Уйғонинг, жаноб мудир!

22.02.2021 09:02:08

 Ижтимоий тармоқларда тарқалган Шаҳрихон тумани, Дориламон маҳалласида жойлашган 56-умумтаълим мактабидаги ачинарли ҳолат кишини ўйлантиради. Юртбошимиз томонидан таълим тизимига катта эътибор қаратилаётган, ислоҳотларнинг бош негизида ёшларни ўқиб-изланишлари ҳамда келажак учун муносиб ворислар бўлиб улғайишлари турган бир пайтда бунга ишонгинг келмайди. Ё Шаҳрихонда ҳаёт бошқачами?

Турли фикрлар, турлича қарашлар - кимдир бу нотўғри маълумот, яна кимдир бўлиши мумкин эмас, деган фикрда. Ўша “бўрттирилган воқеа”га ойдинлик киритиш мақсадида партия фаоллари мазкур мактабда бўлдик.

 Танқид сабаб  ҳашар ташкил этилган чамаси, деворлар бузилиб, атроф тозаланяпти. Йўлакларга шағал ётқизилмоқда. Ҳар ҳолда лойгарчиликда юриш имкони яратиляпти. Ўқувчилар шунга ҳам хурсанд. Бироқ мана шу оддий ишлар  қачонки жар солингач амалга оширилаётганига нима дейсиз?

Таълим муассасаси раҳбарлари бизни хушламай  қарши олдилар. Истар-истамас 1976 йилда қурилган ва 2007 йилда капитал таъмирланган бинога бошлашди. Қаровсизлик, йўлакларнинг таъмирталаблигини кўриб ачинасан киши. Бу бир қадар тартибга келтирилган ҳолат эмиш. 240 ўринли мактабда айни вақтда 556 ўқувчи таълим олаётгани муаммонинг асосий илдизи.

8 та ўқув хонадан иборат бинода на спорт зали, на кутубхона ва на ошхона мавжуд. Спорт майдончаси, дея кўрсатилган жойда болаларни спорт билан шуғулланишларига ишониш қийин. Барча тадбирлар ҳар бир синфнинг ўзида тор доирада ўтказилади. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас-да. Хоналар етишмаслигидан айрим синфларда 3 сменада дарслар йўлга қўйилган.  

 -Бу холат ота-оналарни ҳам кўп йиллардан буён қийнаб келмоқда, -дейди мактаб директори Носиржон Маърипов, -Туман ҳокимига бир неча бор мурожаат қилинсада натижа йўқ. Бунинг жазосини ўқувчилар тортишяпти. Ахир болаларимизнинг ўтаётган бугунги кунлари, йўқотилаётган вақтлари қайтиб келмайди-ку.

         Директорнинг изланувчанлиги, ўз касбига бўлган меҳри кўриниб турибди. Қийинчиликларга қарамай жамоа ҳамжиҳат, астойдил ишлаяпти. Раҳбар сифатида болаларга етарли шароит қилолмагани, мурожаат қилган жойларидан ижобий жавоб ололмаганидан хижолатда. Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи А.Миркомилов 2022 йилда дастур асосида янги мактаб қурилиши режалаштирилаётганини айтганидан хурсанд. Бу ҳали режа. 

Биргина қувонарли маълумот: 2019-2020 ўқув йилида мазкур мактабни тамомлаган 40 нафар йигит-қизнинг 13 нафари ҳозирда олий таълим муассасаси талабаси. Бўладиган бола учун жойнинг аҳамияти муҳим эмаслигига яна бир бор гувоҳ бўлдик. Сабр косаси тўлган ота-оналарни “омон-омон замонда болаларимиз нега замонавий, ўқув жиҳозларга эга ёруғ ва кенг хоналарда ўқишмайди? Бошқа болалардан кам жойи йўқ фарзандларимизнинг, улар ҳам Ўзбекистон фарзандлари-ку”, деган эътирозлари ўринли.

-Мактабимизда шароит йўқлигидан дарсдан сўнг пулли клубларга бориб спорт билан шуғулланамиз, -дейди 10-синф ўқувчиси Шерзод Беркинбоев.- Очиғи, бошқа мактаблардаги тенгдошларимизга ҳавасимиз келади. Жисмоний тарбия дарсларини асосан хонада ўтяпмиз. Спорт майдонига чиқиш учун ёғингарчиликсиз кунларни кутишга мажбурмиз.

Кун мавзусидаги бино томон юрдик. 1995 йилда хашар йўли билан қурилган 4 та синф хонадан иборат бу «мактаб биноси»дан қандай фойдаланилмоқда экан? Шов-шувларга сабаб бўлганича бор.  Таъмирталаб доска ва парталар “йиғлаяпти”, стуллар болаларни “йиқитмай” ушлаб турганига қойил...

Шу жойда туман халқ таълими бўлими мудири Рустамжон Матбобоевга юзландик. Унинг ҳолатни кўра-била туриб димоғдорлиги ҳар қандай одамнинг энсасини қотиради. Гўё ҳаммаси кўнгилдагидек.

- Бундан ҳам оғир аҳволдаги мактаблар бор,-дея гап бошлади у. -Ҳаракат қиляпмиз. Шу йилнинг ўзида 2 та янги мактаб қурилади, 5 таси капитал таъмирланади. Навбати билан бўлади...    

Қизиқ. Янада оғир ҳолатдаги  мактаблар бўлса. Бироқ соҳа раҳбари бундан сира безовта эмас. Ахир фарзандларимиз бу ҳолда қандай қилиб етарли билим олади? Эҳ, қачон уйғонасиз, жаноб мудир? 

 

 

Малохатхон МУСАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят

кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+