Ушбу қийин вазиятда ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим

27.03.2020 11:03:42

Коронавирус пандемияси даврида ҳеч ким четда бўла олмайди. Чунки вирус учун ҳеч қандай чегара ва ёш чекловлари йўқ. Инсонларнинг келиб чиқиши, фаолият тури ва даромадидан қатъи назар, бирдек тарқайди. Ушбу қийин вазиятда коронавирус тарқалишини олдини олишга ўз ҳиссамизни қўшиш ҳар биримиз учун умумий мақсад бўлиши лозим.

Бунда томошабин сифатида четда турмай, аҳоли хабардорлигини оширишда фаол иштирок этадиган, муҳтожларга ёрдам берадиган фуқаролик жамияти институтлари, ташаббускор гуруҳлар, бефарқ бўлмаган инсонлар муҳим роль ўйнайдилар. Мисол учун, Қозоғистондаги бир гуруҳ кўнгиллилар аҳолига коронавирусдан самарали ҳимояланиш ҳақида маълумотлар бермоқда, озиқ-овқат ва дори-дармонлар етказиб беришда иштирок этмоқдалар.

Жумладан, саратон касаллигининг олдини олиш жамғармаси асосчиси Илья Фоминцев “Шунчаки COVID-19 ҳақида сўраш” волонтёрлик лойиҳаси бошланганини эълон қилди. Лойиҳа орқали онлайн маслаҳат тизимидан вирус ҳақида барча долзарб маълумотларни олиш ва яратилган чат-бор орақли кўп сўралаётган саволларга жавоб топиш мумкин. Мазкур лойиҳа ёрдамида мамлакат соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юк бирмунча камайтирилмоқда. Германияда ННТ вакиллари қўни-қўшниларга ёрдам берувчи www.coronaport.net каби сайтлар яратишмоқда. Унда фойдаланувчиларга икки хил вазият таклиф этилади: ёрдам сўраш ёки ёрдам кўрсатиш. Сайт орқали Берлин шаҳрининг ўзида мингдан ортиқ фуқаролар ўз ёрдамларини таклиф этдилар. Одамлар дўконга бориб келиш, итларни сайр қилдириб бериш, гуманитар товарларни етказиш, болаларга қараб туриш ва бошқа шу каби ўзларининг беғараз ёрдамларини таклиф қилмоқдалар.

Ўзбекистонда ҳам барчамиз учун синовли бўлган ушбу даврда ташаббускор ва фаол фуқаролар кўплаб топилмоқда. Албатта, вазиятга бефарқ бўлмаган ҳолда юртдошларимизга маънавий ва моддий ёрдам тақдим этаётган, муҳтожларга ёрдам қўлини узатаётган, вақти ва ҳаракатларини аямаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари, турли даражадаги депутатлар, саховатпеша инсонларнинг саъй- ҳаракатлари таҳсинга сазовордир.

Шу билан биргаликда, мамлакатимизда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари, ташаббускор гуруҳларни, волонтёр ва фаолларни коронавирусга қарши курашиш ва уни оқибатларини юмшатиш йўлида ҳукуматга кўмаклашишга чорлаган ҳолда, қуйидагилар таклиф этилади:

– кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга озиқ-овқат, бирламчи зарур товарлар, дори-дармонларни сотиб олишда ва етказиб беришда кўмаклашиш;

– Интернет тармоғида ҳақиқатга тўғри келмайдиган, аҳоли орасида ваҳима уйғотувчи фейк хабарлар ва маълумотлар тарқатилиши устидан мониторинг ўтказиш ва бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот органларига хабар бериш;

– тиббий ниқобларни тақиб юриш, “ижтимоий масофа сақлаш”, карантин режими, шахсий гигиена ва мутахассисларнинг бошқа маслаҳатларига тўлиқ амал қилиш бўйича жамоатчилик хабардорлигини ошириш ва жамоатчилик назоратини олиб бориш;

– аҳоли пунктларининг санитария-экологик ҳолати, сув таъминоти манбалари, ижтимоий ва маданий объектлар устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

– жалб қилинган тиббиёт ходимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ёрдамга муҳтожларга кўмаклашиш учун волонтёрларни жалб қилиш ва кўнгиллилар гуруҳлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

– такси хизматлари, бирламчи зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар ва тиббий буюмлар нархлари устидан жамоатчилик мониторинг тадбирларини ўтказиш, нархлар асоссиз оширилиши ва спекуляция ҳолатлари тўғрисида тегишли органларга хабар бериш;

– Интернет тармоғи орқали қон донорларини жалб қилиш бўйича аҳоли ўртасида ташвиқот олиб бориш.

Фақатгина биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида коронавирус синовларидан шараф билан ўтишимиз мумкин!

Акмал БУРХОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+