Ва ниҳоят шифокорларнинг ҳимоячиси топилди

08.10.2019 21:10:03

2018 йил 3 август куни Фарғона вилояти Олтиариқ туманида фуқаро Н.Мирзажалилов тез тиббий ёрдам шифокори Ш.Сирожиддиновга ҳужум қилиб, унга ўртача оғир даражадаги тан жароҳати етказган.

2017-2018 йиллар давомида тиббиёт ходимларига нисбатан қилинган 400 дан ортиқ ана шундай тажовузлар қайд қилинган. Улардан фақат 40 тагина ҳолатда тиббиёт ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этишган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, амалдаги қонунчиликда фақат соғлиққа зарар етказган шахсни жавобгарликка тортиш бўйича умумий нормалар белгиланган.

Бироқ тиббиёт ходимларига нисбатан ҳужум қилганлик учун жавобгарликни белгиловчи, шунингдек ўз вазифасини бажараётган тиббиёт ходимларини беморлар ва уларнинг яқин қариндошларининг ҳужумидан ҳимоя қилувчи махсус нормалар мавжуд эмас.

2019 йил 8 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида ушбу масала муҳокамалар марказида бўлди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси депутатлари Шуҳрат Якубов ва Қодир Жўраев томонидан ишлаб чиқилган “Тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ касбий фаолиятини амалга ошираётган тиббиёт ходимларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳасида ўз хизмат вазифасини олиб бораётган тиббиёт ходимларига тажовуз қилган шахсларга нисбатан амалдаги қонун ҳужжатларига маъмурий ва жиноий жавобгарликни кучайтиришга қаратилган нормалар киритилмоқда. Чунки “Адолат” социал-демократик партияси электорати ҳисобланган тиббиёт ходимларининг касбий мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилиш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказишга уриниш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

Депутатлар томонидан таъкидланганидек, Ички ишлар, Мажбурий ижро бюроси ёки бошқа давлат ҳокимияти органлари ходимларига тажовуз қилганлик учун оғирроқ жазо чоралари қўлланилмоқда. Халқимиз саломатлиги йўлида ўз хизмат вазифаларини бажараётган тиббиёт ходимларига тажовуз учун эса, нисбатан енгилроқ жазо чоралари қўлланилмоқда.

“Адолат” СДП соғлиқни сақлаш ходимларининг касбий фаолият олиб боришлари учун етарли шароитлар яратиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш орқали сифатли тиббий хизмат кўрсатилишига эришиш тарафдоридир. Бундан ташқари депутатлар бу каби ташаббуслар сонини кўпайтириш ҳамда рақобатдош партиялар сингари қуруқ ваъдалар ёки осмонўпар таклифлар беришга боғланиб қолмасдан реал иш ва амалий натижалар учун ҳаракат қилиши лозимлиги қайд этилди.

Йиғилиш якунида электоратимиз аъзолари – шифокорлар ҳимоясига қаратилган қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан биринчи ўқишда қўллаб-қувватланди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+