Узоқни кўзлаган Мурожаатнома

27.01.2020 13:01:59

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлиснинг Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги Мурожаатномасида ўтган йил давомида қилинган ишлар сарҳисоби билан бир қаторда кейинги йилда қилиниши ва халқимиз фаровонлиги ҳамда манфаати учун зарур бўлган аниқ мақсадли вазифалар хусусида тўхталиб ўтди.

Мурожаатноманинг мен учун аҳамиятли жиҳати алоҳида бўлди, чунки мен илк маротаба депутат этиб сайландим. Президент дастлаб 2019 йилнинг 22 декабрида мамлакатимизда бўлиб ўтган сайловлар ҳақида тўхталиб ўтар экан, аввало, ушбу сайловларнинг самарали ўтганлигини эътироф этди. Нутқи давомида айниқса, депутатлар учун қилинган алоҳида мурожаат ҳар бир депутатга масъулият ва эътиборни оширди. Аҳоли томонидан кўтарилган долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича аниқ дастур ва йўл харитасини ишлаб чиқиш ҳамда уларни мутасадди идоралар билан ҳамкорликда тўлиқ амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Акс ҳолда депутатларга ишонч билдирган сайловчилар олдидаги обрўси бўлмаслиги қайд этилди. Бугун мамлакат раҳбари таъкидлаганидек, халқнинг тафаккури ҳам, дунёқараши, талаб ҳамда эҳтиёжлари ҳам бутунлай ўзгарган. Буни биз сайловолди учрашувларимиз ва сиёсий партиялар ўртасидаги дебатларда аҳоли томонидан берилаётган саволлар, кўтарилаётган аниқ масалаларда кўриб, халқимизнинг зийраклиги ва сиёсий жараёнларга бўлган муносабати тобора ортганлигида ҳам кўрдик.

Бу йилги Мурожаатноманинг ўтган йиллардагиларидан асосий фарқи – янги парламент ва янги ҳукуматга йўлланди ва мазмунан, нафақат 2020 йилни, балки келгуси 5 йилликни қамраб олганидадир.

Мурожаатномани тинглаб, кутганимиздан зиёдроқ нарсаларни олдик.  Чунки унда бир қатор тарихий ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан, олий таълимга қабул квоталарини доимий равишда ошириб бориш, кириш имтихонларини соддалаштириш, давлат грантини икки бараварга кўпайтириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, тадбиркорлар учун бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, дориларнинг электрон реестрини яратиш, ўқитувчи ва шифокор мақомини янада мустаҳкамлаш ва уларнинг ойлик иш ҳақларини ошириш, коррупцияга қарши курашиш, ички ишлар органларини халқона тизимга айлантириш каби таклиф-ташаббуслар барча-барча юртдошларимизни юрагигача етиб борди, десак муболаға бўлмайди.

Жорий йилга Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб ном берилгани ҳам мамлакатимизнинг келгуси 10 йилликдаги асосий йўналишини белгилаб беради. Зеро, илм-фанни ривожлантирмасдан туриб, ёрқин келажакни тасаввур этиб бўлмаслиги айни ҳақиқатдир. Эртанги кунимиз буюк ва фаровон бўлишини истар эканмиз, иқтисодиёимиз ва барча соҳалар рақамлаштирилиши лозим.

Президентимиз ўз Мурожаатномасида кўплаб соҳалар коррупция иллатидан чиқа олмаяпти, демак бу иллатга қарши курашиш мамлакатимизнинг навбатдаги ислоҳотлар даврининг энг асосий йўналишларидан бирига айланмоқда, дея таъкидлади. Бежизга Президентимиз “Бу иллатни йўқотмасдан туриб олдимизга қўйган бирорта вазифани бажара олмаймиз”, демади. Эндиликда мазкур “оёғимиздаги кишан”га қарши сўзда эмас, амалда жиддий кураш бошланмоқда. Бу курашга масъул қилиб аввалгидек, турли идоралар ёки жамоатчилик асосидаги комиссиялар эмас, алоҳида, кучли орган белгиланди. Парламент олдига ҳам соҳага оид қонунчилик базасини такомиллаштириш вазифаси қўйилди.

Қилинаётган ишлар, олиб борилаётган ислоҳотлар орқали биз буюк келажакка тобора яқинлашмоқдамиз. Халқимиз ва ўзимиз ҳам бунга ич-ичимиздан сезмоқдамиз, эртамиз фаровон бўлишига ишонмоқдамиз. Бизнинг бунда энг асосий вазифамиз белгиланган вазифаларнинг тўлиқ ижросини таъминлаш орқали ана ўша ишончни оқлашдан иборатдир. Коррупция илдизини қуритиш учун Давлат раҳбари айтганидек, ҳаммамиз биргаликда баҳамжиҳат ҳаракат қилмоғимиз шарт. 

Мурожаатномада кўрсатиб берилган вазифалар беками-кўст бажарилиши ва унинг ижросини назорат қилиш бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз ва биз - жойлардаги маҳаллий кенгаш депутатларидан алоҳида масъулият талаб этилади.

Дониёр ЮСУПОВ,

Халқ депутатлари Тошкент вилояти

 Қибрай тумани кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+