Умид Сулаймонов: Жарималар миқдори ўзгармаган

23.07.2019 10:07:30

Шу кунларда турли ижтимоий тармоқларда ва айрим оммавий ахборот воситаларида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори жорий йилнинг 1 августидан бошлаб бир неча баробарга оширилаётганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди. Шуни алоҳида қайд этишни истардимки Интернет тармоғида кенг тарқалаётган “оширилаётган” жарималар миқдори ҳақиқатга тўғри келмайди. Улар шунчаки ФЕЙК, яъни ёлғон хабар. Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ белгиланади. Ушбу Кодекснинг йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни белгиловчи моддаларига сўнги маротаба Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 24 майдаги ЎРҚ-542-сонли Қонуни билан ўзгартиришлар киритилган бўлиб, улар бугунги кунда амалда қўлланилиб келинмоқда. 2019 йил 1 августдан бу борадаги жарималар ўзгариши белгиланмаган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексда белгиланган жарималар энг кам иш ҳаққига боғлаб қўйилган. Энг кам иш ҳаққи ошган сари жарималар ҳам ошиб бориши табиий. Хусусан, 1 августдан бошлаб, энг кам иш ҳаққи 10 % оширилган. Демак, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар ҳам шу санадан бошлаб 10% ошади холос. Яъни, мисол учун, хавфсизлик камарини тақмаганлик (125-модда биринчи қисм) учун жарима жазоси бугунги кунда 101 365 сўмни ташкил қилса, 1 августдан бошлаб 111 500 сўмни ташкил қилади. Интернет тармоғида эса ушбу жарима миқдори 223 000 сўмгача ташкил қилади, деб нотўғри маъулумот тарқатилган. Шунингдек, бир йил давомида такроран транспорт воситасини бошқариш вақтида телефондан фойдаланганлик (1281-модда иккинчи қисм) учун жарима жазоси бугунги кунда 810 920 сўмни ташкил қилса, 1 августдан бошлаб 892 000 сўмни ташкил қилади. Интернет тармоғида эса ушбу жарима миқдори ҳам 1 115 000 сўмни ташкил қилади, деб ёлғон маълумот тарқатилган.

Бундан келиб чиқиб, аҳолимизни Интернетда тарқатилаётган турли ёлғон ахборотларга ишонмасликка чақирамиз.

Умид СУЛАЙМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+