 вирусига қарши вакцина мавжуд эмас.

Хитойлик шифокорларнинг таъкидлашича, аксарият ҳолларда симптоматик ва иммунитетни мустаҳкамловчи воситалар беморларга ёрдам берган.

Энг таъсирли ва муҳим чора – бу профилактикадир. Яъни, зарарланганларни аниқлаш ва улар билан мулоқотда бўлганларнинг барчасини ўз вақтида изоляция қилиш ҳисобланади.

Демак, агар инсон ўзида иситма ва йўтал (қуруқ, асабий йўтал), томоқ оғриғи, нафас қисилиши, мушак оғриғи бўлса, зулдик билан тез тиббий ёрдам чақиринг.  

Изоляция қанча давом этади?

Агар 48 соат давомида ҳеч қандай салбий, оғир аломатлар бўлмаса ва биринчи аломатлардан кейин камида 10 кун ўтган бўлса, изоляциядан чиқиш мумкин.

Агар инсон ўзини ёмон ҳис қилса, тузалгунига қадар (ҳатто касалликнинг енгил аломатлари, масалан бош оғриғи ёки бурундан оқиш бўлса ҳам) уйда қолиши лозим.

Нима учун бу керак?

Бошқалар билан алоқа қилмаслик ва тиббий муассасаларга ташриф буюрмаслик лозим, шундагина ўзини ва бошқаларни COVID-19 ёки бошқа вирусли инфекциялардан ҳимоя қилишга ёрдам берган бўлади.

Агар инсонда иситма, йўталиш ёки нафас олиш қийин бўлса, бу ҳолда тиббий ёрдамни кечиктирмаслик зарур. Чунки, бу аломатлар нафас олиш йўллари инфекцияси ёки бошқа жиддий касаллик туфайли юзага келиши мумкин.

Беморнинг ўз шифокорига ёки тез тиббий ёрдамга мурожаат қилиш ва нафақат ҳолатни тушунтириш, балки у билан яқин алоқада бўлган ёки мулоқот қилганларни маълум қилиш ҳам COVID-19 ёхуд бошқа вирусли инфекцияларни тарқалишининг олдини олишга ёрдам беради.

Албатта, агар хонадонда бир киши касал бўлса, уларни бошқа оила аъзоларидан ажратиш керак. Бунда, бир-биридан етарлича масофани сақлаш муҳимдир, идиш-товоқ, чойшаб ва бошқа уй-рўзғор буюмларини алоҳидалаш зарур.

Айни пайтда, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти хом ва қовурилган гўшт ёки ҳайвон органларини ейишдан сақланиш, тирик ҳайвонлар ва уларга тегиши мумкин бўлган юза қисмларга тегмасликка ҳаракат қилишни тавсия қилмоқда.

Шунингдек, инсон имконият даражасида ўз уйида бўлиши, кекса ёки сурункали касаллик мавжуд бўлган одамларни ҳимоя қилиш учун улар билан шахсий учрашувларни чеклаши, умумий овқатланиш жойларида жамоадан узоқроқ туриши, жамоат транспортидан фойдаланмаслик тавсия этилади.

 

Собир ТУРСУНОВ, 

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар

Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+